Боланинг юзига тарсаки тортиш нафақат ўқитувчига балки ота-онага ҳам қатъиян тақиқланган хатти-ҳаракат! Бу йўл билан ҳеч қачон яхшиликка эришиб бўлмаслигини ҳам барчамиз яхши биламиз. Юзига тортилган тарсаки билан ҳеч бир боланинг ҳурматини қозонолмайсиз.
Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати мактабларда ўқувчиларнинг калтакланаётгани ҳолатларига муносабат билдирди.
"Умумий ўрта таълим муассасаларининг ички тартиб ва одоб-аҳлоқ қоидалари" ҳамда Халқ таълими вазирининг 2022 йил, 28 июлдаги 246-сон буйруғига кўра, ўқитувчилар томонидан ўқувчиларни жазолаш мақсадида уларга нисбатан жисмоний куч ишлатиш ва руҳий тазйиқ ўтказишлари қатъиян таъқиқланади.
Бугунги замон ўқитувчилар ўқувчилар билан фақат дўстона муносабат ўрнатиш орқали натижага эришиш мумкинлигини тақозо этади. Ҳар бир ўқувчи билан муаммони биргаликда ижобий ҳал этиш - бугунги кун педагогининг бурчи ҳисобланади. Агар дўстона муносабат орқали натижага эришишнинг имкони бўлмаса буни ҳал этиш учун боланинг ота-онаси ёхуд участка нозири жалб этиш тўғри саналади. Лекин болага қўл кўтаришга ҳаққингиз йўқ.
Жисмоний жазо шахсиятни йўқ қилади ва атрофдагиларга ишончсизликни ўргатади. "Ким кучлироқ бўлса, у ҳақ" деган хулосага олиб келади. Бола ёлғон гапиришни, ўзидаги ҳис-туйғуларни бостиришни ўрганади. У хато қилишдан қўрқади, чунки у жазоланиш ва оғриқ ҳис қилишни хоҳламайди. Келажакда бундай одам бундай куч кўринишларига дуч келмаслик учун ҳамма учун қулай бўлишни ўрганади.
Ўқитувчи бугун жамиятимизнинг энг обрўли вакили бўлиши керак деган тамойилга асосланган ҳолда Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларни доим ҳимоя қилишга ҳаракат қилади, лекин ҳурматли ўқитувчилар ўз фаолиятингиз давомида одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишингизни сўраб қоламиз!
Шу ўринда ота-оналардан ҳам ўқитувчи шаъни, қадр-қимматини ҳурмат қилишлари ва дарс жараёнларига аралашиб, педагогларни ҳақорат қилмасликлари сўралади.
Ўқувчиларга ҳам дарс жараёнида телефондан фойдаланишлари қатъиян тақиқланганлигини эслатиб ўтамиз. Агар огоҳлантиришга қарамасдан дарс жараёнида телефондан фойдаланиш ҳолатлари давом этса синф ва муассаса раҳбарияти телефонни олиб қўйиб, ўқувчининг ота-онасини огоҳлантирилади. Ҳолат бўйича инспектор-психолог томонидан ўқувчининг ота-онасини Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги Жамоат ва кузатув кенгашлари доирасида муҳокамалардан сўнг ўқувчининг ота-онасига қайтариб берилади.
Шундай ҳолатлар ўқув йили давомида такрорланадиган бўлса ўқувчи ички ишлар органларининг профилактик рўйхатига қўйилади, дейилади муносабатда.
Шунингдек, ўрта таълим муассасаларининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари билан ҳар бир ота-она, ўқитувчи ва ўқувчилар танишиб чиқиши ва амал қилиши сўралган.