Тўлиқ исми Абул Аббос Абдуллоҳ Муртазо ибн Муътазз ибн Мутаваккил ибн Муътасим ибн Ҳорун ар-Рашид бўлган ушбу инсон аббосий халифаларининг йигирманчиси ҳисобланади.
У ҳижрий 247/милодий 861 йилда Сомарро (Ироқ)да таваллуд топган. Отаси Муътазз биллаҳ сарой турклари томонидан ўлдирилгач, Маккага сургун қилинади. У ерда мол-мулклари мусодара қилинган бувасининг қўл остида яшайди. Сўнгра яна юртига қайтиб келади.
Ҳижрий 296/милодий 909 йилда халифа Муктафий биллаҳ вафот этгач, Абдуллоҳ ибн Муътаззга байъат қилинади. Аммо унинг халифалиги бир кунгина давом этади. Халифа бўлган кунининг эртасига қатл қилинади.
Ибн Муътазз ўлдирилганда жуда кўп шоирлар унга атаб марсиялар ёзишган.
Сабаби Абдуллоҳ ибн Муътазз бошқарувда нўноқ бўлишига қарамай, адабиёт соҳасида пешқадамлардан эди. У балоғат илмининг уч бўғинидан бири бўлмиш “Илмул бадиъ” (علم البديع) фанига тамал тошини қўйган инсон сифатида бугунги кунимизда ҳам машҳурдир.
Ибн Халликон у ҳақида шундай дейди: “У адиб, фасоҳат эгаси, шоир, шеъриятга иқтидорли, қабул қилинишга осон, тили енгил, яхши туғма қобилият соҳиби ва гўзал ижодкордир”.
Ибн Рашиқ айтади: “Абдуллоҳ ибн Муътазздан кўра комилроқ шоирни, ажобтовур ижодкорни билмадим. Унинг шеърлари шу қадар сирли ва латифки, бу латифликни шеърнинг дақиқ маъноларини тушуна оладиган басират эгасигина кўра олиши мумкин. Менинг наздимда у асҳобларининг ичида энг шеъри латифи, фасоҳат ва жозибаси энг кўпи, қофия ва вазни энг яқинидир. Бу борада унинг ортидан қувадиган толибга ҳеч бир мақсад кўрмаяпман (яъни, унга етиб оламан деган кишини ҳали учратмадим)”.
Машҳур аллома Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг ўз тафсирида Қуръон оятларининг баъзи сўзларини луғавий жиҳатдан тушунтираётиб Ибн Муътаззнинг байтларидан иқтибос қилиши ҳам адибнинг луғати ва фасоҳати юқори даражада эканидан дарак беради.
Жумладан, Фотиҳа сурасининг 1-оятидаги “олам” (белги, аломат) сўзини изоҳлай туриб Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ Ибн Муътаззнинг қуйидаги байтини келтирган:
فيا عجبا كيف يعصى الإله
أم كيف يجحده الجاحد
وفي كل شيء له آية
تدل على أنه واحد
“Аллоҳга қандай осий бўлур, ё ажаб,
Уни қандай инкор этар инкор этувчи!?
Ахир ҳар нарсада бордир аломат
Унинг бирлигига далил бўлувчи!”
Ибн Муътаззнинг асарлари:
- “Китаабул бадиъ” (1935 йилда Рус шарқшуноси Крачковский томонидан Лондонда чоп этилган);
- “Китаабу тобақотиш-шуъаро” (Доктор Абдуссаттор Фарож таҳқиқ қилган);
- “Китаабуз-заҳр вар-рияаз”;
- “Китаабул жаваариҳ вас-сойд”;
- “Китаабу ашъаарил мулуук”;
- “Росааилу Ибн Муътазз” ва яна бошқалар,