2 сентабрь 1920 йил — Бухоро шаҳри совет қўшинлари томонидан эгалланган ва амирлик тугатилган кун.
Манбаларга кўра совет қўшинларининг Бухорога ҳужуми арафасида (август ойларида) 7000 пиёда, 2500 отлиқ, 46 та тўп, 230 та пулемёт, 10 та бронеавтомобил, 5 та бронепоезд ва 12 та аэроплан билан тайёргарлик кўрилган. Сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотларга кўра, Бухорога М.Фрунзе қўмондонлигида 70 минг қизил аскар ҳужум қилган. Амирлик ихтиёрида ўша даврда 8725 пиёда аскар, 7850 отлиқ, 150 га яқин пилта тўплар (ўнлаб замонавийлари билан бирга), 20 та пулемёт мавжуд бўлган. Гарчи, амирлик ихтиёрида 20 минг нафар халқ лашкари бўлса ҳам, улар жангларга мутлақо тайёр эмас эди.
Ҳарбий кучларнинг катта устунлиги билан бошланган жанглардан сўнг, 29 августдан бевосита Бухоро шаҳрига ҳужумлар бошланади. Шаҳар устида 3 кун мобайнида ҳаводан зарба берилган. Шафқатсиз ўқ ёмғирлари ва бомбардимон натижасида шаҳар тарихий обидаларининг 3/5 қисми вайрон бўлган.