Ислом, бу – Аллоҳга бўйсуниш, ўз нафси ва ишларини Унга топширишдир. Яъни инсон ва унинг Роббиси ўртасидаги муносабатларни «қулоқ солиш ва итоат этиш» тамойили асосида ўрнатишдир!
Гоҳида инсон ер ва осмонда ҳеч кимса унинг устидан ҳоким эмаслигини ҳис қилиши мумкин. Ушбу ҳолатда эса у ўзи хоҳлаган нарсани бирон бир йўналишга боғланмасдан қилаверади. Бу туйғу инсон ва у сингари бошқа инсон ўртасидаги муносабатларни аниқлашда қабул қилиниши мумкин. Аммо инсон ва уни Ўз қудрати билан яратган, инояти ила тарбиялаган, унга тўғри йўлни кўрсатиб, шу йўлга эргашишни буюрган Раббиси ўртасидаги муносабатларни аниқлашда ушбу тариқадаги исён ва мағрурликка жой йўқ.
Зеро, инсон ўз нафсини Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсага тобеъ қилиши ёки рисолавий кўрсатмалар оладиган ва уларни қилиш мажбуриятлари зарур билинган одам (пайғамбар) га итоат этиши вожибдир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Ким гўзал амалларни қилгувчи бўлган ҳолида Аллоҳга юз тутса, батаҳқиқ, у ишончли арқонни маҳкам тутибди. Ишларнинг оқибати фақат Аллоҳга қайтур» (Луқмон, 22).
Яратган Зот билан махлуқ (бандаси) ўртасидаги муносабатлар қандай бўлиши мумкин? Банда ер юзида мавжуд бўлганлар орасида озми ёки кўпми, яшагач, сўнгра уни Яратган холиқига қайтадими? Бу муносабат жоҳиллик бўладими ёки маърифатми? Бу исён бўладими ёки бўйсуниш муносабатларими?
Инсон ушбу буюк Роббини таниши, унинг буйруғи ва тақиқига боғланиши ва унинг ҳидоятига биноан ҳаракат қилиши жуда ҳам табиийдир. Мана шу ҳолат Исломнинг маъносидир ва бу Пайғамбарлар алайҳимуссалом иқрор этган маъно ҳамдир.
Аллоҳ таоло марҳамат этган:
«Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир» (Оли Имрон, 19).
Бирор кимса Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг амрларига итоат этиши ва эҳтиром қилишини, У Зотнинг кўрсатмаларига мутлақо бўйсунишини эълон қилса, У Роббига коинотдаги барча сажда қилувчилар, У Зотни улуғловчилар билан бирга ижобат ўлароқ ҳайқираётган бўлади.
«Аллоҳнинг динидан бошқани хоҳлайдиларми?! Ахир хоҳласаю хоҳламаса, осмонлару ердаги барча жонзотлар Аллоҳга бўйсуниб турибди-ку?! Ҳамда Унга қайтариладилар-ку?» (Оли Имрон, 83).
Кимки Исломни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн беш аср олдин келтирган дин учун махсус бир исм-унвон деб ҳисобласа, хато қилади. Ислом – яратилишнинг бошидан то шу кунгача одамларга ҳидоят ўлароқ юборилган барча рисолатлар (барча динлар)нинг исми ҳисобланади.
Тўғри, Ислом ҳақиқати ўзининг камолотига етган (мукаммал бўлган) ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатлари ила ўзининг охирги суратига кирган. Аллоҳнинг барча пайғамбарлари ушбу исм-унвон ҳақида Қуръони каримда истисносиз айтишган.
Исроил - бу Ёқуб алайҳиссаломнинг шарафли исми бўлиб, у зот фақатгина Исломга даъват этган, унга ташаббус қилган, Исломда вафот этган ва фарзандларига уни тавсия қилган пайғамбар бўлган.
«Ёки Яъқубга ўлим ҳозир бўлиб, у ўз болаларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?» деганида, улар: «Сенинг илоҳингга ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг илоҳига, ёлғиз илоҳга ибодат қиламиз ҳамда биз Унга мусулмон бўлувчимиз», деганларида гувоҳ бўлганмисиз?!» (Бақара, 133)
Воқеълик шуки, бугунги кунда Исроил деб аталадиган мамлакат аслида номсиз исм ва жуда катта хаёлот (ваҳм) дир. Зотан, (гарчи исми Исроил бўлгани билан) унинг Аллоҳга бўлган исломи қиймати нол ёки нолга яқин.
Ийсо алайҳиссалом ўз издошларини Аллоҳга бўйсуниш ва Унга сидқидилдан бандалик қилишни ўргар эди. Ушбу оят устида мулоҳаза қилиб кўринг:
«Ҳаворийларга: «Менга ва Менинг Пайғамбаримга иймон келтиринг», деб ваҳий юборганимда, улар: «Иймон келтирдик ва шоҳид бўл, биз албатта, мусулмонлармиз» деганини эсла!» (Моида, 111).
Исломнинг васфи Таврот давридан то ҳозирги кунгача келган самовий ҳукмларни амалга оширган барча пайғамбарларни ўз ичига олади.
Аллоҳ таоло айтади:
«Биз Тавротни нозил қилдик. Унда ҳидоят ва нур бор. У билан У зотга таслим бўлган Пайғамбарлар, Аллоҳнинг китобини муҳофаза қилишга мукаллаф бўлган роббонийлар ва аҳборлар яҳудий бўлганларга ҳукм юритарлар. Улар бу китобга гувоҳ қилинганлар» (Моида, 44).
Ислом фақатгина икки муҳим ҳақиқатнинг комил бўлиши ила дуруст бўлади.
Биринчиси: Аллоҳни яхши таниш ва Унинг барча улуғворликларида илоҳийлиги тушунчасини тасаввур қилиш. Шу сабабли кимки Аллоҳга бир нарсани шерик қилса ёки Унга фарзанд нисбат этса ёки бўлмаса Олий Зот Аллоҳни биз яшайдиган дунёимизга боғланиб қолган дея гумон қилса у асло мусулмон ҳисобланмайди. Аллоҳ ҳақида саҳиҳ билимга эга бўлиш лозим бўлади. Бундан сўнг эса У Зотга бўйсуниш ва амрларини бажариш келади.
Қуръони каримда Аллоҳнинг улуғворлигини поклаш, У Зотни мақташ, Унинг гўзал исмлари ва олий фазилатларини санаш ва илоҳий хусусиятларни таъкидлашнинг энг гўзал ва бошқа қадимий китоблар ва самовий ёки ердаги мақтовларнинг мисли кўрилмаган кўриниши бор.
Қуръонни ўқиётган чоғингда, сиз ҳамма нарсада илоҳий ваъдани ва мутлақ ҳукмронликни ҳис қиласиз.
«Осмонлару ернинг ғайби Унга хосдир. У зот нақадар яхши кўргувчи ва яхши эшитгувчи зотдир. Уларга Ундан ўзга дўст йўқдир. Ва У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмас». (Каҳф, 26).
Барча нарсаларни яратган, ҳамма нарсани тадбирини қилиб қўйган, эшитиш, кўришни ато этган, кеча-ю кундузни алмаштириб қўядиган, шамолларни юборган, ғам ташвишларни аритиб қўядиган, зулматлардан нурга чиқариб қўядиган Зотга қандай қилиб ўз нафсини топшириб, бўйсунмаслиги мумкин?! Қуръони каримда Аллоҳга фарзанд нисбатини берган ёки Уни бандаларига ўхшатадиган кимсаларга қаттиқ инкор ва даҳшатли ғазаб бордир.
«Улар: «Аллоҳ фарзанд тутди», дедилар. У (бундан) покдир. У беҳожатдир. Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уникидир. Бу ҳақда сизнинг ҳеч қандай далилингиз йўқ-ку! Аллоҳга нисбатан билмаган нарсангизни айтаверасизми?
«Сен: «Албатта Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиганлар нажот топмаслар», деб айт» (Юнус, 68-69).
Аллоҳни танишдаги ушбу ҳақиқат исботидан сўнг, бошқа ҳақиқат келади ва унинг асоси Аллоҳга тўлиқ бўйсуниш ва итоат қилишдир.
Аллоҳга бўйсуниш ва исён қилиш, Унга итоат қилиш ва Унинг амрларини рад этиш бир жойда жам бўла олмайди !!
Бу мусулмон одам гуноҳга аралашмайди деганими? Ҳақиқат шуки, мусулмон киши бирон гуноҳ қилиб қўйса, бу ишни беихтиёр қилса ёки бу ушбу инсон бу ишини ёмон кўрар экан ёки бўлмаса бу ишининг ёмонлигидан бехабар бўлса, мазкур ўринда ушбу кимса қилган ишидан пушаймонлик, надомат ва хижолат бўлиш билан халос бўлади !!
Нафсоний табиат ва атроф-муҳит шароитлари одамни ёмон ҳолатга солиб қўйиши мумкин. Худди автомобилини уйига ҳайдаб кетаётган кишининг чарчоқ сабабли кўзлари юмилиб ухлаб қолиши, рулни бошқара олмай қолиши ва бошқа кимсанинг машинасига уриб олиши ёки бўлмас бошқага жароҳат етказиб қўйиши каби.
Баъзида ақлнинг нури камайиб, қатъият кучи тугаб қолади. Шунда инсон бирон бир нолойиқ иш қилиб қўяди. Бу иши ила эса у киши Исломдан чиқмайди.
«Тақво қилувчилар, агар уларга шайтондан бир шарпа етса, зикр қиларлар, бас, кўрибсанки, улар (тўғри йўлни) кўрувчи бўлиб турибдилар» (Аъроф, 201).
Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламага маст қилувчи ичимлик ичган одамни лаънатлаш айтилганида унинг иродаси ва мурувватини янада сустлаштирадиган ушбу лаънатлашни рад этдилар. Мана шу шароб ичувчи кимса жамиятда юз берадиган бошқа гуноҳлар ва ҳолатларга яққол мисол бўла олади ва узум етиштирадиган, уни сиқиб тайёрлайдиган, барлар очадиган, гуноҳ ишларни ташкил этадиган, у билан савдо қилиш учун солиқлар соладиган жамиятда содир бўладиган бошқа нарсалардан ташқари исённинг бир шакли ёки тартибсизлик ҳолатини англатади.
Қилаётган ишида Аллоҳнинг ҳақи (амр-у наҳийси) бор деб билмайдиган, бу ишида бирон бир гуноҳ кўрмаётган кимса билан, қувватсизланиб йиқилиб тушган (ўзини ҳеч бошқара олмаётган) фақир кимса орасидаги фарқ жуда ҳам узоқдир. Аввалгиси жиноятчи бўлиб мусулмон эмасдир. Бошқаси эса касал бўлиб уни даволашга интилаяпсиз ва у Ислом аҳли орасида (мусулмон) ҳисобланади.
Ислом пайғамбари инсонларни Аллоҳга мусулмон уммати ўлароқ шакллантира олдики, улар тонгдан то кечгача У Зотга ибодат қилиш учун қоим бўлишади ва масжидларга аниқ ва назорат қилиш (намоз ўқиш) имконли вақтларда боришади.
Бундан ташқари ушбу уммат ўзларининг фуқаролик, ҳарбий, маданий ва сиёсий ишларида Роббисини рози қилиш ва Унинг хоҳишига кўра эҳтиёткорлик ва самимийлик ила ҳидоятга бошлаш учун мажбурият олган.
Бунинг аввалги ва охирги мисоли Аллоҳга ўзини бахш этган ва Аллоҳнинг амрларига бутун вужуди ила бўйсунган инсондир.
«Сен: «Албатта, менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир.
Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман. Ва мен энг аввалги мусулмонман», деб айт». (Анъом, 162-163).
Шунингдек, ушбу қисмда таъкидланган, у зотга эргашганлар ҳам.
«Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!». (Нисо, 65).
Дарҳақиқат, инсониятнинг улуғ Борийси бўлмиш Аллоҳ таолога бўйсиниши сидқ ва шарафдир. Мана шу Исломдир.
Шайх Муҳаммад Ғаззолийнинг “Ислом ҳақида юз савол” китобидан
Таржимон: Суннатуллоҳ Абдулбосит