14 май кунги сайловларга ўзи туғилиб ўсган Истанбулда иштирок этган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған кеча кечқурун Анқарага борди.
У ерда Адолат ва тарақиёт партиясининг бош биноси олдида тўпланган тарафдорлари билан учрашди. Партия биноси балконидан юртдошларига юзланган давлат раҳбари сайловда фаоллик билан иштирок этганларга ва хоссатан ўзи учун овоз берганларга ўз ташаккурини изҳор қилди. Гарчи натижалар расман аниқ бўлмаганини, сайлов бюллетенлари санашда давом этилаётганини, мабодо шунга борадиган бўлса, иккинчи турга ҳам тайёр эканини таъкидлади.
Эрдоған нутқ сўзлаётган пайтда ҳам ва айни дақиқаларда ҳам саноқлар давом этмоқда, сайлов натижалари расман эълон қилинмади, аммо кўринишидан масала 28 май куни ҳал бўладиган кўринади.
Кеча, сайловлар тугагандан кейин Адолат ва тараққиёт партиясининг Истанбул шаҳридаги штаб-квартираси олдида Эрдоғанни қўллаб-қувватлайдиган минглаб тарафдорлари йиғилиб, сайлов натижаларини ҳаяжон билан кутишди. Бу ерга Azon.tv жамоаси ҳам бориб, тўғридан тўғри эфир орқали жараёнларни мухлисларга кўрсатиб беришга ҳаракат қилишди.
Истанбул кўчалари байрам тусини олди, одамлар туни бўйи деярли мижжа қоқишмай, сайлов натижаларини интиқлик билан кутишди. Ҳаяжонлар, эҳтирослар жўшди. Энг таъсирли жиҳат ёшгина болажонлардан тортиб, кексайиб қолган нуронийлар ҳам кўчаларда байроқ кўтариб, ватани келажагига бефарқ эмаслигини намойиш этгани бўлди.
Расмий хабарларга кўра, ҳозирча Эрдоған 49 фоиздан ортиқроқ овоз билан яққол етакчилик қилмоқда. Унинг асосий рақиби Камол Қиличдорўғли эса 44 фоиз атрофида овоз олишга эришган. Синон Оғаннинг тарафдорлари 5 фоиздан озгина ортиқроқ экани ҳам маълум бўлди.
Яқин соатлар ичида расмий хабар эълон қилиниши кутилмоқда.