(Бозордаги озорлар)
Кўпинча бозордаги маҳсулотнинг нархи ошса “доллар курси кўтарилди”, дейишади. Ҳа, шу чет эл валютаси ҳам бизнинг бозорларга таъсир қилар экан-да, дер эдик. Доллар курси тушгандан сўнг баҳона - ойлик ошгани бўлди. Ваҳоланки, ҳали ойликни ошган нархида олмадик. Бироқ, ҳамма нарса аввалгидан қимматлашган. Аслида бироз инсоф билан савдо қилишса, бу каби муаммолар бўлмайди. Афсуски, бугун бозорда алдов, фирибгарлик кўпайиб кетди. Айниқса шундай ёз кунларида, сархил мевалар илинжида, одамлар бозорларга серқатнов бўлиб қолади. Аммо, харид этган маҳсулотингиз сотувчи мақтаб айтгандай чиқмаслиги аниқ. Нархлар ўзгаради, бироқ сифатсизлик ўзгармаяпти.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳаёти ҳақида ёзилган Аҳмад Лутфийнинг “Саодат асри қиссалари” асарида “Муҳаммад ибн Абдуллоҳ қўлидаги молни сотар экан, уни ортиқ даражада мақтамасди. Сотиб олаётганда камситиш, сотаётганда ортиқча мақташ одати йўқ эди унда”, дейилади. Бу асарда ўша даврларда бировнинг ҳаққига хиёнат қилиш гуноҳлиги, савдо ишида эса энг асосийси ҳалоллик бўлганини кўришимиз мумкин. Ҳаттоки, бир савдогар ноҳақлик қилса, унга қарши кўпчилик туриб, бозорни, шаҳрини обрўсини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Жабр кўрган инсонга кўмак беради. Инсоннинг инсонга ишончи, бир хато учун кўпчиликнинг жавобгарлиги ва масъулияти бўлган.
Ҳозир-чи?! Ҳозир алданиш жуда осон, ҳамма ҳам маҳсулотини қайтариб олиб келмайди. Айрим фуқаролар билан шу масалада суҳбатлашдик.
– Бир дўкондан ширинлик сотиб олдим. Олиб келсам, ичи моғорлаб кетибди. Қайтариб олиб бордим. Сотувчи дўконни тез-тез назорат қилиши, маҳсулотларни саралаши лозим. Мен-ку пулимга ачинмадим. Бироқ, маҳсулотнинг увол бўлгани... Ахир қанчадан-қанча инсонлар очликдан азият чекмоқда. Узоққа бормайлик, шундай ён қўшнимиз Афғонистонда бир кунлик овқат учун одамлар не-не жафолар чекишаётганини кўриб турибмиз. Буларнинг қилаётган ишлари мусулмончиликка тўғри келмайди, - дейди Марҳабо опа.
– Тўғриси матонинг фарқига бормайман. Ёзда оёқ кийим муаммо бўлади. Сабаби нохуш ҳидлар чиқади. Тоза, сифатли пойабзал харид қилишга ҳаракат қиламан. Асосан дўконлардан олардим. Бир куни шаҳримиздаги бозорлардан бирида оёқ кийим олдим. Савдогар уни ошириб мақтади. Тоза чарм деб турибди. Нархи бироз арзон оёқ кийимни олдим. У тоза чарм эмас экан. Ёлғон гапириш савдогарларга одат бўлиб қолганми дейман. Шу пулимга озгина қўшганимда дўкондан тоза чарм олган бўлардим, – дея ўз эьтирозини билдирди Абдуҳамид.
– Биласизми маҳсулотни сўрашга ҳам қўрқиб қолганмиз. Бугунгими ёки сифатлими, десак балога қоламиз. Бир куни нон олдим ва бугунгими, деб сўрадим. Қўлимдан тортиб олиб, йўқ кечаги, бугунги бўлади-да, ушлаб кўриб билсангиз бўлмайдими, биз эски нон сотмаймиз, дейди аламзадалик билан ёшгина сотувчи жувон. Ҳа шунақа, пуллари кўпайиб менсимайдиган бўлиб кетган савдогарлар ҳам бор, - дейди истеъмолчилардан бири.
Бир-биридан ўтадиган айрим сотувчилар ўзи истаган нархни қўйиб олади. Нега сизда қиммат, бошқа жойда арзон-ку, десангиз “Бошимни қотирмасдан ўша ердан сотиб ол. Сенга ол дедимми” дейди аксари сотувчилар. Айрим нарх билан иши йўқ, содда ёки бой одамлар маҳсулотини олиб кетса керак-да. Шунинг учун уларнинг ошиғи олчи. Нархлардаги бу каби фарқлар кишини ўйлантиради. Ота-онаси фақат ойлик олгандагина ўзи истаган нарсани еб кўрадиган болалар, эрининг маошини кутиб, егиси келган маҳсулот ёнидан тамшаниб ўтиб кетаётган ҳомиладор аёллар бор.Маҳсулот сифати ва нархи борасида яна бир бор мушоҳада юритиш лозим. Қулупнай мавсумида қулупнай далаларида ҳам нарх қиммат бўлса, шакар мавсумида уни харид қилиб олишнинг имкони бўлмаса... Одамларнинг истак-хоҳиши билан бундай ҳазил қилиш, тўғри эмас назаримда. Зотан, бу ишларнинг ҳам жавоби бор. Бировнинг ҳаққи бировга ҳеч қачон ўтиб кетмаган. Балки, шунинг учун ҳам қандай йўл билан бўлмасин, бозорда фойда кетидан қуваётган айрим сотувчилар бой бўлолмайди. Ёлғонни аралаштириб, бировнинг ҳаққини еяётган, топган шу ҳаром пуллари билан фарзандларини еб-ичираётганлар билармикин, топганлари тўйларига, яхши кунларига эмас, афсуски кўп ҳолларда ёмон кунига асқотаётганини?! Ҳаром луқма еб ўсган болалар-чи? Эртага улардан умид бор-ми? Хавотир мана шунда...
Камола Адашбоева