Инсон яратилганидан бери минглаб йиллар ўтди. Одамлар ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг турли босқичларини босиб ўтди. Қулчилик тугатилди. Ирқчилик ва миллатчилик халқаро жиноят, деб эълон қилинди. Ранги, ижтимоий даражаси, миллати ва динидан қатъи назар, барча одамлар тенг – ҳазрати инсон эканини тан олмайдиган одамлар овозининг мавқеси тобора пасайиб бормоқда. Бироқ бугунгидек, нисбатан прогрессив тамаддунга эришган чоғимизда ҳам ирқчиликка бутунлай барҳам берилди, деб бўлмайди.
AzonTVнинг «Фикрат» таҳлилий кўрсатувида бошловчи Ғайратхўжа Сайдалиевнинг қайд этишича, БМТ хабарларидан бири одамни ташвишга солади. Унда айтилишича, қул савдоси дунёда тугатилган, лекин унинг пойдевори тўлиқ бузиб ташланмаган. Бу жуда афсусланарли ва қўрқинчли хабар, албатта. Чунки ацрим одамларга нисбатан муносабат ўзгармаган. Хоссатан, африкалик қора танли одамларни камситиш, паст муносабатда бўлишга ҳалиям чек қўйилгани йўқ.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Бош ассамблея йиғилишларидан бирида қатнашчилар эътиборини бу муаммога қаратиб, ирқчилик ҳамон барҳам топмаганини, африкаликларга паст назар билан қараш ҳамон сақланиб қолаётганини алоҳида қайд этди. Бунга чек қўйиш йўлларидан бири – таълим эканлигини кўрсатилган. Бундан ташқари, африкалик фаолларнинг “йиллар давомида, 400 йил давомида Африкадан қора танлиларни Америка қитъасига (ўғирлаш, олиб қочиш ва алдов йўллари билан) қул қилиб олиб кетилгани учун узр сўраш вақти келди, демоқда. Шунингдек, бунинг ортидан бойиган давлатлар, банклар, суғурта компаниялари ва алоҳида шахслар буни тан олишлари керак, дейишмоқда.
- Бу гапда жон бор, дейди, “Фикрат” кўрсатуви эксперти, халқаро сиёсий шарҳловчи Абдували Сойибназаров. - Ҳатто Америка Қўшма Штатларида ҳам ирқчилик белгилари сақланиб қолган. Полициянинг қора танлиларга нисбатан хатти-ҳаракатларини кўриб, бунга амин бўлиш мумкин. Фақат бир нарсага ҳайрон бўламан, АҚШда полицияга кўп ҳужум қилишадими, билмайман, уларда полициячилар жуда қўрқоқдек кўринади. Машина билан кетаётганингизда тўхтатишса ҳам, аввал ортингизда 10 дақиқа текшириб ўтиришади ва кейин секин олдингизга келишади. Шериги эса бу пайт қуролини отишга шай қилиб туради. Автомобилингиз рақамидан кўриб, сизда қурол борми-йўқми, аниқлаб, эҳтимолий отишмага тайёр туришади. Бу албатта эҳтиёткорлик белгиси. Аммо полиция томонидан қора танлиларни ўлдириш ҳолатлари ҳамон учраб туради Албатта бунинг тагида ирқчилик ётибди ўйлайман.
Дунёнинг бошқа давлатларида ҳам қора танлиларга паст назар билан қараш сақланиб қолган. Ҳалиям уларни ёввойи одамлар, деб билишади. Лекин бугунги Африка давлатларини оладиган бўлсак, беқарорлик асосан, Мали, Марказий Африка Республикаси (Франциянинг собиқ мустамлакаси), бундан ташқари Эфиопия ва Эритрея ҳудудларида ва Сомалида сақланиб турибди холос. Қолган Африка давлатлари барқарор ривожланиш йўлидан кетмоқда. Айниқса Жанубий Африка Республикасида иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари ниҳоятда юқори. У БРИКС ташкилотининг энг катта аъзоларидан бири ҳисобланади, дейди сиёсий шарҳловчи Абдували Сойибназаров.
Албатта ирқчилик бошқа давлатларда ҳам сақланиб қолган. АҚШда полициячи жиноятчиликда гумонланган қора танлиларни отиб ўлдирса, Россияда уларни оддий миллатчи одамлар бемалол ўлдиришлари учраб туради. Нафақат қора танли, балки териси оқ, сочи сариқ ва кўзининг ранги кўк бўлмаган ҳар қандай одам ҳам Россияда миллатчилик ҳужумига потенциал нишон ҳисобланади.
2017 йилда Москвада сартарош бўлиб ишлаган, 24 ёшли ўзбекистонлик фуқаро Дастан Адехановни унинг хизматидан норози бир маҳаллий мижоз ҳамманинг кўз олдида, кабоб сихини унинг юрагига тиқиб-тиқиб ўлдирганди. Кузатув камераларидан олинган видеодаги энг қайғули жиҳат шундаки, бу қотилликка гувоҳ бўлган маҳаллий аҳоли уларни ажратмади ҳам. Қотилнинг юзида эса мамнуният ва хотиржамлик ҳисси акс этиб турарди. У хотиржам, шошмасдан жиноят жойини тарк этди.
Бу воқеа рус ОАВларида шундай талқин этилдики, гўё ўзбек йигит сартарошлигини эплолмаган ва мижоз уни ўлдириш йўли билан жазолашга мажбур бўлган. Бу хабарлар остида эса воқеадан ҳам даҳшатли изоҳлар қолдирилган. Изоҳларда қотилга хайрихоҳлик билдирилган.
Россия ОАВларда бундай ирқчилик тез-тез учраб туради. Бирор хорижлик мигрант қонунни бузса, ҳамма Россия ОАВ воситалари 2 ой давомида кунига 5 мартадан шу воқеани намойиш қилиб, хақ ғазабини қўзғайди. Лекин Серпуховода Ҳувайдо исмли тожик қизчани зўрлаб, қийнаб ўлдирган рус педофили ҳақидаги воқеа эса деярли шов-шув қилинмади. Ҳатто 5 йил давомида қотилни оқлашга ҳаракат қилишди.
Бундан мақсад эса халқни оғир ижтимоий-иқтисодий аҳволдан чалғитиш, шунча нефт, газ ўрмон ва бошқа қазилма бойликлари бор, ери деярли чексиз бўлган давлатда оддий аҳолининг камбағал яшаётганига коррупция, ўғирлик ва таниш-билишлик эмас, балки хориждан келган оддий меҳнаткашлар айбдор, деган фикрни сингдириш, халқни жипслаштириш учун “ягона душман” топиб беришдан иборат, назаримизда.
Демакки, ирқчиликка барҳам бериш учун аввало аҳолининг хабардорлигини ошириш, оммавий ахборот воситаларида янгилик ва хабарлар бериш услубига эътибор қаратиш, энг муҳими ирқчиликка қарши курашда ҳукуматларнинг ўзида ҳам етарли сиёсий ирода бўлмоғи лозим.
Абулфайз Сайидасқаров тайёрлади.