17-20 май кунлари Қозон шаҳрида Қуръони карим бўйича халқаро мусобақа бўлиб ўтади.
Мусобақа мусулмон ёшлари орасида Қуръони каримни ўрганиш ва амал қилишни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Мусобақа мусулмонларни Қуръон ўқиш қоидалари билан яқиндан таништириш, Қуръон ҳофизлари орасидан энг яхшиларини аниқлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилмоқда. Танловда қатнашиш учун Евроосиё ва Африканинг 25 та давлатидан 70 дан ортиқ аризалар келиб тушди. Танловдан 30 нафар хорижлик иштирокчи ва Россия ҳудудларидан 20 нафар иштирокчи ўтди.
Иштирокчи давлатлар: Буркина-Фасо, Миср, Индонезия, Покистон, Буюк Британия, Уганда, Жазоир, Туркия, Ўзбекистон, Тожикистон, Фаластин, Яман, Баҳрайн, Чад, Нигер, Конго Республикаси, Ливия, Кот-д’Ивуар, Того, Гвинея , Қатар. Шунингдек, Россия Федерациясининг Доғистон Республикаси, Чечен Республикаси, Татаристон Республикаси, Бошқирдистон Республикаси, Қрим Республикаси каби ҳудудларидан ҳам қорилар қатнашади.
Иштирокчиларни Бирлашган Араб Амирликлари амирининг Қуръони Карим қўмитаси раҳбари Шайх Маъмун Шаъбон Халил ал-Ровий раислигидаги халқаро ҳакамлар ҳайъати баҳолайди. Танлов тартиб-қоидаларидан ташқари, иштирокчилар Қозон бўйлаб саёҳат, Булгар музей-қўриқхонаси ва мусулмон муассасаларига ташрифлардан иборат маданий дастурлар билан танишадилар.
Танлов натижаларига кўра, ҳакамлар ҳайъати эркаклар ўртасида 3 нафар, аёллар ўртасида эса 3 нафар энг яхши Қуръон қориларини танлаб олади. Ғолиблар Татаристон Республикаси Президентининг мукофоти ва рақамли қурилмалар билан тақдирланади. Шунингдек, Россия Федерацияси мусулмон тадбиркорлари уюшмасининг махсус соврини соҳиби ҳам аниқланади. Тақдирлаш маросими «Россия-Ислом дунёси: KazanSummit 2022» 13-халқаро иқтисодий саммити доирасида бўлиб ўтади.
Қозондаги халқаро Қуръон мусобақасида юртимиз шаънини Ҳомидов Муҳаммад Юсуфхон қори ҳамда «Мударрис Академияси» илм марказининг араб тили мударрисаси Нажмиддинова Нозимахонлар қатнашишади. Биз уларга Аллоҳ таолодан муваффақият тилаймиз. Ўзи мададкор бўлиб, Қуръонни, нозил қилингани каби гўзал ва мукаммал, бехато ўқиб беришларини насиб айласин.