Будапештда қамалда қолган Мариуполнинг ҳалок бўлган аҳолисига бағишланган ноодатий акция бўлиб ўтди.
Украина расмийларининг маълумотларига кўра, Мариупол марказидаги театр вайроналари остида қолиб 300 киши ҳалок бўлган. Уларнинг хотираси учун Дунай қирғоғига 300 жуфт пойабзал териб қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, Мариупол шаҳар расмийлари 16 март кунги Драма театридаги портлашда 300 киши ҳалок бўлганини хабар қилганди.
16 март оқшомида шаҳарни ҳаводан ўққа тутилди ва шаҳардаги Драма театри вайрон қилинди. Бу театрда мингдан зиёд тинч аҳоли жон сақлаётганди.
Украина расмийлари театр рус қўшинлари томонидан ўққа тутилганини таъкидлаган. Россия томони эса театр Украинанинг «Азов» полки томонидан вайрон қилинганини иддао қилмоқда. Россия бу иддаосига бирор далил келтирмаган.
Бугун тармоқларда Мариупол театрининг портлашдан сўнгги илк кадрлари тарқалди.
Ушбу шаҳаар салкам бир ойдан бери қамалда қолмоқда. Урушларни ўрганувчи АҚШдаги ISW институти маълумотига кўра, 25 март куни рус қўшинлари Мариупол марказига кириб борган.
Хабарларга кўра, Мариуполдаги Украин расмийлари шаҳарни тарк этган.