Эрталаб ўйнаб, кўзингизни қувнатиб боғчасига борган фарзандингиз кечга бориб бетоб бўлиб қолса. “Болам таълим олсин, болалар билан мулоқотга киришсин, тўғри ва соғлом овқатлансин” дея, хотиржам ишга бориш ёхуд бошқа бир юмушни бажариш учун боғчага бергандингиз, аммо энди вақтингиз ва нақдингиз шифохоналарга сарф бўлса.
Сўнгги вақтларда айрим мактабгача таълим муассасаларига бориб, бетоб бўлиб қолаётган болалар сони ортмоқда. Бунга сабаб, баъзи ҳолатларда боғчага бетоб бўлиб келган болаларнинг бошқаларга юқтиргани бўлса, яна бир муаммо уларнинг овқатланишидир. Ижтимоий тармоқдаги бир лавҳада мактабгача таълим муассасасида ота овқатларининг талабга жавоб бермаётганини кўрсатиб, тасвирга туширган. Болаларнинг олдидаги таомлар талаб даражасида эмаслиги кўриниб турибди. Яна бир ҳолатда, гарчи бунга анча вақт бўлган бўлса-да, ходимнинг гўшт “ўғирлаб” кетаётгани тасвири ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлди. Бировнинг ҳаққи, айниқса норасида гўдакларнинг луқмаси кимга буюрар экан? Ана шундай хиёнат қилиб, пулини фарзандини даволашга ёки муаммоларини ҳал қилишга сарфлаётганлар кам-ми?!
Афсуски, кейинги вақтларда бундай ҳолатлар камайиш ўрнига ортиб бормоқда. Бу зийрак ва куйинчак фуқаролар томонидан маълум қилинганлари. Яна баъзи ота-оналар “менга нима” қабилида иш тутиб, фарзандини бошқа боғчага берган ҳолатлар мавжуд. Балки улар, айтганимиз билан муаммо ҳал бўлмайди, деб ўйлашар. Аммо, афуски, тўғри мурожаат қилинмаслик натижасида муаммоларнинг ўз вақтида ҳал бўлмаслиги фуқароларнинг ишончсизлигига сабаб бўлиши мумкин. Масалан, ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги мактабгача таълим ташкилотида 41 нафар боланинг заҳарлангани ҳақида хабарлар берилган эди. Бу хабарлар асосида Омбудсманнинг бола ҳуқуқлари бўйича вакил 17 сентябрь куни Олтиариқ тумани юқумли касалликлар шифохонаси ва мактабгача таълим муассасаларида ўрганиш олиб борди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова бу ҳақда маълумот берди:
– Ўрганиш ўтказилган кунда Олтиариқ туманидаги 22-, 39-сонли ва Марғилон шаҳридаги 16-, 24-сонли МТМда тарбияланувчи болаларни туман ва шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат этганлиги аниқланди. Шифокорлар ва болаларнинг ота-оналари билан суҳбатлашилганда беморларнинг аҳволи яхшиланаётгани қайд этилди. Баъзи болаларнинг соғлиғи яхшиланганлиги сабабли, уйига жавоб берилган.
Олтиариқ туманидаги 39-сонли мактабгача таълим ташкилотига ташриф буюрилганда боғчанинг санитария-гигиена ҳолати, озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиши, кадрлар малакаси, таомномалар ва болаларнинг ўйнаш, дам олиш шароитлари кўздан кечирилди ҳамда тегишли маълумотлар ўрганиш учун олиб кетилди. Билдирилган баъзи эътирозлар жойида бартараф этилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан таҳлилий маълумот тайёрланиб, юқоридаги каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли давлат идораларига юборилиши маълум қилинди.
Юқоридаги МТМдаги ҳолатлар Болалар Омбудсманининг қатъий назоратида турибди.
Биз ота-оналар фарзандимизни боғчада таълим олсин, соғлом овқатлансин деб ишониб юборсак, бироқ бу истакларимизнинг акси бўлса. Ахир тўловлар камаймаган, аксинча ортиб бораётган бир вақтда маблағлар болаларнинг сифатли таомланишига эмас, нимага сарфланяпти? Мактабгача таълим муассасалари ходимлари шунчалик масъулиятсизми, болаларнинг овқатдан заҳарланишига сабаб бўлишса?! Бу масалани атрофлича ўрганиш, муросасиз муносабатда бўлишни мен каби бошқа ота-оналар ҳам сўраган бўлар эди.
Ахир, ҳаётимиз, эртанги умидимиз, кўзимизнинг оқу-қоралари бўлган жигарбандларимизни кун давомида кимнинг қўлига ишониб топшириб кетаяпмиз? Масъулиятсиз, ўз ишига совуққон бўлган боғча ходимларига қарши муросасиз бўлайлик. Юқори ташкилотлар болалар тақдирига лоқайд бўлган МТМ масъуллари ва ходимларига тегишли тартибда чора кўриб, соҳада малака ва тажрибага эга, шунингдек, билимли бўлган ходимларга МТМ тақдирини ишониб топширишларига катта умид қилиб қоламиз.
Камола Адашбоева