Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Эргаш Жумаев: «Туркия университетларида грант асосида ўқиш мумкин. Фақат...» 

7497

Жорий йилнинг 10 январдан Türkiye Burslari"Туркия грантлари"га аризалар қабул қилиниши бошланди. Туркияда олий таълим олишнинг қанақа афзаллиги бор? Бу юрт университетларида ўқиш Ўзбекистондан арзонроқми? Нега Туркияда ўқишга кириш осону, битириш қийин дейишади? Мана шу каби бир қатор саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар умумжаҳон  ассоциациясининг Туркиядаги вакили, Туркия Халқаро битирувчилар уюшмасининг (TUMED) раиси Эргаш Жумаевга мурожаат қилдик. 

– Эргаш ака, суҳбатимизни аввало Türkiye Burslari нима, деган саволга жавоб беришдан бошласак?

–  Бажонидил. Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда дунё бўйича халқаро талабалар сони 7.5 млн. нафарни ташкил этади. қилади. Яъни шунча талаба ўз ватанида эмас, хорижга бориб таҳсил олмоқда. 2030 йилга келиб, бу рақам 20 млн.га чиқиш тахмин қилинмоқда. Бу рақамнинг катта  қисми АҚШ, Англия, Франция ва Австралия каби ривожланган давлатларга тўғри келади. Бутун дунёда иқтидорли ёшларга кенг имконият яратиб беришга, уларни ўз олий ўқув юрталарига жалб этишга ҳаракат қилишади. 

Авваллари Туркиядаги халқаро талабалар сони жами талабаларнинг икки ёки уч фоизи эди холос. Охирги ўн йилда эса бу рақам кескин ортиб кетди. Бу Туркияга нима беради, деган савол туғилиши табиий. Биринчидан, қанча кўп давлатдан талабалар келса, улар воситасида келажакда Туркиянинг ўша давлатлари билан иқтисодий ижтимоий, мадания ва дипломатик алоқалари яхшиланади, ривожланади. Иккинчидан, дунёда турк тилини биладиганлар сони ортади. Бу ривожланаётган мамлакат учун жудаям муҳим. Шу сабабли Туркиядаги давлат олий таълим муассасаларида хорижлик талабалар учун катта имкониятлар яратиб берилмоқда.

–  Туркияда олий таълим қандай йўлга қўйилган? Айтайлик, Ўзбекистондан нималари билан фарқ қилади?

–  Туркиялик абитуриентлар учун ўқишга кириш осон эмас. Имтиҳонларда синовлар жиддий бўлади. Лекин тест синовларида мактаб дарсликларидан ташқари саволлар бўлмайди. Саволлар кўп, вақт оз бўлганлиги учун абитуриентлардан тезроқ ишлаш талаб қилинади. Шу сабабли туркиялик ёшлар ҳам қўшимча дарсларга, яъни репетиторларга қатнайди, аммо билимни мустаҳкамлаш ва саволларга тезроқ жавоб топиш мақсадида. Қисқаси мактабда яхши ўқиган ўқувчи албатта университетларга кира олади.

Туркияда Олий таълим вазирлиги йўқ. Олий таълим муассасаларини мувофиқлаштириш учун тузилган Олий таълим кенгаши бор. Университетлар деярли мустақил фаолият олиб боради. Ректорларни президент танлайди. Бундан ташқари, абитуриентлар бизда бўлгани каби маълум университетларга ҳужжат топшириб, кейин имтиҳонга кирмайди. Балки Тест марказига ўхшаш тузилмаси бор, ўшалар умумий имтиҳон ўтказади. Маълум баллни тўплай олган ёшлар талабаликка қабул қилинади. Шундан сўнг улар ўзига университет ва мутахассислик танлаши мумкин. Таълим даргоҳи қанчалик нуфузли бўлса, қабул бали ҳам шунга яраша баланд бўлади. Шу билан бирга тиббиёт, ҳуқуқшунослик каби йўналишларга ҳам юқори бал тўплаган абитериентларгина кира олади. 

Яна бир диққатга сазовор жойи шундаки, туркиялик талабалар давлат олий таълим даргоҳларида мутлақо бепул ўқийди. Юз фоиз. Шартнома пули деган нарса йўқ буларда. Бундан ташқари, кириш имтиҳонларида бирор бир соҳа вакилларининг фарзандларига ёки қанақадир танлов ғолибларига имтиёз берилмаган. Талаба бўлмоқчимисан, марҳамат, имтиҳондан ўт ва бемалол ўқийвер. Айрим университетлар ички қарорга кўра мактабларни аъло баҳоларга тугатган хорижлик ёшларни имтиҳонсиз қабул қилиши ҳам мумкин. Бунақа истиснолар ҳам бор.  

–  Туркияда, умуман аксарият ривожланган давлатларда ўқишга кириш осон, лекин ўқиш қийин дейишади. Бунинг сабаби нимада? Қолаверса, айримларнинг фикрича, бу ерда ўқиш Ўзбекистондан арзонга тушади, дейди. Бу гапда қанчалик жон бор?

–  Дарҳақиқат, хорижлик ёшлар учун бу ерда талаба бўлиш осон, фақат ўқиш қийин. Сабаби, устозлар маҳаллий талабалардан нимани сўраса, сиздан ҳам ўша билимни талаб қилади. Устозларнинг аксарияти илмий иш ёқлаган, профессор, фан доктори, уларда таъмагирлик йўқ, пул берсанг, баҳойингни қўйиб бераман деган гап йўқ. Айтишади,ю бизда ўқишга кириш қийин, лекин ўқиш осон, деб. Бу ерда унақа эмас. Талабамисиз, марҳамат, ўқинг, ўрганинг, имтиҳондан ўтинг. Акс ҳолда курсда қолиб кетаверасиз. Шунинг учун бир университетга кириб, уни тўрт йилда битириб кетиш – машаққатли иш. 

Нарх-наво масаласига келсак, чиндан ҳам бизга нисбатан арзон. Шартнома пули хусусий университетларида қимматроқ, давлат олий таълим муассасаларида тахминан йиллик 400-500 доллар атрофида туради. Аммо мен ёшларимизни бу ерга илм олиш учун келишларини сўрайман. Айниқса, муҳандислик, қурилиш соҳалари бўйича ўқийдиган ёшларимиз бу ердан кўп нарса ўрганади ва келажакда Ўзбекистон ривожи учун муносиб ҳисса қўшади деб умид қиламан. Бундан ташқари мазкур мамлакатда хорижлик талабалар кўп бўлгани сабабли, ўқиш давомида турли миллат вакиллари билан дўстлашиш имконияти ҳам катта. Бу ҳам муҳим жиҳат деб биламан.

–  Энди Türkiye Burslari ҳақида гаплашсак. Ўзи бу қанақа дастур? Қандай имтиёзлар беради ёшлар учун?

–  Юқорида айтиб ўтганимдек, Туркия сўнгги йилларда хорижлик ёшларни ўқитишга катта аҳамият беряпти. Ҳозир бу ўлкада 250 минг атрофида чет эллик ёшлар таҳсил олмоқда. Улар учун кенг имкониятлар яратилган. Хорижлик иқтидорларни ёшларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида Türkiye Burslari ва яна Диёнат ишлари бошқармаси (муфтийлик) қошидаги вақф тарафидан таълим грантлари ажратилмоқда. Муфтийликнинг грантлари лицей, бакалавр ва магистратурада диний таълим оладиган хорижликлар учун берилади. 

Türkiye Burslari ёки Туркия грантлари эса давлат томонидан халқаро талабалар учун молиялаштириладиган олий таълим стипендия дастуридир. Туркия грантларининг асосий мақсади бутун дунё бўйлаб муваффақиятли талабаларга тенг имкониятлар яратиш ва уларнинг халқаро стандартларда стипендия олишларини таъминлашдан иборат. Бундан ташқари, Туркия билан бошқа давлатлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва академик таълимдан тортиб санъат, иқтисод, адабиёт, технология ва меъморликка қадар кўплаб соҳаларда минтақавий ва глобал ривожланишга ҳисса қўшиш мақсад қилинган.

Türkiye Burslari Маданият ва Туризм вазирлиги қошида ташкил этилган Хориждаги Турклар ва Қардош жамиятлар агентлиги томонидан бошқарилади. 

Грант доирасида Туркияга келиш ва ўқиш тугаганида қайтиш учун учоқ чипталари, ўқиш харажатлари, тиббий суғурта қоплаб берилади. Талабалар  ётоқхона, ойлик стипентдия ва иссиқ овқат билан таъминланади. Турк тилини билмайдиганлар 1 йил тил курсида ўқитилади. Türkiye Burslari грантини олиш учун қуйидаги манзил орқали онлайн ҳужжат топширилади. 

"Türkiye Burslari"га ариза топшириш учун абитурентнинг ёши ҳам ҳисобга олинади. Бакалавриатга 21 ёшдан, магистратурага 30 ёшдан, докторантурага 35 ёшдан ошмаган бўлиши керак.  

Бундан ташқари, бакалавриатга топшириш учун камида 70%, магистратура ва докторантурага камида 75%, тиббиёт ва фармацевтика йўналишига камида 90% академик муваффақиятга (рейтинг балли) эришган бўлиши керак. Аризалар 20 февралгача қабул қилинади ва март, апрель ва май ойларида кўриб чиқилади. Қабул қилинган ёшлар июнь ва июль ойларида суҳбатга чақирилади.  

Диний соҳада Диёнат вақфи грантлари асосида ўқимоқчи бўлганлар ёки фарзандларини имом-хатиб лицейларида таълим олишини истаган ота-оналар эса сайт орқали онлайн тарзда ариза топширишлари мумкин. Лицейда ўқиш учун саккизинчи синфни тугатган бўлиши керак. Бу лицейни тугатган битирувчилар университетларга ҳам имтиҳонсиз қабул қилинади. Лекин Диёнат ишларининг грантлари 400 та, яъни давлат грантларидан ўн баробар камроқ эканини ҳам ҳисобга олиш керак.

 – Туркияда таълим олмоқчи бўлган ёшларга қандай маслаҳат ва ёрдам бера оласиз?

–  Тавсиям шуки, қаерда бўлса ҳам ёшларимиз илм олсин. Туркияда ўқишни истайдиган ёшларга “Ўзбекистонлик ёшлар Туркияда” номли телеграм каналини тавсия қилишим мумкин. Мана шу каналда етарли маълумот ва маслаҳатлар айнан Туркияда таълим олаётган талабаларимиз томонидан бериб борилади. 

Шу ўринда Туркиядаги унверситетларга ҳужжат топширмоқчи бўлганлар учун бир ҳолатни ҳам айтиб ўтишни лозим топаман. Туркияда 250дан ортиқ давлат ва хусусий университетлар мавжуд. Бу университетларга хорижлик талабаларни қабул қилиш шартларини университетнинг ўзи белгилайди. Баъзи университетлар бакалавр махсус YÖS (Yurtdışı/Yabancı Öğrenci Sinavi) – Хорижлик талаба имтиҳони асосида олса, баъзилар аттестет/диплом баҳолари асосида бакалавр йўналишларига қабул қилади. Бу йилдан бошлаб хорижлик талабалар учун MYÖS (Merkezi Yabancu Öğrenci Sınavı) Марказий чет эллик талабалар имтиҳони асосида қабул қилишни барча университетларга тавсия қилинди. Хусусий университетлар ҳам худди шундай – юқоридаги имтиҳон ёки диплом/аттестат баҳолари асосида ўқишга тўғридан-тўғри қабул қилиши мумкин. Хусусий университетларда қабул қилиш тартиби нисбатан осонроқ.

Яна бир нарса. Юртимизда баъзи маслаҳат-консалтинг хизматини кўрсатувчи “учарлар”  ўзи текин бўлган айрим ишларни катта пул эвазига бажариб бермоқда экан. Бу менимча дуруст эмас. Сабаби, ёшларимизнинг таълим олишлари учун қўлимиздан келган ёрдамни аямаслигимиз керак. Бировларнинг зарур ахборотга эга эмаслигидан фойдаланиб қолиш яхши одамларга ярашмайди, деб ўйлайман. Яъни бир нарсани очиқ-ойдин айтиш керак ва билмаганлар билиб олишларини истардимки, Туркияда ҳеч ким ҳеч кимни ўқишга киритиб қўя олмайди. Ҳамма фақат ўзининг ҳаракати билан олий таълим даргоҳида ўқиши мумкин. Маслаҳат-консалтинг хизматлари ҳам албатта керак. Улар тегишли маслаҳат ва йўл-йўриқ кўрсатади, албатта. Бусиз ҳам иложи йўқ. Аммо ўқишга жойлаб қўймайди. Буни унутмаслик лозим, деб ўйлайман.

–  Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Ишларингизда омад тилаймиз.

Абдулазиз Муборак, 

Azon.uz’нинг Туркияда махсус мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7423 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага