Эрон Ислом Республикасининг биринчи президенти бўлган Абулҳасан Банисадр бугун 88 ёшида Париждаги Сальпетриер касалхонасида вафот этди.
1979 йилда Эронда Муҳаммад Ризо Паҳлавий бошчилигидаги монархия ағдарилиши натижасида Эрон Ислом Республикаси тузилган эди. Ҳукумат тепасига Руҳуллоҳ Ҳомайни бошчилигидаги шиа руҳонийлари элитаси келди ва у мамлакатнинг олий раҳбарига айланди.
Банисадр Ҳомайнининг ҳамкасби бўлган ва инқилобий органларда кўплаб юқори лавозимларни эгаллаган: Ислом инқилоби кенгашининг аъзоси бўлди, кейин Ҳомайнининг ўринбосари этиб тайинланди, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, айни пайтда ташқи ишлар вазирлигини бошқарди. Шунингдек, у Эроннинг биринчи конституциясини ишлаб чиқишда қатнашган.
Банисадр 1980 йил 25 январда 76,5 фоиз овоз билан президент этиб сайланди. Аммо 1980 йилда бошланган Эрон – Ироқ уруши туфайли Ҳомайни мамлакатни ва ҳарбий ҳаракатларни бошқара олмасликда айблаб, Банисадрдан бош қўмондонлик ваколатларини олиб ташлади. 1981 йил июнь ойида парламент Банисадрга "руҳонийларига қарши қаратилган ҳаракатлар учун" деган айблов билан импичмент эълон қилди, кейин Ҳомайнининг ўзи Банисадрни президентликдан озод қилиш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.
Шундан сўнг Банисадр бошқа қатор сиёсатчилар билан бирга Эрондан кетди.