Германиядаги Дискриминацияга қарши курашиш ассоциацияси Брандеилиг ташаббус гуруҳи томонидан "2018 йилги масжид ҳужумлари" ҳисоботи чоп этилган. Мазкур ҳисоботнинг тадқиқотчиларидан бири Юсуф Сари "Биз ҳукуматдан анти-дискриминацияга, умуман, мусулмон ирқчилигига қарши самаралироқ ҳаракат қилишларини кутамиз”, деди.
Социолог ва сиёсатшунос Сарининг таъкидлашича, 2014 йил бошидан 2021 йилнинг июнига қадар Германияда масжидларга 768 марта ҳужум қилингани қайд этилган. У ҳисобот ҳужумга учраган масжидларнинг масъуллари билан маслаҳатлашган ҳолда тайёрланганини билдирди.
“Бизнинг фикримизча, масжид аҳллари олдин ҳам кўп марта ҳужумга учраган бўлсалар-да, буни ошкор қилишни исташмаган. Қолаверса, жиноятчиларнинг ярми ўта ўнгчилардан бўлиб, аксарият ҳолларда улар қўлга олинмаган. Бу жиноятчилар ҳали ҳам мусулмонларга қарши кайфиятини яширмай келади. Бу яққол хавф дегани. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, жамоалар кўпинча ҳужумдан сўнг ёлғиз қоладилар ва ҳукуматдан ҳеч қандай маънавий ва моддий ёрдам олмайдилар", дейди мутахассис.
Сари ҳисоботда тилга олинган муаммоларга ечим бўйича таклифлар берган ва ҳокимиятдан кутганларини изоҳлаган. Унга кўра, ҳокимият аввало мусулмонлар учун мавжуд хавфни қабул қилиши, мусулмонларга нисбатан содир этилаётган ирқчиликка қарши етарлича курашиши лозим. Мусулмон жамоалари билан бирдамлик кучайтириб, ҳужумга учраган масжид жамоаларига молиявий ёрдам кўрсатилиши керак. Энг асосийси жиноятчиларни қўлга олиб, қилмишларига яраша жазо бериш шарт. Акс ҳолда, бундай ҳаракатсизлик жиноятчилар учун рағбатдир.
“Албатта, биз ҳозирги рақамлар ва ҳужумларни ҳам ёзиб олдик. Мусулмонлар ва масжидларга қарши ҳужумлар ортиб бораётганини кўряпмиз. Бизнинг ҳисоботимиз жабрланганлар билан суҳбатларга асосланган. Биз 2018 йилда ҳужумга учраган жамоаларни текширдик. Сўровномамизни ўтказдик ва 2020 йилда таҳлил. Шунингдек, расмийлар томонидан олиб борилган текширув натижаларини кутишимиз керак. "Биз ортда қолдик ва афсуски, уларнинг аксарияти натижа бермади. Биз кейинги ҳисоботларда бошқа жабрланган жамоатлар билан ҳам гаплашамиз” дейди Сари.
Ҳисоботда 2018 йилда 120 та масжид ҳужуми қайд этилгани таъкидланди.
Масжид ҳужумларидан кейин ҳужумчиларни ушлашнинг имкони бўлмаганини ёки қўлга олинган бир неча гумондорнинг кичик жазолар билан қутулиб қолганини тилга олган Сари:
"Гумонланувчиларнинг жуда камлиги ташвишланарлидир. Баъзи ҳолларда биз жиноятлар акс этган тасвирлар ва ҳатто айбни тан олиш хатлари ҳақида биламиз. Шунга қарамай, жуда кам жиноятчилар қўлга олинганидан ҳам ҳайратдамиз. Агар биз ўнг экстремизмга қарши курашиб, олдини олишни истасак, келажакда одамларга жиддий зарар етмаслик учун нимадир қилишимиз керак, айниқса бу масалада. Масжидларга қилинган ҳужумлар асло эътибордан четда қолмаслиги керак. Ҳисоботимиз билан биз мусулмонларга қарши ирқчилик муаммосига кичик бир ҳисса қўшдик, деб ўйлаймиз. Умид қиламизки, масжид жамоалари билан бирдамлик кучаяди ва Германияда мусулмонларга қарши ҳужумлар камаяди", дейди.
Ҳисоботда нима бор?
Парламентдан ташқари ўта ўнг ва исломга қарши гуруҳларнинг хавотирига сабаб сифатида тилга олинган ҳисоботда "Германияда 2014 йилнинг январидан 2021 йилнинг июнига қадар масжидларга 768 марта ҳужум уюштирилгани қайд этилган. Бироқ хабар қилинмаган ҳолатлар сони бундан анча юқори экани ҳам айтилади.
Ҳисоботда масжидларга ҳужумлар сони ортиб бораётган бўлса-да, бу ҳолатга жамоатчилик эътибори етарлича қаратилмаётгани қайд этилган.
Масжидларга қилинган ҳужумлар нафақат ижтимоий ҳаётга, балки конституцияда кафолатланган эътиқод эркинлигига ҳам таҳдид солмоқда. Бу ҳужумлар бу мамлакат фуқароларининг жамият сифатида тинч-тотув яшашини хавф остига қўйишдир. Масжид ҳужумларидан ташқари, рўмол ўраган мусулмонлар ҳам ёки ташқи кўринишига кўра мусулмон экани тушуниладиган одамлар нишонга олинади.
“Ҳужумларнинг жуда кам ёритилиши ҳам жамоатчиликнинг қизиқиши йўқлигидан далолат беради. Миллий миқёсдаги биринчи ҳисобот ташаббуси сифатида биз бутун жамиятни ушбу масалаларга нисбатан хабардор қилишни мақсад қилганмиз", дейди тадқиқотчи.
Манбалар асосида Azon.uz мухбири Аҳмад Али тайёрлади