Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Диққат: судланганлар сони ошмоқда!

3017

Олий суд берган маълумотга кўра 2020-2022 йиллар ва 2023 йилнинг 5 ойлиги давомида 5448 нафар шахсга МЖТКнинг 184-2-моддаси билан (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) жазо тайинланган.

Шундан:

➖2020 йилда – 1 070 та шахс;

➖2021 йилда – 1 396 та шахс;

➖2022 йилда – 1 960 та шахс;

➖2023 йил 5 ойида – 1 022 та шахс.

Ўсишни сезгандирсиз?! Бу ўсиш нимани хисобига, ҳуқуқбузарлик кўпайганми ёки бу соҳада назорат кучайганми деган савол пайдо бўлади. 

Хулоса чиқаришга шошилмаймиз. Ҳуқуқбузарликларнинг барча турлари бўйича умумий статистикада ўсиш тахминан шунақа.

➖2020 йилда – 269 026 та шахс;

➖2021 йилда – 331 749 та шахс;

➖2022 йилда – 397 071 та шахс;

➖2023 йил 3 ойида – 94 036 та шахс.

Бошқа, жумладан, энг кўп содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар – ҳақорат, енгил тан жароҳати етказиш, майда безорилик, траснпорт воситасини бошқариш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар статистикасида ҳам ўсишлар бор.

Шу ерда катта “АММО, БИРОҚ, ЛЕКИН”лар ва бир қатор саволлар бор.

Ҳақорат, енгил тан жароҳати етказиш, майда безорилик ва шу каби ҳаракатлар нима сабабдан ҳуқуқбузарлик хисобланиб, уларни содир этганлик учун жавобгарлик белгиланган? Чунки, бу ҳаракатлар фуқаронинг,  давлатнинг, жамиятнинг  ҳуқуқларини бузади, уларнинг манфаатларига зарар етказади. Бу ҳаракатлар шахсга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, мулкчиликка, давлат ва жамоат тартибига, табиий муҳитга зарар етказади.

Бирор бир ҳаракат қонун билан тақиқланиши/чекланиши ва мазкур тақиқланган/чекланган ҳаракатни содир этиш  ҳуқуқбузарлик хисобланиши учун бу ҳаракат “ҳуқуқни бузувчи” бўлиши керак.

Энди саволларга ўтсак:

 Диний мазмундаги материалларнинг тарқатилиши кимнинг ҳуқуқини бузади?

Диққат қиламиз, бу ерда гап ақидапарастлик, радикализм билан йўғрилган, давлат ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материлаллар ҳақида эмас, балки фуқароларга ҳам, давлатга ҳам жамиятга ҳам фойдали бўлиши мумкин бўлган материаллар ҳақида кетяпти. 

Масалан, бирор диний китобдан иқтибос келтирган холда ўғрилик қилишдан қайтариш, бировнинг молига, жонига, соғлиғига зарар етказишни қоралаш, одоб ахлоқни, оилавий муносабатларни мустаҳкамлашни ва шу каби жамиятни ислоҳ қилиш учун фойда келтирадиган ишларни тарғиб қилиш учун шундай материалларни тарқатиш фуқароларга, давлатга, жамиятга зарарми ёки фойдами❓

Сиз шундай фойдали материални диншунослик экспертизасининг хулосасини олмасдан тарқатсангиз ҳуқуқбузар хисобланишингиз, тарқатилаётган ҳар бир материал учун диншунослик эксперизаси ҳулосасини олиш шартлиги қанчалик тўғри иш❓

2022 йил 1 декабр холатига 2340 та диний ташкилотлар (марказ, диний ташкилот,ўқув юрти ва б.) мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилиги у ёки бу шаклда диний материал тарқатувчи хисобланади. 

Оддий фуқароларни айтмай турайлик, шу диний ташкилотлар томонидан тарқатиладиган материалларнинг барчасини экспертизадан ўтказиш амалий жихатдан қилиш мумкин бўлган ишми❓

Бу саволларга жавоб беришни масъул идораларга қолдириб хулосага ўтсак:

Бекорга постни статистик маълумотлардан бошламадим. 

Тўғри таҳлил қилинган маълумотлар жуда кўп нарсалар ҳақида гапириши ва ечимлар бериши мумкин. 

Масъул идоралар ҳуқуқбузарликларни батафсилроқ таҳлил қилиб, юқорида келтирилган саволларга жавобларни топишса МЖТКнинг 184-2-моддаси ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасини ўзгартириш керак деган фикрга келишади деб умид қиламиз.

Унгача эса ўша гап: Жавобгарликка тортилмай десангиз, диний мазмундаги материалларни тарқатишдан тийилиб туринг.

Яна бир гап: Экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, жамоат ва давлат хавфсизлигига қарши қаратилган материалларни тарқатишни ва ҳар қандай ғаразли мақсадалар учун диндан фойдаланишни қатъий қоралаб, бундай нарсаларга асло яқинлашмасликни тавсия қиламан.

Айтганча, МЖТКнинг 184-2-моддаси билан жаримага тортилиб, суд қароридан норози бўлган ва Конституциявий судгача боришга тайёрман деган  “ҳуқуқбузар”лар бўлса мурожаат қилинг, амалий ишга ўтамиз.

 


Жамшид Усмонов,адвокат

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7423 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага