Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси сохта олий таълим муассасаларидан эҳтиёт бўлишга чақирди.
Инспекциянинг қайд этишича, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда лицензияга эга бўлмаган бир қатор ташкилотлар ўзларини нодавлат олий таълим ташкилотлари сифатида тарғиб қилиш ҳолатлари учрамоқда. Хусусан, кўпчилик “Valley Innovative University”, Самарқанд – Корея халқаро университети, Ангрен – Корея интернационал университети, Халқаро Европа университети ва бошқа шу каби муассасалар томонидан берилган дипломлар Ўзбекистонда олий таълим муассасаси дипломи сифатида тан олинадими?” деб мурожаат қилмоқда.
Уларнинг айримлари ҳаттоки хорижда таълим олаётган юртдошларимизга ўқишларини Ўзбекистонга имтиҳонсиз кўчириш бўйича ваъдалар бераётганлиги айтилмоқда.
“Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси юқорида номи келтирилган таълим ташкилотлари Ўзбекистонда олий таълим хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини берувчи ҳеч қандай лицензияга эга эмаслигини маълум қилади.
Қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ, Таълим инспекциясидан олий таълим хизматлари кўрсатиш учун лицензия олмаган нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан берилган дипломлар тан олинмайди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасига асосан, нодавлат таълим ташкилотлари лицензия олинган кундан эътиборан таълим фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир”, – дейилади Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси баёнотида.