Сўнгги усмоний халифаси Абдулмажид II (Абдулмажид Афанди) 1944 йилнинг 23 августида Парижда 76 ёшида юрак хуружидан вафот этди. У 1922 йилнинг 19 ноябрида Туркия парламенти томонидан халифа этиб сайланган эди.
1924 йилнинг 3 мартида халифаликнинг бекор этилиши ва усмонийлар сулоласини сургун қилиш ҳақида қонун қабул қилингунга қадар расман халифа деб ҳисобланди. 4 март куни шошилинч тарзда оила аъзолари билан бирга Туркиядан сургун қилинди. Аввалига Швейцарияда, кейин эса Францияда яшади. Вафотидан ўн йилдан кейин хоки Мадинадаги “Бақеъ” қабристонига кўмилди.
Султон Абдулазизнинг ўртанча ўғли бўлган Абдулмажид II Истанбулдаги “Юлдуз” саройи қошидаги мактабда ўқиди. Тил ва адабиётга қизиқиши кучли эди. Араб, форс, француз ва немис тилларини ўрганди. Рассомчилик ва мусиқа билан шуғулланди. Усмонийлар сулоласидана чиққан ягона рассом ҳукмдор ҳисобланади.