Ҳолат юзасидан вилоят ХТБ тушунтириш берди
Бугун ижтимоий тармоқларда «Бугунги кундаги қурилишларимиз ҳақида қисқача: Бухородаги мактабнинг шифти қулаб тушибди. Яхшиямки, бу вақтда синфхонада мактаб ўқувчилари бўлмаган» изоҳли хабар тарқалди.
Маълум бўлишича, ушбу ҳолат Бухоро шаҳридаги 2-умумтаълим мактабида содир бўлган.
Вилоят ХТБнинг маълум қилишича, Бухоро шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг эски биноси 1937 йилда пишган ғиштдан қурилган бўлиб, ҳозирда таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Бинонинг ёғоч тахтадан иборат эскирган шифт қисмлари пластик қурилиш материали билан қопланган.
Кеча, 18 сентябрь куни тунда бинонинг 1-қаватидаги синф хоналаридан бирининг шифтига ўрнатилган пластик шифт кўчиб тушган. Воқеа содир бўлган вақтда мактабда ўқувчилар ва ходимлар бўлмаган, жабрланганлар йўқ. Ўқувчилар айни пайтда хавфсиз бинода ўқишларини давом эттиряпти.
Хабарда қўшимча қилинишича, вилоятнинг қурилиш соҳасидаги мутахассислари томонидан бинода ўрганиш ва экспертиза ишлари олиб борилмоқда.
P.S.: ҳар йили бюджетдан таълим муассасаларини таъмирлаш учун миллиардлаб пул ажратилади. Бундан ташқари, ота-оналардан ҳам мактаб "ремонт"и учун пул йиғилади. Бироқ давлат ажратган пуллар ҳавога учгандек, йўқолади-қолади. Яхшиямки, синфхона шифти тунда кўчиб тушибди. Агар бу ҳолат ўқувчилар синфхонадалида содир бўлганда нима бўларди? Қурбонлар ва жароҳатланганлар бўлмаслигига ким кафолат беради?