Исломий иқтисодий тафаккурнинг яна бир муҳим хусусияти – унда Аллоҳнинг ягоналиги (тавҳид) концепциясига асосланган инсон шахсиятининг бирлиги концепцияси акс эттирилишидир. Шунга мувофиқ инсон ҳаётининг барча қирралари: ахлоқий, интеллектуал, ижтимоий, тарихий, демографик ва сиёсий қирралари ўзаро бир-бирига боғлиқдир. Шунга боғлиқ равишда иқтисодий фанларни бошқа фанлардан алоҳида ажратиб ўрганиб бўлмайди. Мана шундай ёндашув токи шу бугунги кунимизга қадар мусулмон иқтисодчилари тадқиқотларида устуворлигини сақлаб келмоқда.
Мазкур асар иқтисодий масалалар бўйича меҳнат қилган барча мусулмон олимларининг қарашларини таҳлил қилишни ўз олдига мақсад қилиб олмаган. Асарда исломий иқтисодий тафаккур энг ёрқин намоёндаларининг қарашлари кўриб чиқиладики, улар ўз тадқиқотларида иқтисодий муаммоларнинг ўзига катта эътибор қаратганлар. Буюк имомлардан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг зукко шогирди Абу Юсуф асарлари қизиқарли бўлур эди. Унинг қаламига мансуб асарларда исломий солиққа тортиш тизими тўғрисида батафсил маълумот берилган.
Иқтисодий муаммолар ёритилган асарлари ила ном қозонган дастлабки мусулмон муаллифларидан бири атоқли фақиҳ Абу Юсуф[1] (731-798 мел.) ҳисобланади. Ҳанафий мазҳаби Абу Юсуфнинг саъй-ҳаракатлари эвазига мусулмон дунёси оламида кенг тарқалди.
Ўша давр мусулмон уламолари ва фақиҳларининг кўплаб асарлари каби Абу Юсуф асарларининг ҳам ўзига хос хусусияти фанлараро ёндашувдан фойдаланиш ҳисобланади. Моҳиятига кўра солиққа тортиш бўйича қўлланма ҳисобланган ўзининг машҳур асари “Китоб ал-харож”да, нафақат жон бошига солинадиган ва ер солиғини ундириш масаласи, балки ер ва сувлардан фойдаланиш, давлатни бошқариш, ҳаттоки жиноятлар ва жазоларга доир масалалар кўриб чиқилган.
“Китоб ал-харож” халифа Хорун ар-Рашиднинг буюртмаси бўйича Абу Юсуф томонидан Бош қозилик даврида ёзилган. Китоб халифа томонидан берилган саволларга жавоблар шаклида тузилган. Бу ўзига хос услубда, халифа номидан саволлар муаллифнинг ўзи томонидан шакллантирилган. “Китоб ал-харож”нинг ёзилишидан кўзланган асл мақсад - амалиётда давлат даромадлари ва харажатлари ўртасидаги мақбул мутаносибликни топишдан иборат бўлган. Абу Юсуф ўз асарларини ҳукмдорнинг фуқаролари олдидаги мажбуриятларини кўриб чиқиш талқинида ёзган. Шуни айтиш мумкинки, бу мавзуга бағишланган асарларни мусулмон давлатида кўплаб топиш мумкин эди. Исломнинг дастлабки даврларида солиққа тортиш масалалари бўйича 20 дан ортиқ китоблар маълум бўлган. Лекин бизнинг кунларгача фақат учтаси етиб келди. Мана шу хилдаги китобларнинг энг биринчиси уммавийлар халифаси Маҳдийнинг вазири Муовия ибн Убайдуллоҳ ал-Ашъарий қаламига мансуб бўлган.
“Китоб ал-харож” 550 га яқин ҳадисларни ўз ичига олган. Лекин Абу Юсуф Қуръон ва ҳадис қоидаларини оддийгина келтириб ўтмаган - у улардан ўзининг ҳуқуқий хулосаларини тасдиқловчи сифатида фойдаланган. Шу билан бирга, масалан, машҳур ровий Яҳё Ибн Одам (757-818)нинг “Китоб ал-харож” асари ҳадислар, фиқҳий қўлланма, ҳикматли иборалардан келиб чиқиб тузилган[2]. Муаллиф фақат айрим ҳоллардагина ўз фикрларини баён этган. Яҳё ибн Одамнинг асарида солиққа оид масалалар: ерларни солиққа тортиш масаласи, ерга бўлган эгалик ҳуқуқини ўрнатиш муаммолари, ердан фойдаланишни тартибга солишда номусулмонларнинг мавқеи ва бошқалар кўриб чиқилган. Яҳё ибн Одам томонидан келтирилган ҳадисларнинг фақат 40 тасигина олти обрўли ҳадис (сиҳоҳи ситта) ровийларининг китобларига киритилган. Шунингдек мазкур асарда бизнинг кунларда ҳам айрим мусулмон мамлакатларида амалда қўлланилаётган ерга эгалик масалаларига оид муҳим қоидалар баён этилган.
Исломий солиққа тортиш бўйича бизнинг кунларга қадар етиб келган яна бир асарнинг муаллифи Қудома ибн Жаъфар (864-932) “Китоб ал-харож” асарини ўша даврда (Аббосийлар халифалиги бошланиши) амалда бўлган солиқ тизимининг шариат талабларига буткул мос келишини исботлаш мақсадида ёзган эди. Лекин Қудоманинг асари ўзига хос мустақил асар бўлмай, Абу Юсуф ва бошқа фақиҳларнинг фикрлари ҳамда мулоҳазаларидан келиб чиқиб тузилган эди. Шунинг учун тадқиқотчилар аввало Абу Юсуфнинг “Китоб ал-харож”ига қизиқиш билдирадилар.
Халифаликда амалда бўлган кўп сонли солиқлар ва йиғимларни таҳлил этган Абу Юсуф давлат имкон қадар ўта оғир солиқларни ундиришдан ўзини четда тутиши лозимлиги, акс ҳолда, бу якунда давлатнинг таназзули ва ҳалокатига олиб келиши мумкин деб хулоса қилади. Айнан Абу Юсуф биринчи бўлиб солиққа тортиш учун кейинчалик намунавий бўлиб қолган тамойилларни таърифлаб берган: солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг солиқ тўлаш қобилиятини инобатга олиш, солиқ тўловчи учун қулай бўлган вақтда солиқ ундириш, давлатдаги солиқ органларини марказлаштириш ва бошқалар. Абу Юсуф ўша даврларда мусулмон дунёсида кенг тарқалган солиқ йиғиш ҳуқуқини ҳукуматдан сотиб олишга изчиллик билан қарши чиқиб келди. Олимнинг фикрича, давлат ўз фуқароларидан солиқ йиғар экан, улар хазинага қанча тўлашларидан қатъи назар, ижтимоий ҳимоя билан таъминлаш мажбуриятини олиши керак.
Омиллар (солиқ йиғувчилар) ва уларнинг уй-жойларини сақлаш, ҳосилни ўлчаш, халифанинг улушини ташиш, рўйхат ва қайдларни тузиш ҳамда бошқа мақсадлар учун олинадиган маблағлар Абу Юсуф томонидан маъқулланмаган.
Абу Юсуф томонидан айтиб ўтилган муҳим ғоялардан яна бири, барча миллат ва динга мансубларга нисбатан қонун талабларининг баробар қўлланиши тўғрисидаги қоида ҳисобланади, бунда исломнинг таянч тамойилларига путур етмаслиги лозим. Солиққа тортишда бошқа дин вакилларини камситишга йўл қўймасликни таъкидлаган Абу Юсуф, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг : «Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради» (Аҳмад ибн Ҳанбал (р. а), «Муснад») деган сўзларини далил қилган. Савдо ва молиявий масалаларда мусулмонлар фойдасига ҳеч қандай истисно бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги фикр халифаликнинг бошқа давлатлар билан амалий алоқаларини мустаҳкамлаган ва эркин савдони ривожлантириш имконини берган.
Баҳоларни шакллантириш масаласида Абу Юсуф баҳони Аллоҳ таоло ўрнатади, шунинг учун товарлар таклифини ўсиши паст баҳоларга, талабнинг ошиши эса ўз навбатида уларнинг баҳоси кўтарилишига олиб келмаслиги керак деган нуқтаи назарга таянган.
Абу Юсуф ижарачи ва ижарага берувчи ўртасида ҳосилни бўлишиб олиш тизимининг фаол тарафдори бўлиб, ижарачидан белгиланган ижара тўловлари ундиришнинг мавжуд амалиётини танқид қилган. Олим солиқларни ундиришда солиқ тўловчи томонидан у ёки бу солиқнинг ҳақиқатда тўлай олиши имкониятларини асосий масала сифатида кўриб чиққан, давлатнинг солиқ амалиётида солиққа тортишнинг прогрессив (тараққийпарвар, ўсиб борувчи) шкаласидан фойдаланишни таклиф этган.
Баъзан Абу Юсуф инқилобий таклифларни баён этган. Масалан, халифа Умар розияллоҳу анҳу томонидан яратилган солиққа тортиш тизимининг самарасиз эканлигини ишонч ила исбот қилган. Халифанинг исломдаги тутган ўрни ва обрўси инобатга олинадиган бўлса, буни амалга ошириш осон эмас эди.
Абу Юсуф харожни ўрнатилган ставка билан эмас, балки ҳосилни мутаносиб тизим (муқосама) асосида бўлиб олишни таклиф этган. Солиқ ставкаси ернинг хусусияти ва уни қайта ишлаш усулларига боғлиқ эди. Масалан, табиий йўл: ёмғир ёки табиий манбалар билан суғориладиган ерлардан олинган ғалла ёки арпа ҳосилининг 2/5 ёки 40%и тўланиши лозим бўлган. Шунга мувофиқ сунъий суғориладиган ерлардан олинган ҳосилнинг 15 ёки 30%и хазинага тушиши шарт эди. Ставка миқдори (15 ёки 30%) суғориш усули ва сарф қилинган харажатларга боғлиқ ҳолда ўрнатилган.
Бундан ташқари Абу Юсуф кўприклар ва тўғонлар қуриш, каналлар қазиш ва бошқа давлат маблағларидан фойдаланиб бажариладиган узоқ муддатли лойиҳаларни самарали амалга ошириш бўйича аниқ амалий таклифларни олдинга сурган.
Имом Абу Юсуф қаламига мансуб "Китоб ал-харож" асари 2021 йилда ўзбек тилига таржима қилинди. Китобни мамлакатимиз китоб дўконларидан, хусусан, "Азон китоблари" дўконидан харид қилиш мумкин.
Манба: «Ислом иқтисодий модели ва замон»
Муаллиф: Ренат Беккин
Таржимон: Ботирхўжа Жўраев
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2019 йил 5 февралдаги 586-хулосаси асосида тайёрланган.
[1] Абу Юсуфнинг иқтисодий қарашлари мусулмон олимлари А. А. Ислоҳий, М. Н. Сиддиқийларнинг асарларида батафсил кўриб чиқилган.
[2] Яҳё ибн Одамнинг “Китоб ал-харож” асари билан “Халифаликнинг тарихи бўйича хрестоматия” китобида танишиш мумкин. / Л. И. Нодирадзе томонидан таржима этилган ва тузилган. –Москва. ,1968.