Тахминан саксонинчи йиллар бошлари эди, ҳукуматда коммунистлар, динсизлик авж олган, худосизликка тарғибот ва ташвиқот кучли давр эди. Бешинчи ёки олтинчи синф ўқувчиларимиз. Тарих дарсига кирдик, ўқитувчимиз тарих фанига қўшимча атеизм фанидан ҳам дарс ўтарди. Ўқувчи кириб ҳамма ўз жойини эгаллади. Дарсимиз тарих фани бўлишига қарамай, устоз салом-аликдан сўнг:
– Ким Худога ишонади? Қўлини кўтарсин, – деди. Кимлардир ҳақиқатда ишонгани ва кимлардир бошқа ўқувчилардан уялгани учун, ҳамма қўлини кўтарди. Ўқитувчимизни қаттиқ ғазабланди ва синф раҳбаримизни чақириб келиш учун ўқувчи қизлардан бирини юборди. Синф раҳбаримиз адабиёт муаллимамиз эди. Тезда кириб келди, хавотирдан ранги бироз оқарган. Тарих ўқитувчимиз қаттиқ ғазабда синф раҳбаримиз кириб келиши билан жаҳл аралаш гапира бошлади:
– Мана кўринг, ким Худога ишонади, десам, ҳаммаси қўлини кўтарди. Ишонмасангиз ўзингиз сўраб кўринг, – деди. Синф раҳбаримиз бизга қараб, қаттиқ ҳаяжонланган ҳолда:
– Башаранг қургурлар, мени ўлдирмоқчимисанлар! Нима қилганларинг бу! – дедида орамиздаги онаси ўқитувчи бўлган болага қараб: – Мурод, сен ҳам Худога ишонасанми? Онанг ҳам ишонадими? – деб сўради. Мурод ўрнидан туриб
– Ҳа! – деб жавоб беди.
– Ҳали онанг намоз ҳам ўқир, – деди. Мурод:
– Ҳа ўқийдилар, ўқимасинлар-чи бувим нима қиларкин, – деди. Синф раҳбаримиз ғазабланди. Қизлардан бир нечтасини турғизиб Муроднинг онасини чақириб келишни буюрди. Икки ўқитувчи ғазаб билан бизга “насиҳат" қила бошлади:
– Агар комиссия келиб сўраса, бундай жавоб берманглар, Худо борми деса йўқ, деб жавоб беринглар. Ота-онанг намоз ўқишадими деб сўраса йўқ, денглар. Овқат еганда нима деб бошлайсизлар, деса партия ва ҳукуматимизга раҳмат, бизга шу нарсаларни етказди, деймиз деб жавоб қилинглар.
Бироз вақт ўтиб қизлар Муроднинг онаси билан бирга келди. Устоз қаттиқ хавотирда экани юзидан кўриниб турарди. Кириб келиши билан синф раҳбаримиз саломлашгиси келмай кўришди ва пичинг аралаш:
– Ўғлингизнинг гапига қараганда сизлар оилавий намоз ўқиркансизлар, – деди. Муроднинг онаси жуда қаттиқ ҳаяжонда, ранги қизариб кетган эди.
– Вой, йўғ-а, – деб сўз бошлади. – Мен ҳам, турмуш ўртоғим ҳам коммунистмиз, биз намоз ўқирмидик.
Синф раҳбаримиз:
– Ана ўзингиз сўраб кўринг болангиздан, –деди. Муродни онаси ўғлини чақирди, Мурод қўрқиб доскага чиқди.
– Ўғлим, нима дединг, уйда унақамаску? – деб лаблари титраб гапирди. Мурод:
– Намоз ўқийсизлар-ку, ўқиманг-чи бувим нима қиларкин? – деб жавоб берди. Онаси Муроднинг жавобидан кейин янаям ноқулай ҳолатга тушиб қолди ва ғазаб билан Муроднинг юзига тарсаки тортди. Мурод қизариб кетган юзини ушлади ва йиғлай бошлади.
– Ўғлим синифидаги диндорларнинг болаларидан хижолат бўлиб гапирияпти, яхши биласиз-ку биз коммунистмиз, – деди. Синф раҳбаримиз:
– Мен сизга туҳмат қилаётганим йўқ. Ана ўғлингиз айтиб турибди, –деди. Муроднинг онаси яна ҳам ғазабланиб ўғлига қаради ва кетма-кет тўхтамай тарсакилаб ура бошлади. Мурод икки қўли билан юзини тўсиб олган, йиғлагани эшитиларди. Синф жим бўлиб қолган. Ҳамма қўрқув билан Муродга ачиниб қарарди. Тарих ўқитувчиси гапга аралашмас, икки адабиёт ўқитувчисининг ўзаро муомаласини томоша қилиб ўтирарди.
Бизга савол бериш сабаб пайдо бўлган ғазаби ҳали ҳам борми ёки икки ўқитувчининг хавотирдаги ҳолати, жазоланган боланинг йиғиси кайфиятини ўзгартирдими аниқ эслай олмайман. Барчамиз, айниқса, Муроднинг бахтига қўнғироқ чалинди.
Йиллар ўтди, ўша атеистик тузим йўқолди, миллат ўз эркига эришди. Одамлар динга бемалол амал қиладиган бўлди. Энди ўқитувчилар болалардан уйда намоз ўқиладими, йўқми сўрамайдиган давр келди. Ўттиздан ортиқ ўқувчини томошабин қилиб, шунақа гапларнинг нима кераги бўлган экан ўша пайтлар, ақлим етмайди. Тинчгина дарсини ўтса бўлмасмикан?
Мустақилликнинг дастлабки йиллари тарих ўқитувчиси атрофдаги ўзгаришлардан довдираб қолди. Кейинчалик таниш-билишлардан шу одам ҳақида суриштирдим. Қариганда ақлдан озиб, кейин оламдан ўтибди.
Синф раҳбаримиз узоқ умр кўрди. Фарзандлари ибодатга муҳаббатли кишилар бўлди. Хуллас, ўша фарзандлар уни ҳаж сафарига юборишди. Ҳаждан қайтган кунлари акам билан устозни кўргани бордик. Дуосини олдик. Аллоҳ кечирган, тавбаларини қабул қилган бўлсин. Кунларнинг бирида ўқитувчимнинг вафоти ҳақида хабар келди. Жаназага бордим. Тобутни кўтариб келишаётган вақт ўша воқеа, қўлларини юзига тўсиб олган, қалтираб турган Муроднинг ҳолати кўз олдимга келди. Қандай ёмон тузумнинг қурбони бўлган экан-а бечора устозларим.
Муроднинг онаси... Бир тарафдан уни ҳам тушунишга ҳаракат қиламан. Бечора қўрққан. Ишидан, партбилетидан айрилиб қолиш ўша пайтлари қамалиш билан баравар бўлган. Муроднинг дадаси нуфузли журналда бош муҳаррир эди. Оила нимагадир нотинч, беқарордек туюларди менга. Отаси бошқа бир аёлни ёқтириб қолиб, оиласини ташлаб кетди. Онаси доим маъюс ҳолда юрарди.
Кунларнинг бирида Муроднинг онаси билан бўлган бир воқеага гувоҳ бўлиб қолдим. Анча катта бўлиб қолган эдик. Бир синфдошим Мурод иккимизни уйига таклиф қилди. Йўлда Муроднинг уйи олдидан ўтаётган эдик. Муроднинг онаси қўшнилари билан уйининг эшига олдида турган экан. Салом бердик. Алик олиб, ўғлини чақирди. Мурод эшитди, лекин эътибор ҳам бермай ўтиб кетаверди. Онаси қўшнилардан хижолат бўлди шекилли, бироз қаттиқроқ овоз билан яна чақирди. Бу вақт Мурод ҳеч ким гапиришга журъат қила олмайдиган, зўравон, кўча боласи эди.
– Боринг, мен билан ишингиз бўлмасин, – деб дўқ қилди.
Онасини қўшнилар олдида уялтиргани учун дўстимизнинг уйига боргач койимоқчи бўлдим. Бир хонага кирдик. Хона кичкина бўлиб икки тарафга сим каравот қўйилган экан. Биз сим каравотга ўтиришга ҳам улгурмаган эдик, кўча эшик тарафдан Муроднинг онаси чақиргани эшитилди. Мурод эътиборсиз ўтирар, мен уни инсофга келтирмоқчи бўлдим. Шу пайт онаси кириб келдида ўзини бизнинг оёғимиз остига ташлади. Ўзимни йўқотиб қўйдим. Ўқитувчимни бу аҳволда кўраман, деб ҳеч қачон ўйламагандим. Турғазишга ҳаракат қилдим.
– Ўлдир, ўлдир мени, жонимга тегиб кетди, ўлдир ҳаммасидан қутиламан, – деб бақирар эди. Мурод онасини қучоқлаб:
– Туринг, она туринг, – деб ёлворар эди. Охири Мурод онасини қўлидан етаклаб уйи томон кетди.
Кейин қанча сувлар оқиб кетди. Кунларнинг бирида маҳаллада жаноза дедилар. Муроднинг онаси вафот этибди. Жанозада одам кўп бўлди. Мурод эса йўқ эди, чунки қотиллик содир этиб, қамалиб кетганди.
Ҳозир сочлари оқарган синфдошимни ҳар кўрганимда, ўйга толаман. Қанақа тузум эди у бировнинг уйида намоз ўқиганигача суриштирадиган? Одамларни диндан чиқариб нимага эришмоқчи бўлишган? Нега ўқитувчимиз айнан Муродни турғизиб савол берган?
Бир ибодатли оилада ўсаётган ювошгина бола аламзада, жиноятчи бўлиб кетишини ҳаммамиз, тарих, адабиёт ўқитувчиларимиз, ҳатто онаси ҳам жим кузатиб ўтирдик. Ўша тузум туфайли Мурод каби ҳаёти барбод бўлган инсонлар қанчалар бўлса керак. Биз уларни билмаймиз.
Азим Раҳим