Маълумки, яқинда интернетга сиздирилган АҚШ юқори раҳбариятига оид махфий ҳужжатларда Россия элитаси ичидан дарз кетаётгани, рус элитасининг турли қутбларга ажралиб, парчаланишга юз тутгани ҳақида сўз боради.
Шу муносабат билан AzonTV да берилган “Фикрат” таҳлилий кўрсатувининг навбатдаги сони “Россияда сиёсий элита парчаланиши кузатиляптими?” деган мавзуга бағишланди.
Унда эксперт Ҳамид Содиқ Россия элитасининг ҳукумат тепасида узоқ қолиб кетгани қандай оқибатларга олиб келаётганига урғу берди.
- Элита тез-тез алмашиб тургани яхши, дейди сиёсатшунос Ҳамид Содиқ. – Акс ҳолда ҳокимият касалланади. Россия элитаси мисолида оладиган бўлсак, бугунги кунда улар чиқарётган қарорлар ва баёнотларни кўриб, уларнинг мантиққа зид эканини кўрасиз. Масалан, Ғарб томонидан Россияга қарши “жанговор чивинлар” етиштирилаётгани ҳақида даъво қилиб, БМТда резолюция қабул қилишни талаб қилишди. Бу соғлом одам учун кулгули, лекин ҳозирги Россия элитаси бу абсурд ва мантиқсиз нарсаларга чин дилдан ишонади. Ёки “ўрдак ва кабутарлар заҳарланиб, Россия тарафга учириляпти, бу биологик қурол”, деган кулгили даъволар билан ҳам чиқишяпти. Ҳатто Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистонга келганида шу гапни айтди. “Америка Россияга биологик қурол билан таҳдид қилмоқда” деди. Демак Россия элитаси нафақат ўз халқини ва дунёни ёлғон пропаганда билан онгини заҳарлаган, ҳатто ўзлари ҳам шунга ишониб қоляпти.
Шу ўринда айтиб ўтиш керак, Россиянинг бу сиёсати Путин кетиши билан яхши тарафга ўзгариб қолмайди барибир. Чунки Россия халқининг жуда катта қисми ҳукумат жанговор пропагандаси билан тўйинган. Ҳозир Россиядаги энг обрўли партия бу – уруш партияси. Россиянинг илмий элитаси вакилларининг жуда кўпчилиги зуғумдан қочиб, хорижга чиқиб кетган. Қолганлари қамоққа ташланган. Ҳатто Путиндан кейин давлат тепасига келиши мумкин элитадаги потенциал номзодлар ҳам аввал КГБ ва ФХХдан чиққан кадрлардан иборат. Бу вазият ҳатто Путин кетганидан кейин ҳам демократик тузум барпо этилиши эҳтимолини савол остига қўяди, деди сиёсатшунос Ҳамид Содиқ.
Кўрсатувда, шунингдек, яна кўплаб қизиқарли саволлар ўртага ташланиб, муҳокама қилинди. Агар Россия элитасидаги парчаланиш ва унинг халқаро сиёсий ҳаётга, хусусан, Ўзбекистонга таъсири ҳақида янада кўпроқ билимга эга бўлишни истасангиз, «Фикрат» таҳлилий кўрсатувинининг ушбу сонини youtube.com тармоғида томоша қилинг.
Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.