Шунчаки ёзилган шеърлар, беҳаё саҳналарни ўзига жамлаган, китобхонни енгил-елпи ҳаётга чорлаган асарлар оз эмас, бироқ болаларнинг, ҳали оқ-қорани билмаган гўдакларнинг адабиётига келганда хато қилишга ҳаққимиз бормикан? Албатта йўқ!
Бироқ биз йўқ деганимиз билан, бот-бот болалар адабиётидаги камчиликларни айтганимиз билан муаммолар ҳал бўлиб қолмаяпти. Фарзандларимизга китобларни ўқиб берар эканмиз, уларнинг саволли нигоҳларига ёки тушуниб-тушунмай эртаклардаги сўзларни айтиб юришига қараб, яна бу муаммо долзарб эканлигини англашимиз қийин эмас. Китоб нашриётларининг кўплиги ва унда ранг-баранг китобларнинг бўлгани яхши. Бироқ, шунчаки китобларни нашр этишдан ва сотувга чиқаришдан нима фойда? Ўзбек халқ эртаклари деб бошқа халқларнинг эртакларини қўшсак, хориж эртак китобларида мантиқсиз ва ҳаёсиз, ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган жиҳатларни ёзсак, болалар эртаклардан нимани ўрганади?
Бугун биз куйиниб айтаётган мавзу шунчаки масала эмас. Аввало ижтимоий тармоқларда “FUTURE-BOOKS” нашриётига тегишли "Ўзбек халқ эртаклари" деб номланган “Олтин олма” китобидаги бир эртакда “дўстликнинг ҳурмати катта бўлиб уйлансам, биринчи кунни хотиним сенинг уйингда ўтказади” деб ёзилган ёзув муҳокамаларга сабаб бўлди. Бироқ, китобни топиб кўрганимда бу каби матн йўқлигини, сотувчилар китоб бир неча марта янгиланганини, бу эртак аввалгисида бўлган бўлиши мумкинлигини айтишди. Афсуски, мана шу матн бор китоб аллақачон болаларнинг қўлига етиб борган. Мана масъулиятсизлик ва лоқайдлик. Болаларимизни ахлоқини гўзал қилиш, неча йиллар давомида сингиб қолган, менталитетимизга тўғри келмайдиган ғарб қарашларини йўқотиш ҳаракатида бўлсак-у, айрим кимсалар китоблар орқали салбий таъсир ўтказишга уринса.
“Адабиёт учқунлари” нашриётининг “Одил ҳоким” номли эртак китобидаги “Ўн икки ой” эртагида ўгай она шундай дейди: “Гўзал қизни нега уйимда сақлаяпман ўзи? Йигитчалар уйимга киришганда Марушкага ошиқ бўлиб, Оленани писанд қилмасликлари мумкин”. Бу матн "Рус халқ эртаклари" китобидан эмас, "Ўзбек халқ эртаклари"дан олинди. Бироқ бизда Марушка ёки Олена исмлар қўйилмайди-ку. Энг ачинарлиси матн мазмуни.
Мазкур китобдаги “Олтин қиз” эртагида “Юриб-юриб бир тепаликка келгач, нонни пастга думалатиб юборибди ва қизига –Бор нонга етиб ол дебди”. Агар бу эртакни фарзандларимизга ўқиб берсак азалий қадриятимиз бўлган “нонни исроф қилмаслик”, “нонни ушоғи ҳам нон” эканлигига путур етмайдими? Буни таҳрир қилаётган, балки таржима қилганлар китобни ким мутолаа қилишини бир ўйлаб кўришса яхши бўлар эди. Акс ҳолда фарзандини тақдирига бефарқ бўлмаган ота-оналар бу каби китобларни харид қилмаслиги ва натижада савдо жавонларида китоблар чанг босиб, қоғоз увол бўлиши ҳеч гап эмас.
“Қуён ва маймун” эртагида қуён ва маймун онаси билан дарахтда яшаши, улар ўз онасига овқат олиб келиши айтилади. Бу яхши-ку деб қизиқиб ўқиб турган вақтингизда, маймун бир куни онасини озиб кетганини кўриб қуённинг онасини ўлдиришга қарор қилади ва “қуённинг онасини ўлдирибди ва ўликни ерга ташлаб юборибди”. Ҳа, биз болаларимизга ўз манфаати йўлида ҳар қандай ишдан қайтмасликни ўргатяпмизми? Буни ўқиган бола кўпроқ онага меҳрибон бўлишни ўрганадими ёки ...?! Эртак охирида эса шундан буён маймун дарахтда, қуёнлар эса ерда яшайди дейилади. Мана сизга "жиноят учун жазо". Бугун вояга етмаган болаларнинг билиб-билмай қилган жиноятларининг сабаблари турлича. Лекин, аксарияти қилган ишларининг жиноят эканлигини билмаслиги, киноларда ва ёки китоблардаги каби йўл тутаётгани бор гап.
Ота-оналар китоб ўқимай қўйди. Аммо ҳамма китобни ҳам ўқийвериш мумкин дея олмаймиз, зеро болалар хамма китобдан ҳам ўзига керакли билим ёки тарбияни олмайди. Айниқса, ақли энди шаклланаётган болаларимизга китоб ўқиб беришимиз, уларнинг саволларига жавоб топишимиз лозим. “Китобингни ўқидингми?” деб савол берамиз, агар бола ўқиб бўлса яна бошқа китоб олиб беришимиз мумкин. Китобни муҳокама қилиб фарзанднинг онгини ўстириш мумкин. Энг муҳими эса бу орқали бола ота-онага янада яқин бўлиши аниқ.
Шу ўринда эртакларни нашр этаётганлар, таржима қилаётган ва ёзаётганлардан масъулиятли бўлишларини сўраган бўлардик. Китобнинг муқовасига эмас, мазмунига эътиборли бўлишсин. Бола китобдан тарбия олиш билан бир қаторда савод ҳам чиқаради. Афсуски, бир нечта эртак китобларда сўзлар қўшилиб ёзилган, бўғинга ажратишда ва имлода хато бор. Болаларимиз севиб ўқийдиган, ота-оналар ишонч билан олиб берадиган китобларга, миллий болалар адабиётига муҳтожмиз. Бўлмаса болаларимизни гаджетлардан ажрата олмаймиз.
Камола Адашбоева