Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Диний таълим инсон эътиқодини мустаҳкамлайдими?

1496

Ҳа, дейди ота-оналар бу саволга! Улар ўртасида диний таълим олиш муҳимми, у болага нечоғли керак, боланинг кейинги тақдири унинг диний таълим олишига боғлиқми,  деб сўровнома ўтказдик. 

Фарзанд оила гултожи. Ота-онанинг қувончи ва бахти. Гўдаклар туғилар экан оила ҳам ўз-ўзидан мустаҳкамланиб, қадриятлар камолга етиб бораверади. Ҳар бир ота-она, бобо-бувининг ҳаётининг мазмуни ана шу туғилган ва улғаяётган норасида бўлиб қолади. Энди ота “ўғлим ёки қизим мендан бахтли бўлсин, у мен кўрмаган барча яхшиликларни кўрсин” деб меҳнат қилади. Онанинг дилидан ва тилидан “болам яхши инсон бўлиб улғайсин, у элга мададкор, доимо соғ-саломат бўлсин” деган дуою тилаклар тушмайди. 

Боланинг отаси ёки онаси истаганидек инсон бўлиб вояга етишида энг биринчи навбатдаги оиладаги муҳит, унинг қандай усулда тарбияланиши, тарбиянинг ўзига хосликлари муҳим ўрин тутади. 

Ота-оналар энг аввало, фарзандига гўзал хулқдан ортиқроқ ҳадя бера олмайди, дейилган гап бор. Дарҳақиқат, аввало ота-онанинг бола олдидаги бурчлари учта деб белгиланган. Биринчиси унга чиройли исм қўйиш. Чунки у улғайгач ўз исмидан уялмаслиги керак. Иккинчиси яхши тарбия, учинчиси вояга етгач уни уйлаш ёки турмушга узатиш. 

Ҳар бир оиланинг ўз қадриятлари, фақат ўзигагина маъқул келувчи одатлари, тамойиллари мавжуд. Кимдир боласини эркалатиб, ширин сўзлаб тарбияласа, кимдир қўрқитиб, ё ниманидир таъқиқлаб вояга етказади. 

Аҳолисининг 90 фоиздан ортиғини ислом динига эътиқод қилувчилар ташкил этадиган юртимизда албатта болалар ислом ақидалари асосида ўсиб-улғайишади. Дастлаб “у ишни қилма ёмон бўлади, бундай қилма ёмон бўлади” деб болага нима яхшию нима ёмонлиги ўргатилса, йиллар ўта бошлагач, “ёмон бўладиларга” изоҳлар ҳам берилади.

Масалан, бола уйқудан уйғонгач, албатта юз-қўлини ювиб сўнгра дастурхонга ўтириши ўргатилади. Лекин ҳеч қайси ота-она буни нима учун талаб қилаётганлигини айтиб бера олмайди. Балки кичик ёшдаги фарзандлар учун “тозалик соғлиқ гарови, агар юз-қўлингини ювмасанг ёмон бўлади” деб айтиш мумкиндир, аммо катта ёшдаги болалар учун оилада диний сабоқлар берилса, худди шу вазиятда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини келтириб  ўтиш мумкин. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта ювмасдан туриб, уни идишга солмасин, чунки бирортангиз ҳам қўлини қаерда тунаганини билмайди ёки қўли қаерда айланганини билмайди” .

Мактабга чиққан бола дунёвий билимларни ола бошлайди ва ўз навбатида унинг саволлари ҳам кўпаяди. Нега, нима учун, қаерда, қачон каби саволларга жавоб бериш ўқитувчи ва ота-онанинг зиммасига тушади. 

Уйида қайсидир диний ақидалар асосида тарбияланаётган болада мактабга келиб бирдан узилиш бўлиб қолиши мумкин. Бир синфда турли миллатли, турфа динли ўқувчилар ўқийди. Уларга ўз динидан келиб чиқиб муомала қилиш лозим. 

Тўғри, Ўзбекистонда давлат диндан ажратилгани боис мактабларда диний таълим ўргатилмайди. Ва бу ҳақда  Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 16 майда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тузиш тўғрисида”ги қонунида ҳам сўз боради. Яъни қонуннинг 7-моддаси “Таълим тизими ва дин” деб номланган. “Ўзбекистон Республикасида таълим тизими диндан ажратилган. Таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига йўл қўйилмайди” дейилган. Шунингдек “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг дунёвий таълим олиш ҳуқуқи уларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар таъмин этилади” дея қайд этилган.

Биз ота-оналар ўртасида   “диний таълим олиш муҳимми?”, “У болага нечоғли керак?”, “Боланинг кейинги тақдири уни диний таълим олишига боғлиқми?” каби сўровнома ўтказдик ва бир бир қанча жавобларни олдик. 

Сўралганларнинг кўп қисми  диний билим берилиши ҳақидаги саволимизга жавоб беришни истамади. 

Баъзилари эса  диний таълим бола учун зарурлигини, фақат у тўғри йўналтирилиши лозимлигини айтишди. 

Мана оналарнинг бирининг жавоби (саволлар синфларнинг телеграмм гуруҳидан жўнатилган).

3-синф ўқувчисининг онасининг жавоби: Диний таълим бола учун зарур, фақат уни тўғри йўналтириш лозим. Чунки Қуръон ўқиган болага унинг қонун-қоидаларини, унинг тафсирини содда қилиб тушунтирилса, келажакда ўша бола инсонларга яхшилик қиладиган иймонли фарзанд бўлади.  

Яна бир она шундай жавоб берди: Диний таълим берилиши керак деб ўйлайман. Сабаби бутун дунё танийдиган боболаримиз ҳам аввало Қуръонни ўқишган. Диний таълим тўғри берилса яъни фан сифатида ўқитилса кейинчалик бола нотўғри йўлга кириб кетмайди. Қолаверса ҳеч қайси дин ёвузликни тарғиб қилмайди.  

“Агар болаларимиз диний таълим олса жуда яхши бўларди. Сабаби уларда ёшлигиданоқ иммунитет шаклланиб, эзгу ғоялар билан бузғунчи ғоялар нима эканлигини фарқига бориб улғаярди” деб жавоб берди яна бир она. 

Ота-оналарнинг айтишича, агар ўқувчида диний билим етарли бўлса, кейинчалик унинг диний экстремизм ғояларига осонгина қул бўлишининг олди олинади. Яъни улар софлик ва эзгулик, ҳалол ва ҳаром, тўғрилик ва эгрилик ҳақида ўз фикрига эга бўлади. Нотўғри ғояларга эргашиб кетмайди. 

Баъзи ота-оналар гарчи исми шарифлари сир сақланиши айтилса ҳам,  бу саволларга жавоб беролмасликларини, замон нозиклигини, боласининг дунёвий билим олишининг ўзи катта имконият эканлигини, баъзи давлатларда ҳатто ўқувчилар мактабга бора олмаётганлигини айтиб, саволларимизга жавоб беришни исташмади. 

Яна бир тоифа ота-оналар (шу ерда бир фикрни айтиб ўтиб кетиш керак сўровномада асосан оналар қатнашди) мактабда замонавий билимларни эгаллаш керак. Асосан математика, чет тиллари, физика, кимё, биологияни ўрганиш етарли, диний таълимни бола уйда бобо-бувисидан ёки ота-онасидан ҳам ўрганса бўлаверади, деб ҳисоблашларини билдиришди.

Хулоса қилиб айтганда, аксарият катталар диний мавзуларда гапиришдан чўчишар экан. Иккинчи бир хулоса ҳамма боласининг эътиқоди бутун шахс бўлиб вояга етишини истайди, лекин мактабларда диний таълим фан сифатида киритилишига ишонмайди. Сўралганларнинг аксарияти диний таълим берилиши жамиятнинг яхшиланишига катта ёрдам беради деб ҳисоблайди. 

Сўзимиз якунида ҳар бир дин вакили ўз диний қарашларини фарзандлари ҳам давом эттиришини исташини билиб олганимизни айтамиз. 

Шарифа Мадраҳимова, журналист.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7424 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага