Али ибн Абу Толиб масжиди Бразилиянинг Куритиба шаҳри марказида жойлашган бўлиб, 1972 йилдан бери мусулмонларга хизмат қилиб келмоқда. Масжид Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччалари ва куёвлари Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу шарафига номланган. Бу масжидга нафақат шу шаҳардан, балки узоқ вилоятлардан, ҳатто хориждан ҳам диндорлар келишади.
Масжид биноси шимоли-шарққа қараган, пол асл форс гиламлари билан қопланган. Ибодатхона ичидаги тўқ қизил юмшоқ гиламларнинг ранги оч яшил деворлар ва катта арклар рангидан кескин фарқ қилади. Хонақоҳ деворлари оят ва ҳадислар ёзилган хаттотлик намуналари ва мураккаб нақшлар билан безатилган. Кичкина ойнали деразалар кундузи масжидни ёритишга имкон беради. Кичик туйнуклар ёруғликнинг шиддатини пасайтиради, ундан масжидда осойишталик ва осудалик муҳити ҳукм суради.
Ҳудуди ва аҳолиси жиҳатидан Бразилия дунёдаги энг катта католик давлатидир. Бироқ, сўнгги бир неча ўн йилликлар давомида католикларнинг сони аста-секин камайиб бормоқда. Ислом Бразилияда мусулмонлар яшаган Африка минтақаларидан қулларнинг келиши билан пайдо бўлган. Қуллар кўпинча хўжайинларига қарши исён кўтарганлар. Энг машҳур қўзғолон 1835 йилдаги Малес қўзғолони бўлган.
Мусулмон қуллар шиддатли жанг қилса-да, аммо мағлуб бўлган. Тарихчилар бу қўзғолонни Бразилиядаги қулдорлик тарихидаги бурилиш нуқтаси деб ҳисоблашади. 19-аср охирида Ливан ва сурияликларнинг Бразилияга кўчиши бошланди. Дастлаб, улар асосан Амазонасда, Манаусда жойлашиб, каучук плантацияларида ишлаган. Кейинчалик муҳожирлар кўпроқ Бразилиянинг жануби ва жануби-шарқига жойлаша бошлаган.
Улар Бразилияга тезда мослашишди ва уларнинг авлодлари ўзларини бразилиялик деб ҳисоблашади. Мусулмон муҳожирларнинг асосий қисми Сан-Паулу, Куритиба ва Фоз-ду-Игуакуда истиқомат қилади. Уларнинг сони тахминан 35 минг (2010 й.) дан деярли 200 минггача деб ҳисобланади. Бразилия, масалан, Сан-Паулуда яҳудийлар ва араблар бир-бирлари билан тинч-тотув яшашлари, доимо илиқ мулоқот қилишлари ва ҳатто оилалари билан дўстлашишлари билан фахрланади.