AzonTV да эфирга берилган навбатдаги «Фикрат» таҳлилий кўрсатувида сунъий интеллект ҳақида сўз борди. “Нега ChatGPT” бизда ишламайди, деган мавзуда тайёрланган кўрсатувда дастурлаш ва ахборот технологиялари бўйича эксперт, Mohirdev.uz асосчиси Анвар Нарзуллоҳ билан суҳбат ўтказилди.
Кўрсатув бошловчиси таъкидлаганидек, сунъий интеллектнинг тез суръатлар билан ривожланиб бораётгани ижтимоий-иқтисодий сиёсатда кескин бурилишлар ясаши мумкин. Хусусан, копирайтер, журналист, монтажчи ва дизайнер каби мутахассислар ўрнини ҳам сунъий интеллектга асосланган дастурлар ва ботлар эгаллаши мумкин. Ҳозирданоқ бундай дастурлар, турли нейросетлар ўз имкониятлари билан одамларни ҳайратга, ҳатто даҳшатга солиб келмоқда. Видео, аудио ва матн шаклидаги контент яратишга “уста” бщлиб кетган нейросетлар бир неча мутахассис 1 ойда бажарадиган ишларни бир неча дақиқа ичида уддаламоқда. Шулардан бири – OpenAI компаниясининг маҳсулоти бўлмиш ChatGPT чат-ботининг имкониятларига одамнинг ишонгиси келмай қолади. Икки-уч жумлада тасвирлаб ва тавсифлаб берилган мавзуда ҳатто 50-100 варақли тўлақонли (!) диссертация ишларини 10 дақиқага қолмай ёзиб бераётган, матнли таъриф асосида сурат ва видеолар “ясаб” ташлаётган ChatGPT ҳозирда шов-шувлар марказида турибди.
“Фикрат” таҳлилий дастурида сунъий онг, унинг ривожланиши ва келажакдаги фаолияти прогнози юзасидан савол-жавоблар ўтказилди.
Масалан, томошабинлардан бири “ChatGPT воситасида фойдаланувчилар ҳам пул ишлаши мумкинми”, деган савол берди.
Анвар Нарзуллоҳнинг айтишича, сунъий интеллект воситасида даромад олиш мумкин ва олишяпти ҳам.
- Хорижда бунинг устига қурилган ҳар хил хизматларни кўрсатиш йўлга қўйилмоқда. Масалан, сиз айтгандек, муҳаррирлик хизматлари, ишга кириш учун топшириладиган резюме ёзиб бериш хизматлари пайдо бўлди. Агар сиз ишлаган жойларингизни киритсангиз чат-бот чиройли тилда ёзиб беради. Ёки ҳозирда Excel’да ёки Woprd’да ичига кичкина плагин қилиб қўшиб беришяпти. Масалан, Excel’да формула ёзиш қийин. Бу чатга берсангиз у керакли формулани ёзиб беради. Масалан фалон фалон дипазондаги сонларнинг йиғиндиси керак, десангиз, зарур формулани ёзиб беради. Ёки электрон почта ичига ҳам қўшиб беришяпти. Ёзишмаларда чиройли ва хатосиз хатлар ёзиш учун керак бўлади, дейди эксперт Анвар Нарзуллоҳ.
Томошабинлардан, шунингдек, “ChatGPT чат-боти Google ни «синдирмайдими», деган савол ҳам тушди. Эксперт Анвар Нарзуллоҳнинг айтишича, бозор иқтисодиёти шароитида рақобат бўлиши табиий ва бу рақобатда энг кучли ва энг тадбиркор томон ғолиб чиқиши албатта фойдаланувчилар учун яхши хушхабар бўлади. Қолаверса рақобат натижасида маҳсулот сифатлироқ ва қулайроқ бўлавергани яхши. Google ҳам сунъий интеллект борасидаги ва тадқиқотлари ва лойиҳаларини тўхтатиб қўйгани йўқ. Масалан, ушбу компаниянинг айни масалалар билан шуғулланувчи шахобчаси бўлган Google AI компаниясининг BARD чат-боти ҳамда сунъий интеллектга асосланган интернет қидирувчиси LaMDA ҳам интернет фойдаланувчиларига манзур бўлмоқда.