1990 йилнинг 20 январига ўтар кечаси Озарбайжон пойтахти Бокуга совет армияси қўшинлари олиб кирилди. Натижада юзлаб одам миллатлараро босқин ва совет армиясининг қонли операцияси қурбони ва жабрдийдасига айланди. Уларнинг аксарияти озарбайжонликлар эди. Ўша кунларнинг воқеалари тарихга «Қора январь» номи билан кирди.
Ўшанда озарбайжонликлар ва арманистонликлар ўртасида зиддият кучайган давр эди.
Human Rights Watch ташкилоти ҳисоботига кўра, гарчи Кремлнинг ҳарбий ҳаракатлардан мақсади арман аҳолисини ҳимоя қилиш бўлса-да, кўпчилик далиллар буни тасдиқламайди. Масалан, Боку ҳарбий прокуратурасининг Human Rights Watch /Хельсинки томонидан кўриб чиқилган ҳужжатлари шуни кўрсатадики, жанговар ҳаракатлар Бокудаги 1990 йил 13 январда бошланган арманларга қарши зўравонликлардан олдинроқ режалаштирилган эди.
Шундай қилиб, 19 январдан 20 январга ўтар кечаси Совет армияси бўлинмалари Бокуга кира бошлади. Озарбайжон тарихчиларининг фикрига кўра, бундан мақсад “Халқ фронти” партиясини мағлуб этиш ва Озарбайжонда Коммунистик партиянинг кучини сақлаб қолиш эди.
Совет армияси Бокуда чинакам қирғин ўтказди: камида 131 киши ҳалок бўлди, 744 киши яраланди.