Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Эрдоған билан учрашув ёхуд Туркиядаги митинглар ҳақида

3296

Шу кунларда иш сафари билан Истанбулдаман. Куни кеча мамлакатнинг амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған навбатдаги сайловолди митингини ўтказиш учун Истанбулга келишини хабарларда ўқиб қолдим. Ичимда бир қизиқиш, шундай катта сиёсий тадбирни бевосита кузатиш истаги туғилди. 

Митинг ҳозирда таъмираланаётган Отатурк халқаро аэропорти майдонида бўлиб ўтиши режалаштирилган экан. Манзилга элтадиган метро бекатига одамлар гурас-гурас бўлиб, оқиб келяпти. Кўпчилигининг қўлларида байроқ, бошларига Эрдоған мадҳ этилган пешонабоғ танғиб олишган. Аэропотга етиб келдик. Бу ерда энди бошқа уловлар билан келганлар ҳам оломонга қўшилди. Бу оқимга қўшилиб кетиб борар эканман, ён-атрофимдаги инсонларни ҳам ҳайрат, ҳам қизиқиш билан кузатаман. Турли ёш, жинс, тоифадаги одамларни учратиш мумкин: қариялару ёш болалар, ҳижоб ўраганлару “ўта замонавий” кийинганлар, қулоғига сирға, бўйнига атиргул расмини чиздирганлар билан соқол қўйиб, салла-чопон кийиб олган йигитлар. Хуллас, жамиятнинг ҳар қандай қатламидан одамлар бор. Уларни фақат бир нарса бирлаштирган: ўзи туғилиб ўтган ватанига муҳаббат, сиёсий тақдирига бефарқ эмаслик. Улар нафақат бефарқ эмас, балки сиёсий жараётганларда фаол иштирок этади, ҳар бирининг давлат, ҳукумат ва сиёсатчилар ҳақида ўз фикри, қараши бор. У ёки бу номзодни қўллаб-қувватлар экан, буни у шунчаки кимгадир эргашиб эмас, онгли равишда қилади. 

Тумонат одам митинг бўладиган майдон сари тартибли равишда ҳаракат қилар, ҳар ер-ҳар ердан ҳайқирилган шиорлар, такбирларга омма жўр бўларди. Дарвоқе, такбир ҳақида. Одамлар турли шиорлар, Эрдоғанни қўллаб-қувватлашга чорлайдиган ибора ва шеърларни жўр бўлиб айтишади, шу орада кимдир “такбииир!” дея ҳайқиради. Омма дарҳол “Аллоҳу акбар!” дея жавоб қайтаради жўровозда. Бу ҳол 2-3 бор такрорланади.  Яна бир оз бошқа шиорлар айтилгач, энди кимдир “Ё Аллоҳ, Бисмиллоҳ, Аллоҳу акбар!” дейди бор овози билан. Одамлар дарҳол унга жўр бўлишади. Мен илк бор бундай ҳолни ичидан кузатаётганим учун хавотирланиб атрофга олазарак қарайман. Йўлкалар четида тартибни сақлаш учун жалб қилинган хавфсизлик, ички ишлар ва бошқа куч ишлатар тизим ходимлари туришар, янграётган такбир садоларини ҳеч қандай хавотир тушмасдан, бемалол қабул қилишаётганди. Бундан уларда бу одатий ҳол эканини англаш мумкин.

Йўл-йўлакай байроқлар, Адолат ва тараққиёт партияси рамзи туширилган кепкалар тарқатилади. Майдоннинг ҳар 300-500 метрида турли сиғимлардаги ичимлик сувлари уйиб ташланган.

Майдонга ўрнатилган саҳнага етиб боришимизга ҳам анча масофа бор, аммо жойларга катта экранлар ўрнатилган, бўлиб, Адолат ва тараққиёт партиясидан депутатликка номзодларнинг нутқларини кузатиш мумкин эди. шу орада мамлакатнинг амалдаги ишки ишлар вазири, Истанбулдан Буюк Миллат Мажлис депутатлигига номзод Сулаймон Сойлу минбарга чиқди. Вазир ҳароратли нутқи билан йиғилганларни жўштирар, олқишларига сазовор бўларди. Уни танимаган, лавозимини билмаган одам гапларини тинглаб туриб, бу одам моҳир нотиқ, адабиёт муаллими ёки шоир-ёзувчи бўлса керак, дейди. Ҳарқалай, биз бундай лавозимдаги кишиларнинг бу тарз хитобатига гувоҳ бўлмаганимиз учун бироз ҳайратландим.

Ва ниҳоят, Эрдоған ташриф буюрди. Халойиқ ҳаяжондан ҳайқирди. Президентнинг нутқи бир нави одамлар билан савол-жавоб услубига қурилганди. Яъни у бир нарса хусусида йиғилганлардан омматан сўрар, омма бир овозда тасдиқлар ё инкор қиларди. Бу ҳам одамлар қалбида давлат раҳбарига нисбатан яқинлик туйғуси, юрт бошқарувига дахлдорлик ҳиссининг кучайишига боис бўларди, назаримда. Эрдоған, табиийки, давлат раҳбари лавозимига талабгор сифатида қилган ишлари ва келгуси режалари ҳақида сўзлади.Президент сўзлаётганида ҳам ора-орада, йўлда эшитганим шиорлару такбирлар бот-бот такрорланиб турди. 

Икки соатдан ошиқ давом этган ва салкам икки миллион одам қатнашган митингнинг қисқача тавсифи шу. Мен бу сиёсий тарбирда қатнашиб, шундай хулосалар олдим: 

Аввало, биз халқимизнинг сиёсий савиясини кўтаришимиз керак экан. Ватандошларимиздаги бефарқлик, лоқайдлик ҳиссининг ўрнига дахлдорлик туйғусини шакллантириш лозим экан;

Сиёсий партияларнинг сони ва сифати кескин кўтарилиши, улар ўртасида соғлом равобат ва ҳақиқий кураш муҳити яратилиши муҳим экан;

Диндан, диний шиорларда қўрқмаслик керак экан, хусусан, исломофобияни таг-туги билан йўқотиш керак экан. Одамлар “Аллоҳу акбар!” деб ҳайқиргани билан террорчи бўлиб қолмас экан. Аксинча, айнан диний бирликнинг, жамиятдаги бошқа ҳамжиҳатликка олиб келиши амалиётда кўриниб турган ҳолатдир;

Сиёсатчиларимиз нотиқлик маҳоратларини оширишлари бунинг учун эса, кўп китоб ўқишлари ва ўз соҳаларининг мутахассислари бўлишлари зарур экан.

Мен бу воқеани кузатиб, фикрларимни ёзар эканман, Туркия давлати ва сиёсий ҳаётига маҳлиё эканимдан ёзадим, асло! Кўнгил истайдики, бизда ҳам ҳақиқий сиёсий курашлар бўлса, сиёсий партиялар мамлакат ривожи йўлида рақобатлашишса, мудраган парламентимиз жонланса... Иншааллоҳ, буларнинг бари амалга ошади, жамиятимизда кечаётган жараёнлар шунга ишора қилмоқда. Қолверса, биз шунинг ҳаракатидамиз. Биз деганим ана шу чин ўзгаришни хоҳлайдиганлар, биз кўпчиликмиз. Имкон борича ҳаракатни қилаверамиз, натижани Аллоҳга ҳавола қиламиз. Аллоҳ эса ўзгаришни хоҳлаган, ўзгариш йўлига ўтган бандаларининг амалларни зое қилмайди...

Нўъмон Абдулмажид

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7425 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага