Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти бугун, 4 июль куни Эроннинг ассоциацияга аъзо давлатлар қаторига киришини расман эълон қилди.
Тегишли қарор ташкилотнинг Ҳиндистон раислигидаги 23-саммитида қабул қилинди.
Пекиндаги ташкилот котибиятида Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлатлар сафига қабул қилиниши муносабати билан Эрон байроғини кўтаришга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Шундай қилиб, Эрон давлатлараро ассоциациянинг тўққизинчи аъзосига айланди. 2022 йил сентябр ойида Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Эроннинг ташкилотга аъзо бўлиш мажбурияти тўғрисидаги меморандум имзоланган эди.
Бундан ташқари, ШҲТ давлатлари раҳбарлари Беларус томонидан мажбурият меморандумини имзоладилар.
Ушбу ҳужжатнинг имзоланиши республиканинг ШҲТга тўлиқ аъзо бўлиш тартибини бошлаб беради. Беларус саммитга кузатувчи сифатида таклиф қилинди.
“Келгуси давр учун ШҲТга раислик Қозоғистон Республикасига ўтади. ШҲТга аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси 2024 йилда Қозоғистон Республикасида бўлиб ўтади”, дейилади ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари бўйича имзоланган қўшма Нью-Деҳли декларациясида.
Эрон Президенти Иброҳим Раисий ўз нутқида “ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги савдо-сотиқ миллий валюталарда амалга оширилиши керак”га урғу берди.
Раисий Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар ўртасидаги савдо-сотиқни “гегемонлик қуролига айланган доллар ҳукмронлигини йўқотиш учун” миллий валюталарда олиб бориш кераклигини айтди ҳамда “ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги савдо-сотиқ миллий валюталарда амалга оширилиши лозим”лигига урғу берди.
“Эрон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг муҳим кўрсаткичлар, имкониятлар ва имтиёзли мавқега эга бўлган ўсиб бораётган ташкилот эканлигига ишонади ва бундан фойда Эроннинг расмий аъзолиги тарихда ўз йўлини топади", деди у.
Раисий Эроннинг ташкилотдаги иштироки жамоавий хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва аъзо давлатлар ўртасидаги алоқаларнинг кенгайишига олиб келишига умид билдирди.
У ўз нутқида Исроилнинг Фаластиндаги ҳужумларига тўхталиб, “Бугун, 4 июль куни ўз мустақиллигининг йиллигини нишонлаётган ҳукумат (АҚШ) кўплаб давлатларнинг мустақиллигини бузмоқда ва кўплаб халқларнинг, айниқса, буюк Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини инкор этмоқда. Режимнинг Женин лагерида содир этган жиноятлари 1948 йилда Фаластинни ишғол қилишда содир бўлган аччиқ жиноятларни эслатади. Сионистик режим халқлар суверенитетига қилинган ҳужумнинг яққол рамзидир”, дея ўз фикрини билдирди.
Эрон раҳбарининг таъкидлашича, ўзи “буюк цивилизациялар оиласи рамзи” дея таърифлаган ШҲТ “минтақавий яқинлашув ва хавфсизликни мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорликда янги уфқларни очишга қодир”.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар сони 9 тага етди
ШҲТ илк бор 1996 йилда Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари Хитойнинг Шанхай шаҳрида йиғилиб, ҳарбий ишончни чуқурлаштириш тўғрисидаги битимни имзолаганида Шанхай бешлиги сифатида ташкил этилган.
2001 йилда Ўзбекистон иштирокида Шанхай бешлиги номи Шанхай ҳамкорлик ташкилотига ўзгартирилди. Кейинроқ Покистон ва Ҳиндистон ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинди.
2005 йилда ШҲТга кузатувчи сифатида қабул қилинган Эроннинг тўлиқ аъзолик жараёни 2021 йилда бошланган. Эрон аъзолигининг расмийлаштирилиши билан ташкилот аъзолари сони 9 нафарга етди. Афғонистон, Мўғулистон ва Беларус ШҲТнинг кузатувчи аъзолари ҳисобланади.
Шарқнинг НАТОси сифатида таърифланган ШҲТ аъзо давлатлар ўртасида ҳарбий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни таъминлаш ва айниқса, хавфсизлик соҳасида шерикликни ривожлантиришни мақсад қилган.