Ижтимоий тармоқларда боғчадан гўшт ўғирлаб кетаётган аёл тасвирланган видео тарқалган эди.
Самарқанд вилоят Мактабгача таълим бошқармаси Ахборот хизмати мазкур ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, Пахтачи туман «Ҳайит Элбеги» МФЙда жойлашган 28-сонли мактабгача таълим ташкилотида МТТ бош ошпази Ў. А. пиширилган 4,7 кг гўштни олиб кирхонага бекитиб, сўнгра кирхона деразасидан хўжалик мудираси М. Э.га берган. У эса гўштни олиб чиқиб кетаётганида тарбиячилар томонидан ушлаб олинган.
Ушбу ҳолат бўйича МТТ бош ошпази ҳамда МТТ хўжалик мудираси билан суҳбат ўтказилганда, бу ишларни доимо 28-сонли МТТ директорининг топшириғи ва кўрсатмасига асосан қилганини, ҳақиқатдан ҳам МТТ тарбиячилари Н.Н ҳамда М. У.ларнинг айтган гаплари ва улар томонидан олинган видео ва аудео ёзувлардаги лавҳалар тўғри эканлигини ўз тушунтириш хатларида баён қилишган.
МТТ бош ошпази ва МТТ хўжалик мудираси билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Пахтачи тумани прокуратураси томонидан ўтказилган текшириш натижаларига кўра, 28-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.