Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Душманимнинг душмани дўстимдир ёхуд Озарбайжон ва Исроил алоқалари ҳақида  

2733

Шу йил 30 май куни Исроил президенти Исаак Герцог Озарбайжонга ташриф буюрди ва мамлакат президенти Илҳом Алиев билан учрашди. Бу зиёратни 2020 йил ноябр ойида ғалаба қозонган 2-Қорабоғ урушидан сўнг икки давлат ўртасида жадаллашган муносабатлар ва дипломатик ўзгаришларнинг энг юқори нуқтаси сифатида кўриш мумкин. Озарбайжон ва Исроил ўртасида хавфсизлик, ҳарбий, соғлиқни сақлаш, таълим, савдо, технология, туризм, транспорт ва коммуникация, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик каби соҳалардаги яқин ҳамкорликдан ташқари, икки томонни ҳам бирлаштирган нуқта, Эрондан келадиган эҳтимолий хавф-хатарларга қарши кураш сиёсатидир, десак хато бўлмайди. 

Исроил 1991 йилда мустақиллигини эълон қилган Озарбайжонни биринчилардан бўлиб тан олган. Икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар 1992 йилда бошланган, 1993 йилда Бокуда Исроилнинг элчихонаси очилган.

Аммо Озарбайжон Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо баъзи давлатлар қатори, Эрон билан алоқаларида олиб борган мувозанат сиёсати туфайли Исроилда элчихонасини очмади ва муносабатларни муқобил усуллар билан давом эттиришни афзал кўрди. Бироқ, бу ҳолат муносабатларнинг ривожланишига тўсқинлик қилмади ва ҳар икки томоннинг бир-биридан манфаатдорлиги туфайли тобора кучайиб борди. 

Томонларни бир-бирига яқинлаштирган нафақат иқтисодий ва ижтимоий омиллар, балки ўзаро стратегик манфаатлар ҳам энг муҳим омил бўлди. Арманистонга қарши урушда фойдаланиш учун илғор ҳарбий технологияларни етказиб бериш, Ғарбдаги яҳудий лоббиси кучидан Россиянинг минтақадаги гегемонлигига барҳам беришда фойдаланиш каби омиллар Исроилни Озарбайжонга яқинлаштирди. Бундан ташқари, Озарбайжоннинг геополитик мавқеи уни Исроил учун ажралмас давлатга айлантирди, чунки у бой энергия манбаларига эга ва Эрон билан қўшни ҳисобланади. 

Қорабоғдаги ғалабада Исроилнинг Озарбайжонни қўллаб-қувватлаши, уруш пайтида ҳам, урушдан кейин ҳам Эроннинг Арманистонни қўллаб-қувватлаши, Озарбайжонга қарши турли тажовузкор нутқлар ва ҳаракатлар Исроил ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатларнинг янада яқинлашиши учун шароит яратди. Алиев ташқи сиёсатда мувозанатни моҳирлик билан сақлади, бу жараёнда Исроилнинг Туркия билан алоқалари “омонат” эканлигини ҳисобга олди ва эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилди. 

Алиев дастлаб Туркия ва Исроилни яраштириш учун бир неча бор уринишлар қилди. Алоқалар нормаллашиши билан Озарбайжон ва Исроил ўртасидаги муносабатлар жиддий суръатга эга бўлди. Исроилда 30 йилдан бери расмий ваколатхонасини очмаган Озарбайжон 2021 йил июл ойида Тижорат атташесини, 2022 йил март ойида эса Тел-Авивда Туризм идорасини очди.

Озарбайжоннинг Туркия ва Исроил билан яқин алоқаларини боса олмаган Эрон, қўрқитиш мақсадида Арманистоннинг Кафан шаҳрида бош консуллик очгач, Озарбайжон 2022 йил октябр ойида Исроилда элчихона очишга қарор қилди. Жорий йилнинг март ойида Озарбайжон элчиси Исроилда иш бошлади.

"Борди-келди"лардан мақсад нима?

2023 йилга бориб икки давлат ўртасида ташрифлар оқими фаоллашди. Март ойи бошида Исроил разведка вазири Гила Гамлиел Бокуга ташриф буюрди. Ойнинг охирида Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов элчихонанинг очилиш маросимида иштирок этиш учун Исроилга борди. Апрел ойида Исроил ташқи ишлар вазири Эли Коэн Озарбайжонга ташриф буюрди. Булардан ташқари, бир қанча олий даражадаги музокаралар ҳам бўлиб ўтди. Ушбу ташрифлар чоғида кун тартибидаги мавзулар ва имзоланган келишувлар ҳам матбуот билан ўртоқлашди.

Алоқаларни кучайтиришга қаратилган ушбу “борди-келди”лар Герцог ташрифи билан ўзининг энг юқори чўққисига чиқди. Ташрифдан кўзланган мақсад икки давлат ўртасидаги стратегик алоқаларни янада ривожлантириш, диверсификация қилиш ва мустаҳкамлашдан иборат эканлиги таъкидланди. 

Аэропортда давлат расмийлари ва Бокудаги яҳудий мактаби ўқувчилари томонидан кутиб олинган Герцог Алиев томонидан қабул қилинди. Икки аввалига яккама-якка учрашди, кейин эса ҳар икки томон делегациялари иштирок этди. Учрашувда икки давлат ўртасида 2023-2028 йилларда ишлаб чиқилиши кўзда тутилган соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди. Герцог Исроил ташкил топганининг 75 йиллигига бағишланган маросимдаги иштирокидан сўнг 31 май куни Исроилга қайтди. 

Учрашув кун тартибига оид расмий баёнотлар Эрон билан боғлиқ кун тартибига ишора қилмаса ҳам, ҳар икки давлатнинг Эрон билан алоқаларидаги муаммолар туфайли бу мавзу эътибордан четда қолган деб ўйлаш мумкин эмас. Аслини олганда, Герцог сафари олдидан эрталаб ижтимоий тармоқдаги постида Озарбайжоннинг шиа мазҳаб мамлакати эканлигини таъкидлаб, мавзуга ишора қилди.

Бокуга етиб келганида, у аэропортда баёнот бериб, Озарбайжонни муҳим давлат сифатида таърифлади, Эроннинг барча тарихий ва ижтимоий алоқалардан ташқари қўшни эканлигини ва Эроннинг тинчлик ва барқарорликни бузувчи фаолият олиб бораётганини таъкидлади.

Алиев билан бўлиб ўтган учрашувда у минтақада тинчлик ва хавфсизликни ўрнатиш зарурлигига урғу берди. Бу баёнотлар, икки томонлама учрашувнинг асосий кун тартибидан бири Эрон эканлигини эслатади. Герцогнинг Алиевдан бу борада баъзи талаблар қилгани табиий бўлса-да, Алиевнинг бу сўровларга қараши минтақада сўнгги йилларда пайдо бўлган геополитик мувозанатларга мос равишда шакллантирилишини таъкидлаш лозим.

Ташрифларнинг Озарбайжон-Эрон муносабатларига таъсири қандай бўлади?
Бу борадаги олдинги тажрибалар шуни кўрсатадики, Алиев нозик минтақавий мувозанатларга риоя қилади ҳамда яқин ва узоқ муддатда ўз мамлакати манфаатларини асос қилиб олади. Йиллар давомида Эрон матбуотида “Озарбайжон Исроилга Эронга қарши фаолият юритиши учун турли имкониятлар яратиб бераётгани” ҳақидаги айбловлар расмий Боку томонидан ҳар сафар кескин рад этилди. Бу борада заррача далил бўлмагани учун унинг асоссиз ва зулмкор эканлиги таъкидланди. 

2023 йилда худди шундай даъволар Исроил мухолиф матбуотида ҳам кўтарилди. Озарбайжон Исроил учун ҳарбий амалиётларда фойдаланиши учун аэропорт очишга тайёрланаётгани ва Моссадга Эронни кузатиш учун илғор бўлим ташкил этишга рухсат бергани ҳақида маълумот чоп этилди. Озарбайжоннинг Исроилдаги элчиси бу айбловларни қатъиян рад этди ва Озарбайжон Исроилга Эронга қарши ҳужумда ўз ҳудудидан фойдаланишга рухсат бермаслигини очиқ айтди. Бундан олдин ва кейин Озарбайжон маъмурияти бошқа давлатлар билан келишмовчиликларга тараф бўлмаслигини ва эҳтимолий ҳужумларда ўз ерларидан фойдаланишга ҳеч қачон рухсат бермаслигини қайта-қайта таъкидлади. 

Минтақа геосиёсатини ва сиёсий кайфиятларни яхши баҳолайдиган Озарбайжоннинг Исроил билан муносабатларини принципиал, ташқи сиёсатини белгилашда масалаларни ҳар томонлама кўриб чиқиб, сезгирлик билан ҳаракат қилмоқда, деб айтиш мумкин. 

Абдулазиз Муборак, 
Azon.uz мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7423 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага