Мамлакатдаги норозилик намойишлари икки ойдан бери тинмаяпти. Намойишчилар Бенямин Нетаняҳунинг янги ҳукумати томонидан тажовуз қилинган демократияни ҳимоя қилиш учун кўчага чиққанларини айтишмоқда. Бош вазир, ўз навбатида, судлар ваколатларини чекловчи ислоҳот ҳокимият тармоқлари ўртасидаги мувозанатни тиклашини таъкидламоқда.
Демократияга таҳдид
Ислоҳотнинг мазмун-моҳияти суд ҳокимиятини қонун чиқарувчи ва ижро этувчи инстанцияларнинг қарорларига таъсир кўрсатиш имкониятидан маҳрум қилишдан иборат. Шу пайтгача Олий суд конституцияга зид, деб ҳисоблаган қонунларнинг қабул қилинишига тўсқинлик қилиши мумкин эди. Таклиф этилаётган тузатишлар шуни англатадики, ҳар қандай вето парламентнинг 61 овоздан иборат оддий кўпчилик овози билан бекор қилиниши мумкин.
Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, Кнессетда кўпчилик ўринларга эга бўлган ҳукмрон коалиция ҳар доим Олий суднинг ветосини четлаб ўтиши, ҳар қандай қонунни эркин қабул қилиши ёки бекор қилиши мумкин бўлади.
"Биз террор тўлқинига дучор бўлдик, иқтисодиётимиз таназзулга юз тутди, мамлакатдан пул чиқиб кетмоқда. Эрон Саудия Арабистони билан янги шартномалар имзолади. Лекин ҳукуматнинг барча ҳаракатлари демократиямизни йўқ қилишга қаратилган", дейди Исроил мухолифати етакчиси Яир Лапид.
Ислоҳот мухолифлари янги тузатишлар Исроилни назорат ва мувозанат тизимидан маҳрум этишидан хавотирда. Журналистлар билан суҳбатда намойишчилар диктатурага қарши курашга чиққанларини такрорладилар.
“Тўғрисини айтсам, Бибига овоз бердим, лекин ҳаммаси қаерга кетаётганини тасаввур қила олмадим. Диктатурагами? Агар ҳукумат мақсадига эришса, мамлакат бутунлай уларнинг қўлида бўлади”, дейди 50 мингга яқин намойишчилардан бири Дан Ежиц.
"Мен ўз позициямни билдириш учун келдим — бу ерда қонун номи билан ўрнатилаётган диктатурага қарши, суд ислоҳотига қаршиман. Бу суд ислоҳоти эмас, бу Исроилни диктатурага олиб борадиган инқилоб. Мен бу ерда истиқомат қиладиган фарзандларим, набирам учун Исроил демократик давлат бўлиб қолишини истайман, чунки Исроил демократик давлат ва шундай бўлиб қолиши керак”, — дея намойишга чиққанлардан бири.
"Мен суд-ҳуқуқ ислоҳотига қарши чиқиш учун келдим. Ва бизнинг бош вазиримизга қарши чиқаман. У диктаторга айланди ва биз диктатурани истамаймиз. Биз демократияни қайтаришни хоҳлаймиз", дейди бошқа намойишчи Мири Лаҳат.
Ҳукумат позицияси
Ҳукумат ҳозирча намойишчилар билан мулоқотга тайёрлигини кўрсатмади.
Унда суд ҳокимиятини чеклаш халқ иродаси ва барча соҳаларда янада юксалиш зарурати эканлиги таъкидланади.
Ислоҳот тарафдорлари сўнгги йилларда мутлақ ҳокимият Олий суд қўлида тўплангани, халқ томонидан сайланган ҳукумат самарали ишлай олмайди, чунки у доимий равишда судьялар қаршилигини енгиб ўтишга мажбур.
Шу пайтгача расмийлар Исроил шаҳарлари кўчаларида ўтказилаётган норозилик намойишлари мухолифат томонидан мамлакатдаги умумий беқарорлик учун уюштирилгани, ислоҳот фақат баҳона сифатида қўлланилаётганини таъкидлаб келган.