Тошкент Ислом Институти матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари раислигида олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида диний таълим сифатини янада ошириш, келгусида амалга оширилиши режалаштирилган истиқбол режаларга бағишланган онлайн мулоқот ўтказилган.
Унда Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистондаги Ислом Цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, ДИҚ биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, ЎМИ раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, хусусан Тошкент ислом институти раҳбарияти, ўқитувчи ва ходимлари иштирок этган.
Муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида кўп ижобий ўзгаришлар амалга оширилгани, кенг имкониятлар яратилганини эътироф этиб, келгусида таълим-тарбия сифатини ошириш, дарслик ва ўқув қўлланмаларни қайта кўриб чиқиш, такомиллаштириш ҳамда замонавий илғор тажрибаларни қўллаш масалаларига алоҳида тўхталди.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари мударрислик мақоми ва унинг масъулияти ҳақида сўзлаб, ушбу мақом эгаларининг Аллоҳнинг олдида омонатдорликлари борлиги, имом-домлаларни тайёрлаш ўта нозик ва ҳассос масала эканига катта урғу қаратди.
Мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари, жумладан, 3 та олий – Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби ва 10 та ўрта махсус ислом билим юртлари раҳбарлари сўзга чиқишган.
Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров сўзга чиқиб, диний таълим, хусусан Олий маъҳад таълим тизими, ўзгаришлар ҳамда келажакда бажарилиши режалаштирилган муҳим масалалар бўйича фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларини берди.
Амалий таклиф-ташаббуслар ва ҳаётий фикр-мулоҳазалар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди.