Дания телеканали Тwitter’да Марокаш миллий футбол жамоаси футболчилари ва уларнинг оилаларини маймунлар оиласига ўхшатган изоҳ эълон қилгани учун узр сўради.
Қатар майдонларида бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларида ўз оилаларига, хоссатан, оналарига насбатан ҳурмат ва эътибори орқали бутун дунёга ибрат кўрсатган марокашлик футболчиларга нисбатан Даниянинг TV 2 News телеканали бошловчиси Кристиан Хог Андерсен айирмачиликка хос гапларни айтди. Ўйинларда ғалаба қозонган марокашлик футболчиларнинг оналарини қучоқлаб, нишонлаётгани тасвирлари эфирга узатилаётганда телебошловчи “маймунлар оиласи” деган гаплари кескин эътироз ва танқидларга сабаб бўлди.
"Марокаш футболчилари ва уларнинг Қатардаги оилалари ҳақидаги ҳикоядан сўнг, бизда исиниш учун йиғилган ҳайвонлар оиласи ҳақида ҳам хабар бор", деди Андерсен. У гўё бу гапи билан иккинчи янгилик тақдимотини қилгандай тутди.
TV 2 News телеканали ўзининг Тwitter саҳифасида воқеа ҳақида алоҳида баёнот берди.
"Ҳайвонлар ҳақидаги кейинги мақолага ҳавола қилинган изоҳлар учун жуда афсусдамиз. Бунинг учун узр сўраймиз", дейилади телеканал баёнотида.
TV 2 News бош муҳаррири Анн Метте Сване бу шарҳ "ҳам ёлғон, ҳам ҳақоратомуз" эканлигини тан олди.
Андерсен бу таққослашни ёмон ниятда қилмаганини баҳона қилиб, узр сўради.