Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

“Диний китоблар чоп этишда ҳеч қанақа чеклов йўқ!” – туркиялик ношир билан суҳбат

1201

Сиздан узр сўраган ҳолда, мақолани бироз расмий тарзда бошлаймиз. 

“Китобхонлик маданиятини ривожлантириш учун 2017 — 2020 йилларда Ўзбекистон Президенти ва Ҳукуматнинг 5 та қарори қабул қилинди, бу иш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди.

Дарҳақиқат, юртимизда китобхонликни тарғиботи учун қайсидир маънода эътибор қаратиляпти, албатта. Ҳатто, «Ёш китобхон» танловининг 9 нафар ғолибига Президент совғаси сифатида «Спарк» автомашинаси ҳам берилди.

Лекин бу борада қилганимиздан кўра қиладиган ишларимиз жудаям кўп.

Туркиядаги махсус мухбиримиз Абдулазиз Раимов асосан диний китоблар чоп этадиган “Равза” нашриёти раҳбари, таниқли ёзувчи Мустафо Касадор билан китобхонлик маданияти, ноширлик фаолиятининг ўзига хослиги ҳақида суҳбатлашди. Бундан ташқари расмий рақамларни ўрганиб, юртимиздаги вазият билан солиштириб кўрди.

Рақамлар “тилга кирганда”:

Туркия Статистика институтига кўра, мамлакатда 34 557 та кутубхона бор. Улардаги китоблар сони 78.4 млн дона(2022 йил 1 январь ҳолатига).

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси юртимиздаги кутубхоналарнинг сони атиги 400 тани ташкил қилмоқда (2021 йил 1 январь ҳолатига). (Маълумот учун: 2000 йилда юртимизда 6027 та кутубхона фаолият юритган).

Ўтган йили Туркияда 80 минг номдаги китоб 800 миллион нусхада чоп этилди.  (Бу борада турклар китоб номи бўйича дунёда 7-ўрин, адади жиҳатидан 10-ўринни эгаллабди).    

2022 йил 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистонда 1500 номдаги Китоб ва рисолалар чоп этилди. Уларнинг тиражи 5 298 800 дона.

2019 йилги маълумотларга кўра, аҳолиси биздан беш баравар кам Қирғизистонда жамоат кутубхоналари биздан қарийб икки ярим баравар кўп: 1062 та,

Савол: Мустафо хўжам, аввало таклифимизга ижобат қилганингиз учун жамоамиз ва ўзбекистонликлар номидан ташаккур изҳор этамиз. Суҳбатимизни нашриёт қачон ташкил этилгани, асосий мақсад ва вазифалар нималардан иборатлиги ҳақидаги саволдан бошласак? 

Жавоб: Мен ҳам фикрларимизни қардош ўзбек халқига етказаётганингиз учун Сизларга ташаккур билдираман. Аввало шуни таъкидлашимизни истардимки, Ўзбекистон бизнинг асл келиб чиққан жойимиз, Ислом оламидаги энг буюк уламоларимиз, машойихларимиз етиштирган юрт. У диёрлар, Бухоро, Тошкент ва бошқалари Исломнинг қадим шаҳарларидандир. Шукрки, Ўрта Осиё давлатлари яна мустақил бўлганидан, айниқса, сўнгги йилларда дини Исломга кенг йўл очилганидан хурсандмиз. Бунинг учун Аллоҳга ҳамд айтамиз. Футсатдан фойдаланиб, ўзбек халқига саломларимизни йўллайман ва ҳурмату муҳаббатимизни изҳор қиламан.

Яна Жаноби Ҳақ жумла мусулмонларни яна ёруғ кунларга етказади, деган умиддаман. Аслида Исломнинг икки юз йиллик заифлиги тугаб, дунёда ҳурмат қилинадиган кучга айланаётганини кўриб турибмиз. Мусулмонлар ўзлигига, ўз динига қайтяпти, Ислом жамиятларида янгидан зуҳур бўлиш кайфият бор. Ҳеч бир муболағасиз навбатдаги ренессанс бошланяпти, дейишимиз мумкин. Шу сабабдан бўлса керак, китобларга ва хоссатан исломий китобларга эҳтиёж янаям кучайиб боряпти.

Мен 80-йиллари, университетни битирибоқ нашриётда иш бошлаганман. Ўшандан бери нашриётчилик иши билан машғулман. Шу даврга қадар уч юзга яқин арабча ва мингдан зиёд турк тилидаги китобларни чоп қилдик. 34 йиллар олдин, яъни иш бошлаш пайтимизда ўзимизга бир шиор танлаганмиз. Яъни “Ёшлик мактаби” деган. Ҳозиргача шу йўлдамиз. Мақсадимиз аввало ёшларимизни саҳиҳ диний таълимот билан тарбиялаш. Шикрдан, бидъатдан узоқ аҳли тавҳид, намозхон бўлиши, динини ва пайғамбарини таниши мақсадида ҳаракат қилмоқдамиз. 

Китобларимизнинг мундарижаси хилма хил. Масалан, Сийрат – Пайғамбаримизнинг ҳаёт йўлларига оид ўнлаб китобларимиз бор. Болалар учун кичик рисолалардан тортиб 2000 саҳифалик китобларгача босмадан чиқардик. Саҳобаларнинг ҳаётлари ҳақида, Жаннат башорат қилинган зотлар – Ашараи мубашшара ҳақида асарлар, арабча ва туркча тўғри эътиқодга оид китобларни, тафсирларни, масалан, Насафийнинг олти жилдлик тафсирини арабчада, Абу Лайс Самарқандийнинг олти жилдлик тафсирини туркчада, араб тилини ўргатадиган сарф ва наҳф китобларини, Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий китоблари, хоссатан, Мухтасари Қудурий, “Нурил изоҳ” каби китобларнинг ҳам асли араб тилида, ҳам турк тилида нашр қилдик. Шу билан бирга замонамиз уламоларининг, жумладан, туркиялик бир қатор олимларимизнинг асарларини чоп этдик. 

Хуллас, ҳар битта чиқараётган китобимиз Исломий ғояларга хизмат қиладиган асарлардир. Аллоҳнинг розилигига эришиш борасида ҳам, миллатимизга манфаат бериш борасида ҳам яхши ишлар албатта. Нашриётимизнинг асосий мақсади шу, қайси китобни чоп этмайлик, динга хизмат қилсак бўлди. 

Савол:  Сизларда ҳам диний китоблар чоп этилиши ва тарқатилиши устидан давлат назорати борми? Масалан, диний китобларни бирор бир қўмита текшириб, қанча тиражда босилишини белгилаб берадими?

Жавоб: Бизда китобларни чоп этилишидан олдин текширадиган бирор бир қўмита йўқ: на диний ва на дунёвий. Бизда буни “цензура” дейилади, цензура мутлақо йўқ. Китоб босишдан олдин ҳеч қанақа тўсиқ, текширув ва ё бирор бир қўмитага мурожаат қилиб, рухсат олиш талаби йўқ. Туркияда диний китоблар нашри учун доир алоҳида қоида мавжуд эмас. Бошқа китобларга қанақа қоида бўлса, диний китоблар ҳам айни шу асосда чоп этилаверилади. 

Фақат китоб босишдан олдин ёрлиқ (бандерол) олинади, холос. Маданият вазирлигининг вилоят ва шаҳарлардаги бошқармаларидан олинади, унда ҳам китобнинг мазмунига аралашмайди. Ёрлиқ – интеллектуал ва бадиий асарларни муаллиф рухсатсиз чоп этишнинг олдини олиш мақсадида йўлга қўйилган. Яъни босилажак асарнинг муаллифи рози қилинганми-йўқми, дея уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида йўлга қўйилган. 

Овропа стандартида демократия дейдилар, фикр эркинлиги бор. Агар қўлига қурол олиб давлатга қарши чиқмаса, Туркия қонунлари унга қаршилик қилмайди.  

Савол: Хўжам, Сизларда болалар учун чиқарилган диний китобларга эҳтиёж қанақа?

Жавоб: Бугунги кунда жуда катта эҳтиёж бор аслида. Чунки, яхши биласиз, болалар етти саккиз ёшигача асл характерини шакллантириб олади. Аммо Туркияда болалар учун Исломий китоблар нашри етарли эмас. Бошқа мавзудаги китоблар кўп, аммо диний мазмундагиларининг сони жудаям оз. Бу жиҳатдан афсуски катта бўшлиқ бор. Бизда ҳам болалар учун аталаган китоблар бор, лекин бизда ҳам кам. Сабаби болалар учун мўлжалланган китобларнинг ўзига хослиги бор, масалан, расмли ва қалин бўлиши керак ва ҳаказо. Бунга ихтисослашган нашриётлар бор, аммо барибир бошқаларига солиштирганда жуда оз.

Савол:  Навбатдаги савол китоблар таннархи масаласида. Харидор-ўқувчига бугун қай бири маъқул: сифатли ва қиммат китобми ёки сифати мундайроғу нархи ҳамёнбоп бўлганими?

Жавоб: Албатта китобларнинг қоғоз сарфи ва муқова харажати сабаб нархлари қиммат бўлиши мумкин. Бир марта ўқиладиган китоблар бор, масалан, роман-қиссалар сингари, менинг назаримда, уларга катта пул сарфлаш тўғри эмас. Исроф дейишам мумкин. Аммо эътиборли диний китоблар бор, масалан, “Иҳёю улумид дин” каби. Бу асарни бир асрлик дейсак, муболаға бўлмайди. Сотиб олсангиз, юз йилгача кутубхонангизда туради. Одамнинг невара-чевараларигача ўқиши мумкин. Бизнинг кутубхонамизда минг йиллик китоблар бор, масалан. 

Китобнинг мазмунига кўра қоғоз ва муқова танлаш мақсадга мувофиқ деб биламан. Ҳам ўқувчига фойда, ҳам иқтисодга десак бўлаверади. Нашриётларга ҳам манфаатли бу иш. Битта китоб пулига бир неча китоб чоп этиши мумкин. Охирги йилларда китоб қоғози деган қоғоз туридан кенг фойдаланиляпти. Енгил бўлгани учун хориждан келтирилганда қўл келади. Айни пайтда китобхон ҳам малолсиз ёнида олиб юраверади. 

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, аввалги замонларга қараганда бугун матбаачилик жуда ривожланиб кетди. Хоссатан муқова ишламлари ҳам. Шу сабабли муқоваларнинг тан нархи ҳам енгил бўляпти. Техника ривожлангани учун китоблар чиқитсиз (браксиз) босилмоқда. Масалан, биринчи нашрда ўн лирага тушган китобни қайта босадиган бўлинса, беш лира сарфланади, яъни харажатлари тенг баробар арзонлашади. Шу нуқтаи назардан бир китоб сарфига иккитасини босишнинг имкони туғиляпти. Мана шунақа енгиллиги бор. Охир-оқибат сифатсиз китоблар чоп этилмаяпти дейиш мумкин. Ношир сифатли китоб эмас, аксинча, сифатсизини босиш қийин масала, десак ҳам бўлаверади. Шу даражага етдик. Сифат бўйича муаммо қолмади яъни.

Савол: Хўжам, Туркияда ноширлар учун давлат тарафидан берилган қанақадир енгилликлар борми? Масалан, солиқ имтиёзи каби...

Жавоб: Шундайки, Туркияда ҳозирги ҳукумат даврида китоблардан ҚҚС (қўшимча қиймат солиғи) олиш бекор қилинди. Туркияда ҳар бир ишлаб чиқарилган маҳсулотдан ҚҚС олинади. Айрим маҳсулотлардан 1, бошқаларидан 8, айримларига ҳатто юзда 20 га қадар ҚҚС қўйилганди. Авваллари китоб чоп этилганда ҳам 8 фоиз ҚҚС тўлаш лозим бўларди, мана шу солиқ бекор бўлди. Бундан ташқари бошқа имтиёз йўқ.

Аммо, давлат шундай ташвиқот қиляптики, Маданият вазирлиги бир йилда икки марта истисносиз ҳар бир нашриётдан маълум адад китоб сотиб оладиган бўлди. Бу китобларнинг пулини давлат тўлайди ва улар кутубхоналарга топширилади. Мана шунинг ҳисобига нашриётчилар бир йилда икки марта давлатга китоб сотиб, катта миқдордаги маблағга эга бўляпти. Қўли яхлит пул кўряпти. 

Жумладан, бизга ўхшаш диний китоб чоп этадиган нашриётлардан ҳам сотиб олади.

Мухбир: Хўжам, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Ишларингизга Аллоҳ ривож берсин. Саломат бўлинг.

Жавоб: Мен ҳам шундай имконият учун ташаккур билдираман. Жаноби Ҳақ рози бўлсин.

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz’нинг Туркиядаги махсус мухбири

Истанбул

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Диний таълим масаласида Диний идора ташаббус кўрсатиши керак!

8195 11:57 02.08.2023

Шавкат Мирзиёевнинг исломофобияга қарши курашиш таклифидан сўнг...

7425 18:35 21.07.2023

Намойишчилар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига ўт қўйишди

4434 11:00 20.07.2023

Буюк Британия депутати «Толибон» ҳукуматини Афғонистоннинг «тўлиқ ўзгартиргани» учун мақтади

3599 10:05 20.07.2023

Фоҳишаларга 5 сутка, нашид юборганга эса...

4620 22:00 19.07.2023

Муҳаррам ойининг фазилати

2362 09:12 19.07.2023
« Орқага