Канада, Буюк Британия, Швеция ва Украина ҳукуматлари вакиллари 2020 йилда уриб туширилган Украина авиакомпаниясининг Боинг 737-800 самолёти учун компенсация бўйича музокараларга Эронни жалб қилиш уринишларидан воз кечди. Улар мазкур масалани халқаро ҳуқуққа мувофиқ ҳал этиш ниятида. Бу ҳақда пайшанба куни тўрт давлат ташқи ишлар идоралари сайтларида эълон қилинган қўшма баёнотда айтилган.
«Охирги икки йил давомидаги барча саъй-ҳаракатлар ва ушбу муаммони музокаралар йўли билан ҳал қилишга бўлган кўплаб уринишларга қарамай, халқаро гуруҳ PS752 рейсини амалга ошираётганида уриб туширилган самолёт учун товон тўлашни муҳокама қилиш бўйича кейинги уринишлар ҳозирча фойдасиз деган хулосага келди», – дейилади баёнотда.
Энди PS752 рейси қурбонларига ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштириш бўйича халқаро гуруҳ таркибига кирувчи тўртта давлат вазирлари “ушбу муаммони ҳал қилиш учун халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ қилиниши керак бўлган кейинги қадамларга эътибор қаратади”. Баёнотда айнан қандай чора-тадбирлар муҳокама қилинаётганига аниқлик киритилмаган.
Шу ҳафта бошида Канаданинг Онтарио суди Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан уриб туширилган Украина самолётида бўлган олти йўловчининг қариндошларига 107 миллион Канада доллари (74 миллион евро) миқдорида товон тўланиши ҳақида қарор чиқарди. Бунинг учун Эроннинг Канададаги активларини хатлаш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Теҳрондан Киевга йўл олган “Украина халқаро ҳаво йўллари” лайнери 2020 йил 8 январ куни ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай уриб туширилган. Самолёт бортидаги 176 кишининг барчаси: Афғонистон, Эрон, Канада, Украина, Британия ва Швеция фуқаролари ҳалок бўлган. Орадан бир неча кун ўтгач, Эрон самолёт хатолик туфайли уриб туширилганини тан олди.
2020 йил февраль ойида Украина президенти Владимир Зеленский Теҳроннинг қурбонлар оилаларининг ҳар бирига 80 минг доллардан тўлаш таклифини рад этди ва бу маблағни етарли эмас деб ҳисоблади.