Байрут ўт ўчириш бўлими ҳам яна бир қанча омборхоналарнинг қулаши мумкинлигини маълум қилган.
Ливан пойтахти Байрутда икки йил аввал содир бўлган портлаш оқибатида зарар кўрган дон омбори вайроналарининг бир қисми қулаб тушди.
Ливан президенти Мишел Ауннинг маълум қилишича, портдаги омборлардан бирида 2750 тонна портловчи аммиакли селитра сақланган.
Ливан жамоат ишлари вазири Али Хамиянинг айтишича, яна иккита омборхона исталган вақтда қулаши мумкин. Ҳеч қандай портлаш ёки заҳарли моддалар чиқмаган, ваҳимага сабаб йўқ, дея қўшимча қилди у.
Ливан Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Носир Ясин яқин атрофдаги ҳудудлар аҳолиси ниқоб тақиши кераклиги ҳақида тавсияларни эълон қилди. Чунки тузилмалар қулаган пайтда кўтарилган чанг билан бирга чириган дондаги замбуруғлар ҳавога тарқалиши мумкин. Воқеа жойидаги чанг таркибида асбест ёки бошқа заҳарли моддалар бўлиши мумкин, деб тахмин қилишга асос йўқ.
Расмийлар хавфсизлик нуқтаи назаридан энг яқин кўчаларни ёпди. Шунингдек, аҳолига деразаларни 24 соат давомида маҳкам ёпиқ ҳолда қолдиришни тавсия қилмоқда.
Ал-Арабия телеканалининг хабар беришича, охирги икки ҳафта давомида жазирама об-ҳаво сабаб Байрут портидаги улкан силосларда (кўп миқдорда қуйма ёки суюқ материалларни сақлаш учун идиш) 800 тонна ғалла ёниб кетди. Ўт ўчирувчилар силослар сақланадиган иншоотларнинг қулаб тушишидан қўрқиб, ёнғинни ўчирмаган.
Маълумот учун: 2020 йил 4 август куни Байрут порти яқинида юз берган кучли портлаш оқибатида 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, камида олти минг киши жароҳатланганди. Улардан 1000 дан ортиғи ногирон бўлиб қолган. Бундан ташқари, 300 минг киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган.