Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Гудермес хусусий секторида полицияга граната улоқтирган икки эркак ўлдирилганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, тинч аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари орасида қурбонлар йўқ.
«Жангарилар қамалга олиниб, таслим бўлиш таклиф этилди. Қамалдан қочишга уринган жиноятчилар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонга граната улоқтиришган. Иккаласи ҳам жавоб ўқлари билан йўқ қилинди», — деган Қодиров.
Аввалроқ Гудермесдаги отишма ҳақида бир қанча телеграм-каналлари хабар берган эди. Охирги маълумотларга кўра, номаълум шахслар қурол билан маҳаллий полиция бўлимига ҳужум қилган. Ҳужум қилганларнинг аниқ сони номаълум.
Чеченистон ахборот ва матбуот вазири Ахмед Дудаев телеграм каналларидаги нашрларга жавобан, шаҳар «одатдагидек осойишта яшаётганини» таъкидлаган.
«Чеченистон заминида барқарорлик ва тинчликка таҳдид мавжуд бўлса, минтақа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари тинч ҳаётга хавф соладиган ҳар қандай таҳдидни бир зумда бартараф этиш учун етарли маҳорат, тажриба ва жасоратга эга», — деган Дудаев.
Бир кун аввал Ингушетия ва Шимолий Осетия ўртасидаги йўл полицияси постига бир неча киши ўқ узган, натижада икки полициячи яраланган эди.