Кеча Теҳрон шаҳрида Ўзбекистон-Эрон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат ҳукумати ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон делегациясига Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Эрон томонига эса иқтисодий масалалар бўйича вице-президент Муҳсин Ризоий Мирҳаёт бошчилик қилди.
Форум икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларининг “B2B” форматидаги учрашувларига ҳам бой бўлди. Улар давомида Ўзбекистонда қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида икки мамлакат делегациялари раҳбарлари ўзаро манфаатли аниқ келишувларга эришиш мақсадида форум иштирокчиларини яқин ва самарали ҳамкорликка чақирдилар. Форум якунлари бўйича Эрон ва Ўзбекистон ишбилармонлари ўртасида қиймати қарийб 200 миллион долларлик қатор инвестициявий битимлар ва савдо шартномалари имзоланди.