Саудия Арабистонида Эроннинг учта дипломатик ваколатхонаси ўз ишини тиклади, деди Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канъоний.
“Эроннинг Риёз ва Жиддадаги учта миссияси дастлабки босқичда иш бошлади”, деб хабар берган дипломат.
Жума куни Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён «Эрон ва Саудия Арабистони элчихоналари ва консулликлари яқин кунларда ишини қайтадан бошлашини» айтган эди.
10 март куни Теҳрон ва Риёз Пекиндаги бир неча кунлик музокаралардан сўнг яқин ҳафталарда дипломатик муносабатларни тиклаш ва элчихоналар фаолиятини тиклашга келишиб олди. 2016 йилнинг январида Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонаси ва Машҳаддаги консуллиги воиз шайх Нимр ан-Нимрнинг Риёзда қатл этилишидан ғазабланган намойишчилар ҳужумига учрагач, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар кескинлашган, кейинчалик подшолик Ислом Республикаси билан дипломатик алоқаларни узган эди.