Машҳур мусулмон олими, муҳаддис, тарихчи, биограф, ҳофиз имом Заҳабийнинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қаймаз ибн Абдуллоҳ Шамсиддин Абу Абдуллоҳ ал-Туркманий ад-Диёрбакрий ал-Фариқий ад-Дамашқий аз-Заҳабий аш-Шофеий эди. Буюк имом 673 ҳижрий (1274 милодий) йилда ҳозирги Сурия Кафр-Батна шаҳрида туғилган.
Имом Заҳабийнинг отаси заргар бўлганлигидан “Заҳабий” сўзи отасининг касбига нисбат берилгани сабабидандир.
Имом Заҳабий ёшлигиданоқ исломий илмларини ўргана бошлаган. Ўн ёшида у Садруддин ибн Хатибнинг “Саҳиҳи Муслим” тўплами бўйича дарсларида қатнашди. Отаси аввалига ёлғиз фарзанд бўлгани учун унга бошқа шаҳарларга боришга рухсат бермаган, кейин эса рози бўлиб, тўрт йилдан кўп бўлмаган муддатга уйдан чиқиб кетишига рухсат берган. Ҳадис илми билан шуғулланишни у 18 ёшидан бошлади ва Балабак, Ҳимс, Ҳама, Алеппо, Триполи, Набулус, Рамла, Коҳира, Искандария, Қуддус, Ҳижоз ва бошқа жами 30 га яқин турли шаҳарларда таълим олган. Сўнг Дамашқ шаҳрига қайтиб, ҳадис илмидан дарс берди, ислом оламида машҳурликка эришган китобларни ёзди.
73 ёшида кўз нуридан айрилди ва икки йилдан сўнг фоний дунёни тарк этди. Учта фарзанд қолдирди: катта қизининг исми Амат ал-Азиз, икки ўғлининг исми Абдуллоҳ ва Абу Ҳурайра Абдураҳмон бўлган. Иккинчи ўғли кейинчалик ҳадис илми пешвосига айланиб, Ибн Насриддин ад-Димашқи ва Ибн Ҳажар каби олимларга дарс берди, отасидан эшитган кўплаб ҳадисларни ривоят қилди.
Имом Заҳабий ҳижрий 748 (1348 милодий) йил Зулқаъда ойининг учинчи куни, Дамашқда вафот этди ва Бобус-Сағир қабристонига дафн қилинган. Шогирди Тожуддин Субкийнинг ёзишича, Заҳабий Умму Солиҳ мадрасасида ярим тундан кейин вафот этган. Унинг жаноза намози умавийлар масжидида ўқилган.
Манба: muslim.uz