1258 йил 10 февраль куни Ҳулагухон бошлиқ мўғуллар қўшини ислом халифалиги пойтахти, илм маркази Бағдод шаҳрини эгаллаган ва шаҳарнинг кулини кўкка совурган эди.
Керакли тайёргаликлар кўрилгач, мўғуллар 1257 йилнинг ноябрь ойида Бағдодга етиб келди. Ҳулагухон дастлаб халифа Муътасим Биллоҳга таслим бўлишни таклиф қилди, аммо халифа буни рад этди. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, халифанинг қўшини яхши тайёр эмасди ва шаҳарнинг мудофаа деворлари ҳам мустаҳкамланмаган эди.
Бағдод яқинига етиб келган мўғуллар икки қисмга бўлинди, шу тариқа икки асосий чиқиш нуқтаси тўсиб қўйилди. Қўшиннинг бир қисми Дажла дарёсининг ўнг қирғоғига, қолган қисми эса чап қирғогига жойлашди. Халифа қўшинларининг биринчи чиқиши ғалаба билан якунланди. Улар мўғулларнинг ўнг қирғоқдаги қисмларини чекинишга мажбур қилди, бироқ иккинчи ҳужум муваффақиятсиз якунланди. Аббосийлар қўшини қириб ташланди.
Жанглар 1258 йилнинг январь ойи охирига қадар давом этди. 29 январь куни Бағдоднинг ҳақиқий қамали бошланди. Айтиш мумкинки, Бағдод қамали ўша давр учун жуда қисқа давом этган қамал ҳисобланади. Мўғуллар 5 февралга келиб шаҳар деворларидан кирадиган ёриқлар очишга муваффақ бўлди. Халифанинг сулҳ борасидаги таклифлари рад этилди. 10 февраль куни шаҳар таслим этилди ва мўғуллар шаҳарга ғолиб сифатида кириб келди.
Шаҳарнинг қай тариқа вайрон этилгани ҳақида кўплаб тарихий манбаларда етарлича тасвирлар мавжуд. Шаҳардаги энг катта кутубхонаси минглаб китоблари билан бирга ёқиб юборилгани ҳақида тарихчилар афсус билан ёзиб қолдирган.
Мўғул босқини пайтида ҳалок бўлган аҳоли ҳақида турли манбаларда турлича маълумотлар келтирилган – бир неча ўн мингдан бир неча миллионгача қирилгани айтилган.
Ривоят қилинишича, сўнгги аббосий халифаси Муътасим Биллоҳ гиламга ўралган ва устидан то ўлгунча мўғулларнинг отлари юргизилган.