Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Эслатма олувчи борми?!

1278

Истиъозанинг тафсири

Истиъоза (“аъуузу” калимаси) – паноҳ, ёрдам, ҳимоя сўраш каби маъноларни ифодалайди. Истилоҳда “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим”, “Астаъийзу биллаҳ” каби Аллоҳдан паноҳ сўраш маъносидаги калималарни талаффуз қилиш “истиъоза” дейилади. 

Аллоҳ таоло “Мўминун” сурасида:

“Эй Роббим, Сендан шайтонларнинг васвасасидан паноҳ сўрайман деб айт”, дея марҳамат қилади (“Мўминун”, 97). Шу ва шу каби баъзи оятлар орқали Аллоҳ таоло биз бандаларига шайтонлардан қандай паноҳ сўраш мумкинлигини ўргатган. 

Бошқа бир оятда эса: 

“Қачонки Қуръон ўқисангиз қувғин этилган шайтондан Аллоҳ паноҳ беришини сўранг”, дейилади (Наҳл, 98). 

Демак Аллоҳ таоло ҳар бир мўмин кишидан Қуръон қироатига киришишдан олдин қувилган шайтоннинг ёмонлигидан ўзидан паноҳ сўрашни талаб қилган. Зеро, ҳар бир махлуқ ўзининг Холиқига юзланар экан, ўзи заиф бўлишига қарамай қувватлига, ўзи қодир бўлмасада ғолибга айланади. 

“Шайтон” калимасига тўхталадиган бўлсак, араблар бу калимани инсонлар, жинлар ва бошқа махлуқотлардан иборат йўлдан оздирувчи, исён қилувчиларга нисбатан ишлатишади. Демак, шайтон, деганда фақат жинларни тушунмаслик керак. “Шайтон” калимасининг яна “узоқлашган” деган маъноси ҳам бор. Имом Қуртубийнинг айтишларича, шайтон Аллоҳ таолодан узоқлашгани сабабли шу номни олган. Бу томондан олиб қаралганда ҳам Ҳақ таолодан узоқлашган ҳар бир махлуқни “шайтон” деб аташ мумкин. 

Шайтонлар нафақат жинлар, балки инсонлар ҳам бўлиши мумкинлигига Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини далил қилиш мумкин. Аллоҳ таоло Анъом сураси 112-оятда айтадики: 

“Ана шундай қилиб, ҳар бир набийга инсу-жин шайтонларни душман қилиб қўйдик”. 

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар алайҳиссалом: “Эй Абу Зарр, Инс ва жиндарнинг шайтонларидан Аллоҳ ила паноҳ сўра”, дедилар. 

“Рожийм” сўзи келиб чиқишига кўра бу калима “рожама” – “тош отмоқ”, “тош билан урмоқ” феълидан олинган. Бу калиманинг яна “лаънатланган”, “қувилган”, “ҳайдалган” каби маънолари ҳам бор. 

Демак, “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим”, деганда “Қувилган, лаънатланган шайтон динимга зарар бериши, тўғри йўлимдан адаштириб қўйишадан, васваса қилишидан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраб, Унга сиғинаман”, каби маъноларни англашимиз мумкин. 

Иблис кишига доим заиф томонидан ҳужум қилади. Агар киши бир жиҳатдан қувватли бўлса, бошқа бир жиҳатдан унга таъсир ўтказишга уринади. Масалан, бир одам намоз борасида жуда ҳам мустаҳкам, асло намозларини қолдирмайдиган, намозга ниҳоятда жиддий эътибор берадиган бўлса, иблис унга мол-дунё томонидан ҳужум қилади. Уни фақирликдан қўрқитиб, закот беришдан тўсиб қўяди. Агар намоз, закот, рўза каби ибодатларда мустаҳкам бўлса, уни васваса қилиб, маст қилувчи ичимликларга нисбатан қизиқиш уйғотади ва ҳоказо. Хуллас инсон заиф қилиб яратилган. Шундай экан, иблис ана шу заиф томондан кишига ҳужум қилаверади. Инсоннинг кучи шайтонга етиши қийин. Шунинг учун ҳам Аллоҳдан шайтон ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Шунда Аллоҳ бизнинг заиф томонимизни қувватлантиради. Ожиз нуқтамизни ҳимоясига олади. Қуръон ўқишга киришганимизда ҳам “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим” деб бошласак, шайтон бизга ҳужум қила олмайди, хаёлимизни турли ташвишлар билан чалғита олмайди. Қуръони Карим ўқиганда ёки тинглаганда ҳамма ҳам бир хилда таъсирланмайди. Бир хил Қуръон оятлари тиловат қилинса ҳам тинглаётган барча кишилар бир хил эмас, иймонларининг қувватига қараб ундан фойда оладилар. Афсуски умуман фойда олмайдиганлар ҳам бўлади. Қуръони Карим бутун инсониятга раҳмат, мўъжиза ўлароқ нозил қилинган. Аммо унинг таъсири ва фойдаси тингловчига, унинг ҳолатига боғлиқ. 

Шу боис Аллоҳ таоло бизга Қуръон оятларидан тўлиқ фойда олишимиз, у бизга етарлича фойда қилиши учун шайтонни ўзимиздан узоқлаштиришимизни хоҳлайди. 

Шу ўринда бир мисол келтирамиз. Манзилингиз сари қадам босар экансиз, ногаҳон йўлингиздан ит чиқиб, сизга қараб хура бошласа, итга тенг келиб, у билан урушиш тўғри бўладими, ёки ҳолатни кузатиб турган итнинг эгасини чақириб, “Итингни йўлимдан ол”, дейиш тўғрироқми? Албатта итнинг эгасини чақириш осонроқ.

Ҳудди шу каби одамзод учун шайтон билан тўғридан тўғри курашиш мушкул. Чунки шайтон бизни кўради, биз уни кўролмаймиз. Ҳақ томон юрар эканмиз, йўлимиздан турли кўринишдаги шайтонлар чиқади, улар билан тўғридан тўғри курашмоққа гоҳида ожизлиқ қиламиз. Шу сабабдан шайтонга кучи етадиган, Унга қаҳр қила оладиган зотга, оламларнинг Роббиси бўлган Аллоҳга ёлбориб, Ундан паноҳ сўраш энг тўғри йўл ҳисобланади. Аллоҳ бизни шайтондан, унинг васвасаларидан ҳимоя қилишга қодир. 

Манбалар асосида Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Исмоил тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7423 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага