Саудия Арабистони пойтахти Риёзда Эрон элчихонаси қайта очилди, деб хабар берди сешанба куни Al Arabiya нашри.
Ҳар икки давлат март ойида Хитой воситачилигидаги келишувда дипломатик қарама-қаршиликни тугатишга келишиб олган эди.
“Биз бугунги кунни Эрон Ислом Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги муносабатларидаги муҳим кун деб биламиз”, деди Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Алиризо Бигделий байроқ кўтариш маросимида.
“Мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик янги даврга кирмоқда”, - дея қўшимча қилди у.
“Эроннинг Риёздаги элчихонаси, Жиддадаги бош консуллигимиз ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги офисимиз сешанба ва чоршанба кунлари расман қайта очилади”, деди Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канъоний душанба куни.
Маълумот учун:
2016 йилнинг январида Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонаси ва Машҳаддаги консуллиги воиз шайх Нимр ан-Нимрнинг Риёзда қатл этилишидан ғазабланган намойишчилар ҳужумига учрагач, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар кескинлашган, кейинчалик подшолик Ислом Республикаси билан дипломатик алоқаларни узган эди.