Мянмада 2021 йил февралидаги ҳарбий тўнтаришдан кейин камида 2940 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари (UNHCHR) матбуот котиби Равина Шамдасани маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, БМТнинг Мянма бўйича сўнгги ҳисоботида, мамлакат ҳарбийлари зўравонлик, жумладан, диссидентларни ўлдириш, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, қийноқлар ва ўғирлаш усулларини қўллаган.
“Ҳисоботда давлат тўнтаришидан сўнг ҳарбийлар камида 2940 кишини ўлдиргани ва 17572 киши ҳибсга олинганини тасдиқловчи ишончли манбаларга таянилган”, деди Шамдасани БМТнинг Женевадаги ваколатхонасида ўтган ҳафталик брифингда.
Шамдасани бу ҳолат Мянмада инсон ҳуқуқларини чуқур инқирозга олиб келганини қайд этди.
Матбуот котибининг қўшимча қилишича, ҳисоботда биринчи навбатда Мянманинг шимоли-ғарбий ва жануби-шарқий ҳудудларида бир қатор инсон ҳуқуқлари бузилиши ва зўравонликларнинг кескин ошгани ҳужжатлаштирилган.
Ҳисобот 2021 йил 1 февралдан 2023 йил 31 январгача бўлган даврни қамраб олади.
Мянмадаги ҳарбий тўнтариш ҳақида
Мянма армияси 2021 йил 1 февралда ҳокимиятни 2020 йилги умумхалқ сайловларидаги фирибгарлик айбловлари ва мамлакатдаги сиёсий кескинликлар ортидан қўлга олган эди.
Ҳарбийлар ҳукмрон партиянинг кўплаб расмийлари ва етакчиларини, хусусан, ташқи ишлар вазири Аунг Сан Су Чжини ҳибсга олиб, бир йиллик фавқулодда ҳолат эълон қилган.
Давлат тўнтаришидан буён 13 мингга яқин одам ҳибсга олинган, 10 мингдан зиёд одам ҳамон қамоқда. Мянма ҳарбий судлари 114 нафар сиёсий маҳбусни, жумладан, икки болани ўлимга ҳукм қилди.