Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 декабрь куни «Электромобиллардан фойдаланиш инфратузилмасини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Унда белгиланишича, 2024 йил охирига қадар Ўзбекистонда қувватлантириш станцияларининг сони 2500 тага етказилади (ҳозир 70та).
Бунда:
- 2023 йилда электр тармоқлари, трансформатор ва нимстанцияларга туташ ҳудудларда 1400 та қувватлантириш станцияси ўрнатиш учун ерлар аукционга чиқарилади;
- «Ҳудудий электр тармоқлари» томонидан халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларига туташ ҳудудларда камида 500 та қувватлантириш станциялари қурилади;
- 2023-2024 йилларда камида 500 та қувватлантириш станцияларини жойлаштириш учун давлат ташкилотларининг бўш ҳудудлари «K-savdo» орқали аукционга чиқарилади.
Ўз навбатида, 2023 йил 1 январдан тадбиркорларга қувватлантириш станциялари орқали электр энергиясини сотиш ҳуқуқи берилади. Бунда, хизмат тарифи (нархи) электр энергиясининг тасдиқланган тарифидан қатъи назар тадбиркорлар томонидан мустақил белгиланади.
Бундан ташқари, 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар қувватлантириш станциялари ва улар ўрнатилган автомобиль тўхташ жойлари жойлашган ер участкалари ер солиғидан, қувватлантириш станциялари мол-мулк солиғидан, асосий фаолият тури транспорт воситаларини қувватлантириш хизматини кўрсатиш бўлган тадбиркорлар эса фойда солиғидан ҳамда транспорт воситаларини қувватлантириш хизматини кўрсатишда айланмадан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.
Шунингдек, импорт қилинадиган қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси учун технологик асбоб-ускуналар божхона божидан озод этилади.
Ўз навбатида, ҳужжат билан 2030 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электромобиллар ва гибрид автомобиллар утилизация йиғимидан озод қилиниши белгиланди.