Хушмуомала ва меҳмондўст улуғ халқи бўлган, буюк мутафаккир шоирлар, ёзувчилар ва олимлар юрти ҳисобланган қадимий Бухоро йирик илм-фан ва маданият ўчоқларидан биридир.
Узоқ ўтмишдан «Бухоройи шариф» номи билан машҳур бўлган бу кўҳна шаҳар турли юртлар шоҳлари ва ҳарбийлари, савдогарлари ва сайёҳлари, шоирлари, ёзувчилари ва олимлари эътиборини ўзига тортиб келган бўлиб, бу шаҳарга ишқи тушган кишилардан ҳар бири уни ўзига хос йўсинда таҳсин ва тавсиф этганлар.
Эрон ва Мовароуннаҳрнинг форстилли шоирлари ҳам ўз шеърларида гўзал Бухоро шаҳрини васф этганлар. Улардан ҳар бири бу шаҳарга ўз нуқтаи назаридан нигоҳ ташлаб, уни таҳсин этганлар.
Бундай таҳсин ва тавсифлар акс этган насрий ва шеърий асарларнинг барчаси тадқиқотчилар, маданият, санъат ва туризм соҳалари ходимлари учун қимматбаҳо хазинадир.
Ушбу шаҳар васфида ёзилган энг кўп шеърлар Рўдакий, Жалолиддин Румий ва Сайидо Насафий шеърлари орасида учрайди. Албатта, ушбу шеърларнинг барчаси гўзал ва ўқишликдир.
Бухорога бағишланган энг машҳур шеър форсий адабиёт отаси ҳисобланмиш шоир Абу Абдуллоҳ Рудакий (858-941) қаламига мансуб бўлиб, кўпчиликка яхши таниш:
Бў-йи Жў-йи Мўлиён ояд ҳаме,
Ёд-и ёр-и меҳрибон ояд ҳаме.
Рег-и Омуй-у дуруштий роҳ-и ў,
Зер-и поям парниён ояд ҳаме.
Об-и Жайҳун аз нишот-и рў-йи дўст,
Хинги моро то миён ояд ҳаме.
Эй Бухоро, шод бошу дер зий,
Мир зий ту шодмон ояд ҳаме.
(Мазмуни: Мўлиён ариғининг ифори келадир, меҳрибон ёр эсга тушадир. Амударёнинг қумли дашти ва ундан ўтишнинг оғирлигига қармасдан, булар оёғимнинг остида худди ипак матодек юмшоқ бўлиб туюлади. Дўстнинг юзини кўриб, қувонганидан Амударёнинг суви отимизнинг белигача кўтарилиб келади. Эй Бухоро, қувонгин ва узоқ яшагин, чунки амир шодон ҳолда олдингга келмоқда.)
Рудакий ўз шеъри давомида ўзининг Бухорога бўлган эътибори ва муҳаббатини изҳор этиб, уни осмон ва бўстонга ўхшатади:
Мир моҳ аст-у Бухоро осмон,
Моҳ сў-йи осмон ояд ҳаме.
Мир сарв аст-у Бухоро бўстон,
Сарв сў-йи бўстон ояд ҳаме.
(Мазмуни: Амир ой бўлса, Бухоро осмондир, ой осмон томон бормоқдадир. Амир сарв бўлса Бухоро бўстондир, сарв бўстон томон бормоқдадир.)
X-XI асрларда яшаб ижод қилган сўфий шоир Абусаид Абулхайр (967-1049) Бухоро диёрининг хушбўй гуллари ва муаттар шабадалари тўғрисида сўзлаб, Рудакийнинг ўша машҳур шеърига ишора қилиб ўтади:
Ҳар бод, ки аз сў-йи Бухоро ба ман ояд,
Бо бў-йи гул-у мушк-у насим-и суман ояд.
(Мазмуни: Бухоро томонлардан менга эсадиган ҳар қандай шамол гул ва мушкнинг ифори ва ёсуман гулидан бўй олган шабадани олиб келади.)
X-XI асрларда яшаб ўтган буюк шоир Абулқосим Фирдавсий (934-1024) Бухоронинг ўтмиши тўғрисида қайғу ва ҳасрат билан эслайди:
Бухоро-ву Хоразм-у Омуй-у Зам,
Басе ёд дорамий бо дард-у ғам.
(Мазмуни: Бухоро, Хоразм, Амударё ва Замни қайғу ва ҳасрат билан эслайман.)
X-XI асрларда яшаб ўтган яна бир шоир Фаррухий Сейистоний (ваф. 1037) Бухоро ва Самарқандни мамлакатнинг юзи ва кўзи сифатида эслатган:
Бухоро-ву Самарқанд аст рўй-у чашм-и он кишвар.
(Мазмуни: Бухоро ва Самарқанд ўша мамлакатнинг юзи ва кўзидир.)
XI аср шоири Носир Хусрав Қубодиёний (1004-1088) ўз шеърида Бухоро шаҳрининг олиму уламолари, бу шаҳарда илм-фаннинг қадрланишига тўхталиб ўтади:
Зебо ба илм шав, ки на зебост
Он кас, ки ў ба дунё зебо шуд.
Ўро мажўй ва илм талаб, зеро
Бас кас, ки ў фирифта ба ово шуд.
Ғурра машав бадон, ки касе гўяд
Ба ҳамон фақиҳ-и Балху Бухоро шуд.
(Мазмуни: Илм билан гўзал бўлгин, чунки мол-дунё билан гўзал бўлган киши аслида гўзал эмасдир. Сен уни излама, балки илм излагин, чунки жудаям кўп кишилар шон-шуҳратга алданиб қолдилар. Кимки Балх ва Бухоронинг фақиҳларига ўхшайман, деган кишиларга алданиб қолмагин.)
XI-XII асрларда яшаб ўтган шоир Амир Муиззий Нишопурий (1072-1127) ўзининг бир шеърида Бухоронинг аҳамиятини таъкидлаб, уни Макка, Ғазна ва Самарқанд шаҳарлари қаторига қўяди:
Бар байъат-у паймон-и ту сад нома расидаст,
Ах Макка-ву Ғазнин-у Самарқанд-у Бухоро.
(Мазмуни: Макка, Ғазна, Самарқанд ва Бухородан сенга аҳд боғлаш тўғрисида юзта хат келмиш.)
XI аср шоири Қатрон Табризий (1012-1072) Табриз ва Бухоро шаҳарларини улуғлаб эслайди:
Чу ту мажлис ороий ва жом гирий
Зи Табриз зарин куний то Бухоро.
(Мазмуни: Йиғин ташкиллаштириб, қўлингга жом олганингда Табриздан Бухорогача бўлган жойларни олтинга айлантирасан.)
XII аср охирлари-XII аср бошларида яшаб ўтган шоир, «Амир уш-шуаро» унвонига эга бўлган Шаҳобиддин Амъақ Бухорий (ваф. 1147) Бухорони эзгуликлар шаҳри сифатида эслатиб, унга саломлар йўллайди:
Ки рўй сў-йи Бухоро ниҳод ва гуфт ба меҳр:
Аё Бухоро, бар ту дуруд бод ва салом.
...
Аё Бухоро, чандин бузургворий ту,
Туро чи моя-йи саной-аст-у изз-у жоҳ-у мақом.
(Мазмуни: Бухоро томон юзланиб, меҳр билан: «Эй Бухоро, сенга саломларим бўлсин», деди... Эй Бухоро, қанчалик улуғсан, сени улуғлигинг, юксак мақому мартабанг недандир.)
XII аср шоири Рашидиддин Ватвот (1087-1182) Бухоро шаҳрини муаттар ўлка, саховатли, меҳрибон ва билимли кишилар шаҳри сифатида тавсифлаб, уни ер юзидаги жаннат деб атаган:
Ту сокиний ба шаҳр-и Бухоро-ву аз сахот,
Андар билод-и Машриқ-у Мағриб хабар шудаст.
Дар равза-йи жалол-и ту ризвон-и дигарий,
Ва-з фарр-и ту Бухоро хулд-и дигар шудаст.
(Мазмуни: Сен Бухоро шаҳрида яшасанг-да, саховатинг довруғи Шарқ ва Ғарб ўлкаларигача етиб бормиш. Буюклигинг боғида яна бир жаннат яратилмиш, сенинг улуғворлигингдан Бухоро бошқа бир жаннатга айланмиш.)
XII асрнинг ҳажвиячи шоири Сўзаний Самарқандий (1100-1173) Бухорони жаннатга менгзаркан, бу шаҳарнинг аҳолиси меҳмондўст ва ростгўй эканини эслатади:
Бар ту, меҳмон, нисор кардан жон,
Бар худованд-и хона осон аст.
...
Ҳақ, кай гузоштий, ки Бухорой чун беҳишт
Вайрон шавад ба жумла маштийи жаҳаннамий.
...
Дариғ шаҳр-и Нишопур-у боғ-у бўстонам,
Дариғ шаҳр-и Бухоро-ву кў-йи абкорам.
(Мазмуни: Эй меҳмон, уйнинг эгасига сен учун жон фидо қилмоқ осондир... Эй Ҳақ, қачон жаннатга ўхшаш Бухоронинг бир тўда дўзахийлар каби тамомила вайрон бўлишига қўйиб бергансан... Эсиз Нишопур шаҳрим ва ундаги боғу бўстоним, эссиз Бухоро шаҳрим ва ундаги янги-янги фикрларим ва ғояларим макони.)
XII аср шоири Авҳадиддин Анварий (1126-1189) ўз ўз орзу-умидлари ва қайғу-ҳасратларини баён этиш асносида шундай дейди:
Ташнагон-и ҳудуд-и оламро
Дар яке жом кай кунад сероб.
Дар Самарқанд-у Бухоро ҳаст
Қадре мулк-у андаке асбоб.
(Мазмуни: Бутун дунёдаги чанқоқларнинг чанқоғини бир пиёла сув билан ҳам қондириб бўларканми. Самарқанд ва Бухорода бир оз мол-мулк ва бир оз асбоб-ускуна бордир.)
XII асрда яшаб ўтган яна бир машҳур шоир Низомий Ганжавий (1141-1209) «Искандарнома» достонида Бухорони қалам ва билим шаҳри сифатида эслатади:
Дабирон, нигар, то ба рўз-и сапед
Қалам тарошанд аз мушк-и бед.
Ниҳон-и маро ошкоро баранд,
Зи Ганжа аст агар, то Бухоро баранд.
(Мазмуни: Қарагин, котиблар то ёруғ кунларга қадар оқтол дарахти ёғочидан йўниб қалам ясайдилар. Булар менинг кўнглимда яширин ётган фикрларни баралла айтадилар, ҳатто Ганжадан Бухорога қадар етказадилар.)
XII-XIII асрларнинг машҳур шоири ва орифи Фаридиддин Аттор Нишопурий (1146-1221) ўзининг «Илоҳийнома» асарида бухоролик донишманд шоир тўғрисида ибратли бир ҳикоятни келтиради:
Чу шуд бар Рўдакий роз ошкоро,
Аз онжо рафт то шаҳр-и Бухоро.
(Мазмуни: Рўдакийга сирлар ошкор бўлгач, у ердан Бухоро шаҳригача борди.)
XII асрда яшаб ўтган ёзувчи ва шоир Муҳаммад ибн Мунавварнинг «Асрорнома» китобидаги ибратли қиссалар ва ҳикоятларда бир неча бор Бухоро номи эзгуликлар шаҳри сифатида эслатилган. Шунингдек, Низомий Арузий Самарқандий (ваф. 1160) қаламига мансуб «Чаҳор мақола» асарининг бир неча ўрнида Бухоро буюклик ва улуғворлик рамзи сифатида тавсифланади.
XII-XIII асрлар шоири Камолиддин Исмоил Исфаҳоний (1172–1237) ўзининг бир шеърида ўз ўй-хаёллари ва тушлари тўғрисида гапириб, Исфаҳон ва Бухоро шаҳарларини эслатади:
Ман аз хаёл-и ту шармандаам, ки ў ҳар шаб
Баро-йи ман зи Бухоро ба Исфаҳон ояд.
(Мазмуни: Мен ҳар кечаси Бухородан Исфаҳонга келиб, тушимга кирадиган сендан уяламан.)
XIII асрда яшаб, ижод қилган буюк сўфий шоир Жалолиддин Румий (1207-1273) ўзининг «Маснавийи маънавий» достонининг бир неча ўрнида Бухоро шаҳрини билимлар макони сифатида эслатади:
Ин Бухоро манбаъ-и дониш бувад,
Пас Бухоройист ҳар к-ониш бувад.
...
Гарчи ин ошиқ Бухоро меравад,
На ба дарс-у на ба усто меравад.
...
Эй Бухоро, ақлафзо будайи,
Лекин аз ман ақл-у дин бирбудайи.
(Мазмуни: Буоро билимлар маконидир. Шундай экан, кимки билимли бўлса у бухороликдир... Бу ошиқ (сўфий) Бухорога бораётган бўлса-да, дарс олиш учун ёки устознинг ҳузурига бориш учун бормаяпти... Эй Бухоро, сен инсоннинг ақлини оширувчи эдинг, аммо менинг ақлимни ва динимни ўғирладинг.)
XIII асрда яшаб ўтган етук орифмаслак шоирлар жумласидан бўлмиш Сайфиддин Муҳаммад Фарғоний ўз шеърларидан бирида Бухоро шаҳрини эгаллаш учун Қорахонийлар ва Ғазнавийлар давлатлари ўртасида бўлган курашни эслатади:
Кужо сарир-и Бухоро расад ба Илекхон,
Сабуктакин чу занад баҳр-и Оли Сомон тиғ.
(Мазмуни: Сабуктегин Сомонийлар давлати ҳудудларини эгаллаб олиш учун жанг қиладиган бўлса, Бухоро тахти қаёқдан ҳам Илекхонга насиб этиши мумкин.)
XV асрнинг сўфий шоири Абдураҳмон Жомий (1414-1492) ўзининг «Баҳористон» асарида Бухорони кўплаб олимлар ва шоирларнинг дунёга келган ватани сифатида таништиради, «Ҳафт авранг» асарида эса Бухоронинг пок тупроғини васф этади:
В-он гуҳар-и пок на ҳар жо бувад,
Маъдан-и он хок-и Бухоро бувад.
(Мазмуни: Бундай покиза гавҳар ҳар жойда ҳам бўлавермайди, унинг кони Бухоро тупроғидадир.)
XV асрда яшаб, ижод қилган шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий (1441-1501) ўзининг форсча шеърлар девонида, саҳиҳ ҳадислар тўғрисида гапириб, Бухоро шаҳрини буюк ва улуғвор бир шаҳар сифатида эслатади:
Аз аҳодисат саҳиҳийро равот андар рақам,
Бор-у боб аз ҳадд-и Батҳо то Бухоро афкананд.
(Мазмуни: Сенинг саҳиҳ ҳадисларинг миқдори ҳақида сўз борганда, уни Батҳо (Макка) эшигидан Бухорогача бўлган масофада ёзилган миқдордадир, деб айтадилар.)
XVI-XVII асрларда яшаб ўтган шоир ва олим Шайх Баҳоий (1546-1621) қаламига мансуб энг яхши ибратли ҳикоятлардан бири бўлмиш «Сичқон ва мушук» ҳикоятида Бухоро шаҳри аҳолисининг тўғрисўзлиги ва ҳалоллиги эслатилади.
XVIII-XIX асрларда яшаган шоир ва олим, нақшбандия тариқатининг Ироқдаги холидия тармоғи асосчиси Холид Нақшбандий (1779-1826) ўзининг «Муножотнома»сида Бухоро ва унинг пирларини улуғлаб эслайди:
Худовандо, ба ҳаққ-и Исм-и Аъзам,
Ба нур-и дийда-йи авлод-и Одам.
...
Ба ҳаққ-и пир-и пирон-и Бухоро,
К-аз ў шуд санг-и хоро зар-и соро.
(Мазмуни: Эй Худойим, Исми Аъзам ҳаққи, Одам фарзандларининг кўз нури ҳаққи ... У туфайли тош тоза олтинга айланган Бухоро пирларининг пири ҳаққи...)
XIX аср ёзувчиси ва шоири Жайҳун Яздий (1837-1882) Бухорони дунёнинг биринчи ва энг буюк шаҳри сифатида васф этади:
Шуд Бухоро Язд-у наввоб андар ў садр-и жаҳон,
Балки аз садр ин Бухороро жаҳон бар ком шуд.
...
З-ин садр-и жаҳон ушшоқ бо дилбарашон мийсоқ,
Пас гар бувадат инсоф дар Язд Бухоро бин.
(Мазмуни: Бухоро Яздга, ундаги шаҳзодалар эса дунёнинг улуғларига айландилар. Ана шу улуғлик туфайли Бухоро дунёни эгаллади... Ана шу дунё улуғлиги туфайли ошиқлар севганлари билан аҳд-паймон қилдилар. Шундай экан, сенда инсоф бўлса, Яздни Бухоро деб билгин.)
XIX аср охирлари – XX аср бошларда яшаб, ижод қилган ҳиндистонлик шоир Иқбол Лоҳурий (1873-1938) ўзининг «Паёми Машриқ» («Шарқ мурожаати») асарида Бухоро, Кобул ва Табризнинг пок тупроғини тилга оларкан, бу диёрларни кўз нури сифатида васф этади:
Агарчи зода-йи Ҳиндам, фурўғ-и чашми ман аст
Зи хок-и пок-и Бухоро-ву Кобул-у Табрез.
(Мазмуни: Ҳиндистонда туғилган бўлсам-да, кўзимнинг нури Бухоро, Кобул ва Табризнинг пок тупроғидандир.)
XIX аср охирлари – XX аср бошларда яшаб, ижод қилган эронлик ёзувчи, шоир ва журналист Адибулмамолик Фароҳоний (1860-1917) ўша даврдаги Бухоро шаҳрининг бойликларига тўхталиб, қашшоқлар ва муҳтожлар паноҳ излаб Бухоро шаҳрига келишларини эслатади:
Фаромушам нашуд панде, ки мегуфт
Ба пур-и хеш пире дар Бухоро,
Ки гар дар кор-и худ жумбиш кунад мард,
Тавон суфтан ба сўзан куҳ-и хоро.
Фуқаро тарк-и ватан карда зи жуъ,
Ба Бухоро-ву ба Қафқоз шуданд.
(Мазмуни: бухоролик бир кекса кишининг ўз ўғлига қарата: «Эркак киши ўз ишида ҳаракат қилса, игна билан қаттиқ тошдан бўлган тоғни ҳам теша олади», деб қилган насиҳати эсимдан чиқмайди. Қашшоқлар очликдан ўз ватанларини тарк этиб, Бухоро ва Кавказ томонларга йўл олдилар.)
XVII-XVIII асрлар шоири Сайидо Насафий (1637-1710) Бухоро шаҳри ва унинг аҳолисини энг мукаммал тавсифлаган бўлиб, ўз шеърларидан бирида ушбу шаҳарнинг пок тупроғи, муаттар диёри, диндор ва покдомон халқи, дарвешлари ва тақводор орифлари, гуллаб-яшнаган савдоси, ям-яшил боғлари ҳамда маҳобатли меъморий обидаларига тўхталиб, уни гўзал бир тарзда васф этади:
Хушо шаҳр-и Бухоро-ву хок-и покаш,
Ки мушк-и суда мерезад зи хокаш.
Чу гул хўбонаш аз исмат музайян,
Чу булбул ошиқонаш покдоман.
Дар-ў пайваста дарвешон бехоб,
Хамида дар рукуъ-и ҳақ чу меҳроб.
Тарозудор-и дўконҳо-йи ў жур,
Харидорон-и ў савдогар-и нур.
Буд берун-и ў маъмур аз боғ,
Кунад саҳро-йи ў фирдавсро доғ.
Ба давраш қалъа-йи дойираосор,
Минораш дар миён якпойи паргор.
Шариат аз Бухоро ёфт ойин,
Минор-и ў сутун-и хона-йи дин.
(Мазмуни: Бухоро шаҳри ва унинг покиза тупроғи шунчалар яхшики, тупроғидан туюлган мушк сочилади. Гўзаллари худди гулдек ибо ва ҳаё билан безанган, ошиқлари эса худди булбулдек покдомон. Унда дарвешлар узлуксиз равишда ухламасдан, худди меҳроб каби, Ҳаққа рукуъ қилиш учун эгилиб турадилар. Унинг дўконларидаги тарозичи ҳалоллик бўлса, ушбу дўконларнинг харидорлари нур савдогарларидир. Унинг ташқариси боғ-роғлар билан тўлган бўлиб, унинг чўли ҳам жаннат боғини доғда қолдиради. Атрофи айлана шаклдаги қалъа билан ўралган, ўртадаги минораси эса тақдир қўшоёқ чизгичининг бир оёғи каби турибди. Шариат Бухорода қонун-қоида шаклини олган бўлиб, унинг минораси дин уйининг устунидир.)
Ҳамид НАЙЙИРОБОДИЙ,
Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги
Фавқулодда ва Мухтор элчиси.