Мозамбик Республикаси – Африка жануби-шарқида жойлашган давлат. Пойтахти – Мапуту. Аҳолиси – 32,7 миллион киши. Португалиянинг собиқ мустамлакаси бўлган ушбу мамлакат Ҳинд океани қирғоғида жойлашган. Мозамбик шимолда Танзания, ғарбда Зимбабве, шимоли-ғарбда Малави ва Замбия, жанубда Эсватини ва ЖАР билан чегарадош. БМТ, Африка иттифоқи ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти аъзоси.
Давлат тузуми
Мозамбик – Президентлик республикаси тузумидаги давлат. Давлат бошлиғи 5 йил муддатга сайланадиган президент. 2015 йилдан буён Филипи Жасинту Ньюси президент ҳисобланади.
Мамлакат парламенти бир палатали бўлиб, 5 йил муддатга сайланадиган 250 депутатдан иборат.
Мустамлака даври
1498 йилда Васко да Гама бошчилигидаги Португалия экспедицияси Мозамбик ҳудудига кириб келган. Шундан кейин португаллар ушбу ҳудудларни ўзлаштиришни бошлади.
Мозамбик қирғоқларида XVI-XVII асрлардан бошлаб Португалия таянч пунктлари вужудга келади. Бу португалияликларнинг Ҳиндистон билан савдоси ривожланишида муҳим аҳамият касб этган. 1572 йилга қадар ушбу ҳудудлар Гоа губернатори томонидан бошқарилган.
1752 йилда Португалиянинг Шарқий Африкадаги мулклари расман Мозамбик колонияси деб эълон қилинган.
XIX асрга келиб Мозамбик қул савдосидаги энг муҳим давлатга айланди. Бу ерга Африка шарқи, шунингдек, Мозамбикдан тутиб келтирилган қора танли аҳоли Бразилияга қул сифатида сотилган.
XX аср бошига келиб, мустамлака маъмурияти колония бошқарувини Буюк Британия компанияларига беради.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европанинг бошқа давлатларидан фарқли ўлароқ Португалия ўз мустамлакаларига мустақиллик беришдан бош тортади. Аммо Африканинг бошқа давлатларида бўлгани каби Мозамбикда ҳам миллий-озодлик ҳаракати вужудга келади. Узоқ йиллик курашдан сўнг 1975 йилдагина бу давлат ўз мустақиллигини қўлга киритди.
Дин
Мозамбикда асосан христианлик ва унинг турли йўналишлари кенг тарқалган. Шу билан бирга Ислом динига эътиқод қилувчилар сони тобора ортиб бормоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакат аҳолисининг 18,9 фоизини мусулмонлар ташкил этади.
Ислом Мозамбик ҳудудларига 8-асрда кириб келган. Дастлаб асосан яманликлардан иборат бўлган савдогарлар жамоаси орқали дин Мозамбикка кириб келган.
Х асрда Али ибн ал-Ҳасан Шерозий бошчилигидаги Килва султонлиги вужудга келиши билан Мозамбикнинг соҳилбўйи ҳудудларида Ислом асосий динга айланди. Ўша даврда Софала порт шаҳри Яқин Шарқ ва Ҳиндистон билан савдодаги энг йирик шаҳардлардан бўлган. Ушбу порт орқали бошқа юртларга фил суяги, ёғоч, олтин ва темир экспорт қилинган. Килва султонлиги 1505 йилгача, яъни Португалия босқинига қадар Мозамбик ерларини назорат қилган. Умуман олганда, Португалия босқинига қадар Мозамбик шаҳарлари аҳолисининг мутлақ кўпчилиги Исломга эътиқод қилган.
Мамлакатда 1989 йилда коммунистлар ҳукмронлиги барҳам топгач, мусулмонлар масжидлар қуриш ҳуқуқини қўлга киритишди. Шунингдек, уларнинг вакиллари илк бор парламентга сайланди.
Ҳозирда Мозамбик Ислом Ҳамкорлик ташкилотининг фаол аъзоларидан бири
Қизиқарли фактлар:
– Мозамбик – байроғида “АК-47” автомати туширилган давлатлардан бири;
– 2005 йилда автоматни давлат байроғидан олиб ташлаш бўйича таклиф берилади ва бу борада махсус танлов ўтказилади. Аммо “АК-47” ўрнига таклиф қилинган тасвирларнинг барчаси мамлакат ҳукмрон партияси томонидан инкор этилади, натижада “Калашниов” ўз ўрнини сақлаб қолди.
– Мамлакатда фақатгина пойтахт Мапуту шаҳрида бир миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади;
– Африка давлатлари ичида энг кеч мустақилликни қўлга киритган;
– Португалия ҳукмронлиги даврида Мапуту шаҳри кўчалари совун билан ювилган;
– Жанубий яримшарда жойлашган давлатлар орасида айнан Мозамбик ҳудудида илк бор ўточар қурол қўлланилган;
– Африка қитъасидаги энг йирик ГЭС – Кахора-Баса жойлашган.
– Мапуту шаҳри вокзали ХХ аср бошида Гюстав Эйфель томонидан лойиҳаланган. Унинг биноси темирйўл станциясидан кўра, мис минорали саройни эслатади;
– 1986 йилга қадар Мозамбик Президенти рафиқаси бўлган Граса Машель 12 йилдан сўнг ЖАР президенти Нельсон Манделага турмушга чиқади. Шу тариқа у тарихда икки турли давлатнинг биринчи хоними бўлган ягона аёлга айланган;
– Мамлакатда мусулмонлар кўпчиликни ташкил этишига қарамай, улар асосан давлат шимолидаги Лурио ва Ровума дарёлари ўртасида истиқомат қилади;
– Мозамбик дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан бири, аҳолининг 40 фоизи қашшоқлик чегарасидан пастда яшайди;
– Одатда Мозамбик шаҳарларида ёқилғи қуйиш шахобчалари кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватда жойлашади.
Жаҳонгир тайёрлади