Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси ҳамжамияти мамлакат пойтахтидаги тартибсизликлар фонида Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва ҳукуматини “қўллаб-қувватлади”.
Собиқ давлат раҳбари Жаир Болсонаронинг минглаб тарафдорлари якшанба куни Миллий Конгресс, Федерал Олий суд биносига бостириб кириб, амалдаги раҳбарнинг қароргоҳини қуршаб олди. Лула да Силванинг ўзи ўша пайтда Сан-Паулу штатида иш сафарида бўлган.
“Бу одамлар шундай тарзда жазоланишлари керакки, ҳеч ким ҳеч қачон миллий байроқ ёки Бразилия терма жамоаси либосида булар қилган ишларни амалга ошириб, оммага ҳақиқий бразилияликлардек ўзларини намоён қилишга журъат эта олишмасин. Улар нималар қилганини кўриб турибсиз", дея баёнот берди Бразилия президенти Лула да Силва.
Президент шу ой охиригача мамлакат пойтахтида фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Сайловларда Болсонарони мағлуб этган Лула да Силва инаугурациясидан бир ҳафта ўтиб Бразилияда вазият кескинлашиб кетди. Собиқ президент тарафдорлари овоз бериш натижаларини тан олишдан бош тортмоқда.
Ҳуқуқ-тартибот ходимлари кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган, бироқ намойишларни бостира олмаган. Намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувлар чоғида бир неча фотограф ва медиа операторларига ҳужум қилингани айтилмоқда.
Айни пайтда Бразилия Олий суди Болсонаро тарафдорлари лагерларини бузиб ташлашни буюрди, бир нечта намойишчилар ҳибсга олинган.
Бразилия Олий суди судяси Александр де Мораес ҳарбийларга 24 соат ичида бутун мамлакат бўйлаб Болсонаро тарафдорлари лагерларини демонтаж қилишни ва полицияга суд қарорига биноан кўчаларга чиққан барча намойишчиларни ҳибсга олишни буюрди.
“Турли молиячилар ҳомийлик қилган, фуқаролик ва ҳарбий ҳокимиятларнинг келишуви билан Федерал Конституцияга бўлган ҳурматни бутунлай йўққа чиқарадиган тўлиқ террористик лагерлар мавжудлигини ҳеч қачон оқлаб бўлмайди”, дейилади буйруқда.
Бразилия расмийларига кўра, якшанба куни Бразилиянинг собиқ раҳбари Жаир Болсонаро тарафдорлари Бразилиядаги муҳим ҳукумат биноларига бостириб киришганидан кейин камида 400 киши ҳибсга олинган. Болсонаронинг тарафдорлари октябрдаги президентлик сайловларида мағлубиятга учраганидан кейин пойтахтда қароргоҳ қуришга улгуришган.
Агар лагерлар демонтаж қилинмаса, қуролли кучлар қўмондонлари, полиция ва мудофаа вазири суд олдида жавоб беради, деди Мораес ва душанба куни мамлакатдаги барча автомобил йўллари тозаланиши кераклигини қўшимча қилди.