Буюк Британиянинг Яқин Шарқ вазири пайшанба куни босиб олинган Шарқий Қуддусдаги ал-Ақсо масжидига ташриф буюриб, намоз ўқиди ва у ерда Буюк Британия Иорданиянинг муқаддас жойни қўриқлашини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Исроил хавфсизлик кучлари масжидга киришини 30 дақиқага тўсиб қўйганидан кейин лорд Тариқ Аҳмад масжидга ташриф буюрди, деб хабар берди ВВC.
Мусулмон бўлган Аҳмад муқаддас ҳудудни бошқарувчи диний ташкилот – Исломий вақф раҳбари ҳамроҳлигида мажмуага ташриф буюрган.
Бу унинг 2017 йил июнь ойида Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича давлат вазири бўлганидан кейин Исроил ва Фаластинга биринчи расмий ташрифи бўлди.
“Бугун эрталаб Қуддус вақф бўлими директори Шайх Аззам ал-Хатиб билан муқаддас Ал-Ақсо масжидида бўлганимдан жуда мамнунман, бу мен учун шараф”, деб ёзди у Twitter'даги саҳифасида.
"Мен Буюк Британиянинг Қуддуснинг муқаддас жойларини васийлиги ва статус-квони сақлаб қолишини сўзсиз қўллаб-қувватлашини таъкидлайман", дея қўшимча қилади мулозим.
Иордания 1924 йилдан бери Қуддусдаги насроний ва мусулмонлар учун муқаддас қадамжоларнинг расмий ҳимоячиси ҳисобланади.
1967 йилги Яқин Шарқ урушидан кейин Исроил бу жойни эгаллаб олганидан бери бу ерда яҳудийларнинг ибодат қилиши тақиқланган. Лекин охирги йилларда ўта ўнг сиёсий қарашга эга янги кўчиб келганлар сўнгги йилларда Исроил полицияси ҳимоясида бу ерда тез-тез ибодат қилишмоқда. Айрим диний фаоллар Ал-Ақсони бузиб, унинг ўрнига учинчи яҳудий ибодатхонасини қурмоқчи.
Ўтган ҳафта Исроилнинг ўта ўнг Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир масжид ҳовлисига рухсатсиз кирган ва бу ҳолат “мисли кўрилмаган провокация” деб таърифланган эди.
Бузишни тўхтатиш
Вазир Аҳмад босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги Хеврон шаҳрига ташриф буюрди ва БМТнинг Фаластинлик қочқинлар бўйича агентлиги UNRWA томонидан бошқариладиган мактабни бориб кўрди.
У, шунингдек, Исроил ҳарбий машғулотлар ўтказиш ҳудуди сифатида белгилаб қўйган Хеврон яқинидаги Фаластиннинг кичик қишлоқлари гуруҳи Масафер Яттага ҳам ташриф буюрди. Бу ерда Исроил расмийлари узоқ вақтдан бери аҳолини кўчириш ва бузиш билан таҳдид қилиб келади.
"Буюк Британия Исроилни кераксиз азоб-уқубатларга олиб келадиган ва халқаро гуманитар қонунлар бўйича қонунга хилоф бўлган вайронагарчилик ва кўчиришларни тўхтатишга чақиришда давом этади", дея қўшимча қилади вазир.
Аҳмад, шунингдек, қамал остидаги Ғазо анклавидаги энг заиф аҳолига шошилинч озиқ-овқат ёрдами кўрсатиш учун UNRWA қўшимча 3,7 миллион фунт стерлинг (4,5 миллион доллар) ажратилишини эълон қилди.
Сафар олдидан британиялик амалдор Исроилнинг янги ташқи ишлар вазири Эли Коен билан учрашди ва у Буюк Британияни Ислом инқилоби соқчилар корпусини (ИИСК) террорчи ташкилот деб тан олишга чақирди. "Мен Исроилга қайтиб келганимдан ва янги ҳукумат аъзолари билан учрашганимдан хурсандман", деди Аҳмад янги ҳукумат аъзолари билан учрашгандан сўнг.
"Исроил Буюк Британия учун қадрли ҳамкордир ва мен икки томонлама муносабатларимиз ва савдо шериклигимизни мустаҳкамлашда давом этишдан ва уни янги чўққиларга олиб чиқишдан хурсандман", дея таъкидлаган Аҳмад.
Ташрифдан сўнг Араб-Британия ҳамжиҳатлиги кенгаши директори Крис Дойл Британия ҳукуматини “янги Исроил ҳукуматининг ирқчилик позицияларига кўз юмаётганликда” айблади.