Шариат томонидан тасдиқланган солиқ ва йиғимлардан ташқари барча тўловлар аксарият мусулмон фақиҳлар тарафидан ноқонуний деб ҳисобланган. Қўҳна мусулмон фиқҳи томонидан маъқулланган солиқлар сафига қуйидагилар киради: закот (балоғатга ва моли нисобга етган мусулмонлардан эҳтиёжмандлар ҳисобига ундириладиган солиқ), ушр (деҳқончилик маҳсулотларининг 1/10 қисми), хумс (ҳарбий ўлжаларнинг 1/5 қисми), жизя (зиммийлар, яъни мусулмон мамлакатидаги ўзга диндагилардан жон бошига ундириладиган солиқ) ва хирож (ер солиғи)[1]. Шариатда кўрсатилмаган янги солиқларни амалга киритиш мусулмон фиқҳий таълимоти томонидан вақтинчалик мажбурий чора сифатида кўриб чиқилган ва маблағлар аниқ ижтимоий мақсадларни ечишга йўналтирилган.
Лекин халифалик амал қилишининг дастлабки асрларида мусулмон солиқларининг бевосита (мақс[2]) ўзига нисбатан кўп сонли турли шаклдаги солиқ ва йиғимлар пайдо бўлди. Янги солиқлар орасида моҳиятига кўра, ҳаттоки ўта фавқулодда ҳолатларда ҳам қонуний ҳисобланмайдиган шундай солиқлар бор эди, масалан, Месопотамияда винога нисбатан солиқ (жибайат ал-хумур[3]) ундирилган, у вазир Али ибн Исо (946 йилда вафот этган) томонидан бекор қилинган.
Мусулмон фақиҳлари солиққа тортиш масалаларига жиддий эътибор қаратганлар. Бизнинг кунларга қадар мусулмон солиқларига бағишланган Китоб ал-харож ва Рисола фил-харож номлари билан аталган асарлар муаллифлари 19 тасининг номи маълум. Аниқланган манбаларга кўра, ҳаммаси бўлиб энг аввалги ислом даври мусулмон муаллифларининг солиққа тортиш масалалари бўйича 21 та асари маълум бўлган. Лекин бизнинг кунларга қадар фақат учта асар етиб келди: юқорида айтиб ўтилган Абу Юсуф (798 йилда вафот этган), Яҳё Ибн Одам (818 йилда вафот этган), Қудома Ибн Жаъфар (932 йилда вафот этган)ларнинг асарлари.
Вазир Али ибн Исо каби айрим ҳукмдор ва амалдорлар солиққа тортиш бўйича мусулмон низомларини бузилиши билан келиша олмаганлар ва шариатга мувофиқ келмайдиган барча солиқларни бекор қилишга уринганлар. Масалан, фотимийлар халифаси ал-Ҳоким (996-1021) шундай йўл тутди, у мусулмон фиқҳида кўрсатилмаган барча солиқларни бекор қилди. Лекин давлат пулларга эҳтиёж сезар эди ва шу туфайли унинг вориси аввалги барча солиқ ва божларни яна қайта амалга киритишга мажбур бўлди[4].
Мана шундай мураккаб шароитда ҳукмдор тузумга содиқ мусулмон ҳуқуқшунослари янги киритилган солиқларни шаръий далиллар билан асослашларига тўғри келган. Масалан, мусулмон фиқҳига кўра, барча божлар ман этилган, лекин халифаликнинг барча ерларида божхоналар ташкил этилган. Шунда мусулмон фақиҳлари божларни, мусулмонлар томонидан ўзларининг эҳтиёжманд биродарларига тўланиши лозим бўлган закот миқдори чегарасида закот устунига жойлаштиришни таклиф этганлар.
Мусулмон фиқҳида бундай усул ҳийла деб аталган. Мусулмон фиқҳи бўйича кўзга кўринган ғарблик олим Й. Шахтнинг берган таърифига мувофиқ, ҳийла ўзида “ҳуқуқий воситаларнинг қонуний ёки ноқонунийлигидан қатъи назар, шариат тақдим этган имкониятларни бевосита қўллаб эришиб бўлмайдиган фавқулодда мақсадларга эришиш”ни акс эттиради. Ҳийла ҳанафий ва шофеъий мазҳаблари томонидан тан олинади ҳамда моликий ва ҳанбалий мазҳаблари тарафидан тақиқланади.
Лекин ҳийлага мурожаат этиш ҳам амалдорларнинг, шу жумладан божхонадаги мансабдорларнинг суистеъмолликларига барҳам бера олмади, божхоналарда савдогарлар томонидан жорий йилда мазкур солиқ тўланганини текширмай туриб, закот ундириш ҳолатлари мавжуд эди.
Тўлов ундиришни ижарага олиш тизимининг кенг тарқалиши натижасида закот сингари муҳим солиқни йиғиш савдогар ёки ер эгаларига, агар улар мусулмон бўлсалар, лавозим сифатида қўшимча хизмат кўринишида берила бошланди. Тўловлар ундиришни ижарага олиш тизими (откуп) Шарқда қадим даврлардан бери маълум бўлсада, у даставвал халифа ал-Мўътадид (892-902) даврида йўлга қўйилди. Масалан, молиячилардан бири 7000 динор миқдоридаги бюджетнинг кунлик камомадини қоплаш эвазига Вавилониянинг бир нечта вилоятлари солиқларини йиғиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ҳатто вазирлар ҳам солиқлар йиғишни ижарага ола бошладилар. Мазкур тизим узоқ вақт (XIX асрларининг ўрталарига қадар) давомида усмонийлар бюджетига маблағлар туширишнинг асоси бўлиб келди.
Гарчи бу диний солиқ доим ҳам мусулмон давлатлари хазинасини тўлдиришнинг асосий манбаси ҳисобланмаган бўлсада, мутахассислар орасида исломий солиқ тизими энг аввало закот билан қўшиб эсга олинади. Фақат исломнинг энг аввалги даврлари бундан мустаснодир. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам закот йиғувчиларни шахсан ўзлари тайинлаганлар. Бир қатор қабилаларнинг Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин мазкур солиқ турини тўлашни рад этишлари, ҳазрати Абу Бакр розиялллоҳу анҳу томонларидан ҳарбий юришлар ташкиллаштирилишига сабаб бўлган[5].
Умар розиялллоҳу анҳунинг халифалик даврларида закот йиғиш тизими қатъий белгилаб қўйилди. Закот йиғилган жойида тақсимланадиган бўлди. Катта савдо йўллари ёқасида текширув жойлари ташкил этилди, бу ерда солиқ йиғувчилар мусулмон савдогарлардан закот ва номусулмон савдогарлардан бож ундирар эдилар. Бундай солиқ йиғувчиларни аширун деб аталар эди.
Шуниси эътиборлики, халифа Умар розиялллоҳу анҳу томонидан солиқ йиғиш ва закотни тақсимлаш тизимида ислоҳотлар ўтказилганидан кейин ҳам, у ҳали мукаммалликдан йироқ эди. Бунга мисол сифатида иккита ҳолатни келтириш мумкин, ҳар икки ҳолатда ҳам закот йиғувчилар ушбу солиқни олишга ҳақли кишиларни топа олмаганлар.
Яман волийси Муоз ибн Жабал розиялллоҳу анҳу ўз вилоятида йиғилган садақанинг (мусулмон тарихининг дастлабки босқичларида садақа ва закот бир маънодаги тушунчалар ҳисобланган) учдан бир қисмини халифа Умар розиялллоҳу анҳуга жўнатди. Халифа Муозга уни солиқ йиғувчи сифатида жўнатмаганини айтиб, волийнинг вазифаси бойлардан закот ундириш ва уни камбағаллар ўртасида тақсимлаш эканини эслатди. Бунга жавобан Муоз закотдан тушган маблағларга эҳтиёжи бор кишини топа олмаганини айтди. Кейинги йили Муоз халифага энди тўпланган садақанинг ярмини жўнатди. Халифа яна жўнатилган пулларни шариат амрига кўра тақсимлашни талаб қилди. Лекин Муоз муҳтожларни топа олмагани айтиб, эътироз билдирди. Орадан яна бир йил ўтди. Муоз энди халифага йиғилган садақанинг ҳаммасини жўнатди ва бу сафар ҳам бирорта бўлсада, садақага муҳтожни топишга муваффақ бўлинмаганини таъкидлади.
Иккинчи ҳолат эса ўзининг тақводорлиги билан машҳур бўлган уммавийлар халифаси Умар ибн Абдулазиз (иккинчи Умар деб ҳам аталади) ҳукмдорлиги даврида бўлган эди. Миср волийси йиғилган садақа (закот)ни нима қилиш ҳақида сўраб унга мактуб ёзди, чунки у ушбу маблағларга муҳтож кишиларни топа олмаган эди. Халифа қулларни сотиб олиш ва кейин озод қилишни; савдо йўлларида дам олиш учун жойлар қуришни; етарли даражада моддий бойликка эга бўлмаган ва оила қуриш истагида бўлган йигит ва қизларга ёрдам беришни маслаҳат берди. Шундай кейин Миср шаҳарлари кўчаларида жарчилар жар сола бошладилар: “ Бу ерда қарздорлар борми? Бу ерларда оила қуришни истовчилар борми? Бу ерда муҳтожлар борми?” ва ҳк. каби чақириқлар етарли даражада эҳтиёжмандлар топилгунга қадар давом этар эди.
Шундай қилиб, садақа (закот) олувчиларни топиш билан боғлиқ муаммолар, кўринишидан волийларнинг алдови ва йиғилган маблағларни ўзлаштириш пайида бўлганликларидан эмас, балки ўша даврда закот солиғини тақсимлаш тизимининг мукаммал эмаслигида эди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай вазият айрим муаллифлар тасдиқлаганидек, ўша давр халифалигида закот олувчи кишилар мезонига мувофиқ келадиган фақир кишилар ҳақидаги маълумотлар йўқлиги натижасида туғилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Сўнгги йилларда закот йиғиш ва тақсимлаш бўйича шариат талабларига доим ҳам риоя этишнинг иложи бўлмас эди. Уммавийлар даврининг охирларига келиб турли даражадаги амалдорлар томонидан суистеъмолликларга йўл қўйилиши сабабли, давлатни закот йиғиш ва тақсимлаш ҳуқуқидан маҳрум этишга чақириқлар бўлиб турди[6].
Шуни айтиш мумкинки, бир қоида амалдорлар томонидан бузилмаган: закот солиғи фақат мусулмонларга солинган. Номусулмонлар мусулмон фиқҳи таълимотига мувофиқ фақат икки солиқ : жизя ва хирожни тўлаганлар. Баъзида мана шу икки солиқ тури синоним ўрнида ишлатилган. Мусулмон давлати аввалги даврларида халифа Умар розиялллоҳу анҳу томонидан ўрнатилган хирож хазинани тўлдиришнинг асосий манбаларидан бири бўлган. Лекин исломнинг янги ерларга кенг тарқалиши ушбу солиқ тури тўлашни камайишига олиб келди. Шу билан боғлиқ равишда ислом тарафидан бўйсундирилган ҳалқларнинг оммавий исломга киришини рағбатлантирилиши солиқ тушумини камайишига сабаб бўлди. Масалан, уммавийлар биринчи халифаси Муовия розиялллоҳу анҳу даврида Мисрда солиқлардан хазинага тушадиган даромадлар кўп сонли қибтийларнинг исломга кириши сабабидан икки баробарга камайиб кетди. Ҳажжож сингари фаол амалдорлар янги мусулмонлардан ҳам жизя, ҳам закот олишга ҳаракат қилдилар[7].
Мустамлакачилик даврига келиб мусулмон дунёсининг аксарият ҳудудларида закот йиғилмай қўйди. Фақат Яман бундан мустасно бўлиб, бу ерда чорва ҳайвонлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан закот олинган. Бундан ташқари, Яман ва Малакка султонлигида (замонавий Малайзия ҳудудлари) фитр закоти йиғилган ва у закот солиғи сингари солиқ деб ҳисобланган.
Мўғуллар таъсиридан кейин мусулмон дунёси муайян ҳудудларида бошқа мусулмон солиқлари ҳам ундириладиган бўлди. Айрим ҳукмдорлар (масалан, Бобурийлар даврида) ўз иқтисодий сиёсатларида баъзи мусулмон солиқлардан фойдаланмоқчи бўлдилар, лекин шариатга буткул мувофиқ келадиган солиқ тизимини шакллантиришга муваффақ бўлмадилар.
Манба: «Ислом иқтисодий модели ва замон»
Муаллиф: Ренат Беккин
Таржимон: Ботирхўжа Жўраев
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 5 февралдаги 586-хулосаси асосида тайёрланган.
[1] Қавс ичида келтирилган атамаларнинг кенг тарқалган маънолари берилган. Файъ (мусулмонлар томонидан ўзга диндагилардан тинчлик йўли билан олинган, шунингдек, солиқлар ҳам) ва ғанима (ҳарбий ўлжалар) расмий нуқтаи-назардан алоҳида солиқларни номлаш учун ишлатилиши мумкин эмас.
[2] Муқус (мақс сўзининг кўпликдагиси) атамаси билан шунингдек, мусулмонлардан закотдан ташқари ундириладиган барча савдо йиғимлари ҳам ифодаланган. Мақс сўзининг синоними сифатида ушр (кўпликда ушур) ҳам қўлланилган.
[3] Маълумки, шариат томонидан вино истеъмол этиш ман этилган, шунинг учун у (бошқа спиртли маҳсулотлар каби) товар ҳисобланмайди ва солиққа тортиш объекти сифатида кўриб чиқилиши мумкин эмас.
[4] Кейинчалик мусулмон дунёсининг бошқа ҳудудларида мана шундай уринишлар амалга оширилди, лекин уларнинг барчаси ҳам муваффақиятга эришмади (масалан, XVII асрнинг охирларида Усмонийлар салтанатида)
[5] Қўзғолончилар исёни бостирилганидан кейин закот мусулмон давлатида мажбурий солиқ сифатида мустаҳкамлаб қўйилди.
[6] Habib Ahmed. Role of Zakah and Awqaf in Poverty Allevation. – Jeddah, 2004. – P. 41.
[7] El-Ashker A. A. F. ,Wilson R. Islamic Economics: a Short History. - Leiden – Boston, 2006. - P. 151.