Рамазон деганда менинг хаёлимга доим биринчи бўлиб бобом келадилар. Улар билан Рамазон бошқача файзли ва баракотли бўлар эди. Саҳарлик қилиб бўлгач тонг отгунича бизларга ҳар хил ибратли ва қўрқинчли ҳикоялар айтар, суҳбатлашар, тасбеҳ ва Қуръон тиловат қилар эдилар. Кундузлари иссиқ бўлгани учун кондиционер тагига ҳамма «ётиб олар» эди. Бобом эса “ҳали ёшсизларда, тушунмайсиз, бунақа тагига ётиб олсанглар бизнинг ёшга етганда бошинглар касалликдан чиқмай қолади”, дер эдилар.
Аср бўлиши биланоқ гул ва дарахтларни суғорар эдилар. “Сув сепар” ўйнар эдик. Ифтор бўлганида эса ҳамма бир дастурхон атрофида йиғилар, бобом дуо қилар эдилар.
“Лайлатул қадр”ни айтмайсизми... Биргаликда ҳовлимиздаги сўрида Қуръон тиловати, нафл намозлар, тасбеҳ айтишлар билан ўтқизар эдик тунни. Шунақанги файзли ва мароқли эдики...
Ҳа, яна таровиҳга ҳаммадан олдин бориб олар эдилар. Адам ва акам “ҳали қанча вақт бор-ку, ҳозирдан бориб олганларини”, дея кулиб қўйишарди. Ибодатга, хайрли ишларга доим шошилар эдилар.
Ўтган йили бобом билан охирги Рамазон эканини қаёқдан ҳам билар эдик.
Бу йил бобомсиз илк Рамазон...
(Мубашшир Аҳмад каналидан олинди)